Қўмита мажлисида долзарб қонунлар муҳокама қилинди

20:25 12 Февраль 2026 Сиёсат
358 0

Жорий йилнинг 12 февраль куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, фуқаролар ўртасида юзага келадиган низоли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида айрим шартномавий муносабатлар иштирокчиларининг масъулиятини ошириш чораларини кўриш, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликнинг принциплари тўла-тўкис рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишда иштирок этишга монелик қиладиган ҳолатларни белгилаш, шунингдек вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш зарурияти туғилмоқда.

Мазкур Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилганлиги ёки одометр ускунаси алмаштирилганлиги тўғрисида харидорни автотранспорт воситасини реализация қилишдан олдин хабардор этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, вояга етмаганлар иштирокидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришда педагогнинг ёки психологнинг иштирок этишига доир талаблар, махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш ҳақида илтимоснома киритишнинг янги тартиби назарда тутилмоқда.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, суд ишларини кўришда уларнинг руҳий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватланишига хизмат қилиши сенаторлар томонидан қайд этилди.

Шундан сўнг «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тузилмаси ҳамда давлат фуқаролик хизмати тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Қонунга мувофиқ эндиликда давлат хизматига биринчи марта қабул қилинаётган кадрлар билан меҳнат шартномалари дастлаб бир йил муддатга тузилиши ва фақат ижобий натижалар асосида узайтирилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, давлат хизматчилари учун мажбурий малака ошириш курслари жорий этилиб, прокуратура, божхона ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг бошқарув лавозимларига ўтишида уларнинг ижтимоий кафолатлари ва кадрлар захирасидаги ўрни сақлаб қолинади.

Қолаверса, Қонун билан ёшларга оид сиёсатда ҳуқуқий аниқлик киритилиб, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган (31 ёшга тўлмаган) шахслар ҳамда ёш оилаларнинг мақоми белгиланмоқда.

Бу каби ўзгаришлар норматив ҳужжатларни турлича талқин қилишга чек қўйиб, имтиёз ва давлат дастурларини қўллашда ягона ҳуқуқий амалиётни таъминлаши алоҳида таъкидланди.

Муҳокамалар якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?