Қонун давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилишига хизмат қилади

12:05 31 Октябр 2025 Сиёсат
152 0

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Сенатнинг ялпи мажлисида “Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, хусусий сектор улушини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай инвестициявий муҳитни яратиш, давлат активларини хусусийлаштириш орқали хусусий мулкчиликни кенгайтириш юзасидан тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Шунингдек бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган объектларни, шу жумладан давлат иштирокидаги корхоналарнинг носоҳавий активларини хусусий секторга беришни жадаллаштириш мақсадида давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнлари соддалаштирилмоқда, бу борадаги тўсиқлар бартараф этилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 13 та қонунига ҳамда Ер ва Солиқ кодексларига давлат активларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага беришни соддалаштиришга, соҳада тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов, Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Сенаторлар ўз чиқишларида таъкидлаганидек, мазкур Қонун давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасини такомиллаштиришга, мазкур соҳадаги ваколатли органларнинг ваколатларини белгилаш ҳамда давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага бериш орқали хусусий мулкчиликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Қонунда давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган бўш ер участкаларига нисбатан туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарздорликлари бўйича тақиқлар татбиқ этилмаслиги, ушбу ер участкалари аукцион савдоларида сотилганида харидорларга тўсиқларсиз расмийлаштириб берилиши, ер солиғи ва мол-мулк солиғини давлат кўчмас мулк объектларини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган харидорлар томонидан мазкур объектлар учун тўланган маблағларга пропорционал равишда ҳисоблаш каби ўзгартиришлар ҳам назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексининг 9-моддасига киритилаётган қўшимчага асосан эндиликда халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўллари бўйида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуаларини ва сервис объектларини, жумладан жойлаштириш воситаларини, савдо-кўнгилочар марказларини мастер-режа асосида жойлаштириш бўйича бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори асосида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ер тоифасини бошқа тоифага ўзгартириш учун асос бўлади.

Қизғин муҳокамага сабаб бўлган ушбу Қонун давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш орқали хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва иқтисодиётда хусусий мулкнинг улушини янада ошириш имкониятларини яратади.

Мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?