Қизилқумнинг ташриф қоғозига айланган ўтов

12:31 19 Март 2025 Жамият
110 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Азалдан Қизилқумда ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ миллатига мансуб кишилар чорва билан шуғулланиб келган. Чорвадорлар бир йилда уч-тўрт марта сурувини ҳайдаб, жойини алмаштиради. Албатта, бундай шароитда чорвадор учун тез йиғилиб, тез қуриладиган енгил бошпана муҳим. Шу мақсадда ўтовлардан кенг фойдаланилган. Қизилқумликлар уни қора уй ҳам дейишади.

— Ўтов кўчманчи туркий халқлар яшаш тарзининг асосий воситаси ҳисобланади, — дейди Конимех тумани ҳокимининг тил масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулдана Наринбетова. — Ташқи кўринишининг ўзи кенг дала узра осмон гумбазининг кўчирмасидек таассурот уйғотиб, кўчманчиларнинг озод руҳини ифодалайди.

Даладан офтоб иссиғи ва саратон шамоли жазирамасидан сўнг ўтов остонасидан ҳатлаган киши вужуди гўё жаннатга киргандек ором олади. Уй ичига айлана тортилган турфа ранг кийгиз ва қалин гиламлар кўз ўнгимизда баҳорий манзарани намойиш этади. Бунда йўл босиб ҳориган йўловчи ороми учун барчаси муҳайё. Дастурхонда миллий таомлар, қимиз ва шубат. Уй эгаси ким ва қайси миллат вакили эканлигига изоҳ шарт эмас. Хусусан, остонадан киришда чап томонда уй эгаси – эркак кишининг жиҳозлари жойлашади. Бу ерда от анжомлари, ов қуроллари ва мусиқа асбобларини кўриш мумкин. Ўнг томонда ўчоқ эгаси – аёлнинг рўзғор буюмлари, касаначилик қуроллари ўрин эгаллаган.

Хуллас, рўзғор учун керакли барча анжомлар шу тахлит ўз жой-жойини топганки минг-минг йил ўтса ҳам бу рўзғор тутуми ўзгармайди. Агар ўтовга рамзийлик берсак, унинг ички бўшлиғи осмон гумбазини, шанғироқ офтобни эслатади. Ўтов шанғироқ орқали осмон билан боғланади.

— Шанғироқ ўтовнинг энг хосиятли қисми. Номининг ўзи турли рамзий маъноларга ҳам нисбат беради, — дейди меҳнат фахрийси Мустафо Эгамқулов. -— Масалан «шанғироқ кўтарди» дегани оила қурди, йигитнинг азамат бўлганини англатади.

Аслида ўтов шанғироғи кўтарилаётганида ҳеч ким гапирмайди. Қадим ирим бу – улуғ иш бошида жимлик сақланиши шарт. Шанғироқ кулдировичи тўрт томонни англатса, унга бириккан увуқлар қуёш шуъласи гўё. Офтоб тиғи ва ёғин сочиндан ҳимояловчи кигизлар ана шу увуқларга ёпилади. Шу боис у пухта ёғочдан тайёрланади. Уйнинг бўсағаси эса шунчаки остонагина эмас, янги ҳаёт бошланиши ҳамдир. Шу боис янги ўтовни тиклашда иш аввало, эшик ромларини ўрнатишдан бошланади.

Чўлликлар удумида ёш оила ўтовини келин томон қуради. Эшикни йигит ўзи билан олиб келади. Мазкур урфда остонанинг қўриқчиси ким эканлигига ишора ётибди. Хонадон тўри барча халқларда бўлгани каби ўтовда ҳам қадрдон меҳмонники. Шунга қарамай, уларда ўзаро уй эгасидан тўрга чиқинг, деган илтифотни кутиш одати ҳам бор.

Ўтов қурилишидан тортиб, ичидаги барча жиҳоз ва безаклари қўл меҳнати билан яратилади. Кўзни қамаштиргудек турфа ранг гилам ва кигизларнинг ҳар бири ўзига хос. Чиройли безакли тасмалар, қурама кўрпа ёстиқлар, йигириш ва тўқима санъатнинг намуналари барча-барчаси қўл меҳнатининг мевасидир.

Чўлликларда «ўт боши, ўчоқ қоши» деган ҳикмат бор. Бунинг маъниси ўт боши эркак бўлса, ўчоқ қоши аёлларга тегишлидир. Дарвоқе, ўчоқ одатда ўтовнинг ўртасида жойлашади. Ундаги қозон ҳеч қачон бўш қолдирилмайди. Бунинг маъноси, биринчидан қозонни ҳимоялаш бўлса, иккинчидан қозон қайнаши тириклик, ҳаёт давомийлигининг рамзидир.

Ўтов тарихига разм солсак, қадимдан чорва билан машғул бўлган кўчманчи ота-боболаримизнинг асосий бошпанаси ёки чорвадорнинг иш қуролигина эмас, балки Йил боши каби байрамларнинг кошонаси ҳамдир. Қайси хонадонга кирманг, қўни-қўшнисиз олис овулдаги чўпон оиласи бўладими ёки марказдаги ишчи хонадонининг тўкин дастурхони Наврўз баҳона меҳмонни кутаётгани ёки ўтов тўла меҳмоннинг устидан чиқасиз. Наврўз дийдор — байрам баҳона кексалар кўнглини кўтариш айёми. Буларнинг бариси Наврўз кишилар кўнглида ҳам эзгулик ниҳолларини уйғотганидан далолат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер