«Қоч, самокат келяпти…» Энди йўлкаларда ҳам юрак ушлаб юрамизми?

10:37 22 Август 2024 Жамият
417 0

Элёр ҲАЙДАРОВ/«Халқ сўзи». Юриш-туриш, кийиниш, овқатланишнинг ўзига хос этика-эстетикаси, одоби бўлганидек кўча-кўйда ҳаракатланишнинг ҳам ўз тартиб-қоидалари мавжуд. Балки эслатиш кулгили туюлар, аммо ёддан чиқармаслик керак, йўллар ҳеч кимнинг шахсий мулки ёки «отасидан қолган мерос»и эмас, унда истаганингча ҳаракатланиш, айниқса бошқаларга халақит бериш, йўлини тўсиш, сўнгги пайтларда бот-бот такрорланаётган «фаросатсизликнинг олий даражаси» холос.

Энг ёмони, бундай пайтда кимни айблашга ҳам қийналасан киши. Хўш, ким айбдор? Уларга йўлларни равон қилиб, «ол, истаган уловингни мин» дея шароит яратиб бераётганларми ёки ундан қандай фойдаланишни билмаётган баъзи қўштирноқ ичидаги одамларми? Фикримча, айб кимдалиги кундай равшан. Энди эса бошқа савол ўртага чиқади: Бунинг чораси нима?

Кейинги пайтларда юртимизнинг тобора замонавий кўрк очиб бораётган марказий шаҳарлари, хусусан, пойтахтимиз Тошкентда турли русумдаги, имкониятлари кенг, экологияга зарар етказмайдиган, оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қиладиган электросамокат, скутер ва сигвейлар пайдо бўлди. Бу турдаги ҳаракатланиш воситаларининг сони аҳоли гавжум жойларда кундан-кунга ортиб бораётгани ҳам бор гап. Бошкентимизнинг кўчалари, қай гўшаси, қай жойига қараманг уларни учратасиз. Автобус бекатлари, истироҳат боғлари, турли савдо марказлари, концерт залию киносаройлар рўпарасида тизилиб турган, ҳозирда энг оммалашиб бораётган электросамокатларни кўриб, хаёлингиздан «Бир миниб кўрсаммикан, қанақа экана?» деган ўй кечади.

— Пиёдалар йўлакчасида электросамокатлар сабаб юрак ҳовучлаб юрамиз, — дейди йўловчилардан бири Маъмура Зоҳидова. — Олди-орқамиздан ғизиллаб, гоҳида уриб-туртиб, узр ҳам сўрамай, бемалол ўтиб кетишади баъзи бировлар. Айбни электросамокатга тўнкаш хато, уни минаётган одамнинг ақли ноқислиги ё ўзини кўрсатгиси келгани бунинг асосий сабабидир. Балки унга минишдан олдин талабгор маълум қоидаларга жавоб бериши кераклиги борасида огоҳлантириши, бунга риоя қилмаган пайтда маълум миқдорда жарима солиниши керакдир, тағин билмадим. Бизку майли, ёш бола билан кўча айланишга қўрқиб қолди одам, туртиб кетса, қаттиқроқ ерга йиқилса кимга додингни айтишни билмай қолаверасан киши…

Дарҳақиқат, электросамокат бошқарувчиларининг ҳаракати тартибга солинмаслиги аҳолининг саломатлигига хавф солади. Кўча-кўйда эътибор берсангиз уларнинг кўпчилиги мактаб ёшидаги ўспиринлар эканига гувоҳ бўласиз. Ваҳоланки, техникани бошқаришда ёш чегараси бор. Болалар ўзаро пойга ўйнаб, турли экстремал ҳаракатлар кўрсатаман, деб ўзи ва атрофдагиларнинг ҳаётини хавф остига қўяётгани, автомобиль йўлларига чиқиб кетаётгани ҳам ачинарли ҳолат.

— Электросамокатлар «Индивидуал ҳаракатланиш воситалари» гуруҳига кириб, 14 ёшдан кичик шахслар ёпиқ ҳудудлардан ташқарида бошқариши мумкин эмас, — дейди йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими Маткарим Ибодуллаев. — Спиртли ичимлик ичган, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёхуд кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида бўлган, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқ ва бетоблик ҳолатида бўлганлар ҳам худди шундай. Бир ёки бир нечта индивидуал ҳаракатланиш воситаларини шатакка олиш ҳамда тормоз тизими, руль бошқаруви, товушли ишораси, шунингдек, сутканинг қоронғи вақтида ёки кўриниш чекланган вазиятларда носоз фара чироқлари ёки фонарлар, орқа фара чироқлари ишламайдиган, нур қайтаргичлар билан жиҳозланмаган индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариш ҳам таъқиқланади.

Пиёдалар ҳаракатланиш қисми билан ёнма-ён велосипедлар юрадиган қизил йўлакда электросамокатлар ҳаракатланиши белгиланганига қарамай улар баъзан катта йўллар, баъзан йўлакнинг одамлар юрадиган жойида пайдо бўлишмоқда. Велосипедлардаги катта шиналар йўлда чуқурлар ва турли носоз жойдан ҳам ўтиб кета олади, бироқ электросамокатларчи? Бунга албатта уларнинг кичик балончалари йўл қўймайди. Қарабсизки, бирор нохуш воқеа содир бўлади, кимдир жароҳатланади, бирор жойи синиши, ёрилиши ҳам ҳеч гап эмас. Тан олиш керак, ҳали кўчаларимизда улар учун шароит йўқ, улар шунинг учун пиёдалар йўлагидан юришга мажбур. Пировардида улар одамларга халақит бера бошлайди… Эҳтимол, бу улов ҳаракатланиши учун махсус майдонлар қуриш ёки оммавий ҳаракатланиш ҳудудларда юриши тақиқлаш вақти келгандир...

Ҳар кеча ватанимизнинг йирик шаҳарларида тунги чироқлар оғушида ҳаёт қайнайди. Аҳоли ҳам кўпқаватли тор уйларидан ҳоли турли кўнгил очар масканларда оиласи, фарзандлари билан бўш вақтларни мазмунли ўтказиш учун ошиқади. Тунги шаҳар кўчаларида арзимаган чалғиш электросамокат бошқарувчисининг гавжум пиёдалар йўлакчасидаги кишилар ҳаётига хавфни оширса оширадики, асло камайтирмайди. Айниқса, ёш болали ота-оналар бу вақт хавфдан юрак ҳовучлаб юради.

Охирги вақтларда электросамокатлар ҳаракатини назоратга олиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Бу биринчи галда уларни ижарага берувчи тадбиркорларга боғлиқ бўлиб қолмоқда барибир. Биламиз, электросамокатларда улар айни пайтда қаердалигини кўрсатиб турувчи биолокация мавжуд бўлиб, фойдаланувчи уни ўғирламоқчи бўлса, тадбиркор томонидан ўчириб қўйилади. Балки, шу тизимни электросамокат бошқарувчилари пиёдалар йўлакчасида юқори тезликда юрганида, светофор ҳамда йирик автомобиль йўлларида нотўғри ҳаракатланганда ҳам қўллаб, автоматик ўчириб қўйиш керакдир… Касални даволагандан кўра, олдини олган маъқул, дейди доно халқимиз. Шуни ҳисобга олиб, ундан фойдаланиш учун махсус иловада турли тестлар, ёш бўйича қатъий чекловлар ўрнатилса мақсадга мувофиқ бўларди. Тўғри, бунинг учун ижарачи тадбиркорлар мўмай даромадининг бир қисмидан кечишига тўғри келади. Аммо, соғлик ҳаммасидан устун, кимдир ундан фойдаланиш чоғида бахтсиз ҳодисага учраса одамларда салбий фикрлар пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.

Ривожланган давлатлар тажрибасига назар солсак, йўл қоидасини бузган электросамокат бошқарувчисига қаттиқ чора қўлланади, жарималар белгиланган. Бизда ҳам ижарачилар ўз маҳсулотини йўлнинг турли жойларига жойлаштиргани ҳамда мижозларини йўл қоидалари билан таништирмагани учун шароит яратиб бергани учун қаттиқ чоралар қўлланса, кўча-кўйлардаги ҳолат бироз бўлсада тартибга тушарди.

Зеро, ҳар биримиз бехатар йўлларда юришни, ҳаётимизга хавф туғдирувчи омиллар бўлмаслигини, соғ-саломат уйимиз, оиламиз бағрига етиб олишни хоҳлаймиз. Бунинг учун албатта назорат кучайтирилиши шарт.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?