Қизилқумдаги «Тош ўрмон» 95 миллион йилдан сўнг қайта жонланади
Фото: Халқ сўзи
Мутахассисларнинг фикрича, ҳаётий муҳитнинг тўсатдан йўқолиши жонли дунёнинг тошга айланишига сабаб бўлар экан. Шу тахлит тошга айланган дарахтлар ҳақида эшитгандирсиз? Бундай ҳолатларни Ер юзининг турли бурчларида, онда-сонда бўлсада, учратиш мумкин.

Қизилқумда, яъни Учқудуқ туманининг Мингбулоқ овулидан 30 километр шимолида жойлашган Жарақудуқ дарасида эса тошга айланган бутун бошли ўрмон мавжуд.
— Илмий фаразларга кўра, очиқ осмон остидаги ноёб палеонтологик ушбу музей - «Тош ўрмон» тахминан 95 миллион йил аввал ҳудуддаги чинор (платан) ва қирққулоқ (папоротник)ларнинг вертикал ҳолатдаги тошларга айланиши натижасида юзага келган, - дейди ўлкашунос олим Рамазон Эгамов. — Бу Тетис денгизи қирғоқлари ва унга келиб тушган метеоритлар билан боғлиқ, деган тахминлар ҳам бор. Айтишларича, коинотдан Ерга метеоритларнинг қулаши натижасида денгиз суви парчаланиб, бу ерлар юз йиллар давомида қуёш нуридан панада – чанг ва тўзон гирдобида қолади. Натижада барча физик жинслар кимёвий тарзда қоришиб, денгиз атрофидаги ўрмонзорлар, сувда ва қуруқликда яшаган ҳайвонлар тошга айланган.
95 миллион йил аввал пайдо бўлган «Тош ўрмон» ва унинг муҳитини жонлантириш режалаштирилмоқда. Республика Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 мартдаги «2022 йилда туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, чет эллик сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида ушбу ноёб геологик, палеонтологик, тарихий ва табиий объект ўрганилмоқда.

— “ Тош ўрмон» ҳудудида бўлган киши тарихий-табиий манзара - тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, дарахт кундалари, ҳаттоки ўрдакбурун, динозаврнинг тошга айланган болдир суякларини ҳам кўриши мумкин, — дейди Навоий вилоят ҳокими ўринбосари Саъдулла Мирзаев. — Буларнинг барчаси Қизилқум ҳудуди қачонлардир океаннинг бир бўлаги бўлганлигидан далолат беради.
Такрор бўлсада таъкидлаш жоиз, ҳудуддаги бутун бошли ўрмон нафақат йирик илмий манба, балки сайёҳлик индустрияси учун ноёб манзил ҳамдир. Зеро, бу каби мўъжизалар умуминсоният мулки, уни жозибадор манзилга айлантириш билан бирга кўз қорачиғидек асраш бугунги авлод учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг