Қишлоқ аёлларига электр сепараторлар топширилди — ФАО
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан «Ҳеч ким ортда қолмаслиги керак: Туркия ва Марказий Осиёда қишлоқ аёлларининг фаол иштироки ва имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида Бўстонлиқ туманидаги қишлоқ аёлларига сутни қайта ишлаш ускуналари (электр сепараторлар) топширилди. Қайд этилишича, бу қишлоқ аёлларининг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ўзига ишончи учун янги имкониятлар эшигини очади.
Ушбу ташаббус ФАО томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ташкил этилган қишлоқ аёлларининг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган семинарларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Ўтказилган амалий семинарларда иштирокчилар уй шароитида сутни қайта ишлаб, йогурт, кефир, творог, майизли творог, бринза каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўрганди. Тақдим этилган ускуна ушбу аёлларга ўз оилалари учун барқарор даромад манбаларини яратишга ёрдам беради.
«Қишлоқ хўжалигида аёллар ҳал қилувчи роль ўйнайдилар, аммо гендер тафовути уларнинг имкониятларини чеклаб, барча соҳаларда ривожланишини секинлаштирмоқда. ФАО фақат ўқитмайди — биз аёлларга ўз ҳаёти ва бизнесини ривожлантириш учун воситалар берамиз. Семинаримиз орқали иштирокчилар илғор билим ва кўникмаларни ўзлаштириш билан бирга, сутни қайта ишлаш учун зарур бўлган техникаларга ҳам эга бўлдилар. Бу шунчаки қўллаб-қувватлаш эмас — балки уларнинг агробизнесдаги ролини мустаҳкамлаш ва гендер тенглигини рағбатлантириш, қишлоқларининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшадиган ҳақиқий ўзгаришлар учун пойдевордир», дейди ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси катта маслаҳатчиси, лойиҳа раҳбари Доно Абдураззоқова.
Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш қишлоқ жойларда нафақат бандликни таъминлайди, балки муҳим даромад манбаи сифатида оилаларнинг турмуш даражасини яхшилайди. ФАО томонидан кўрсатилаётган ёрдам қишлоқ аёлларига янги технологияларни жорий қилиш имкониятини яратиб, уларнинг иқтисодий ҳолатини яхшилашга ва маҳаллий ҳамжамиятларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Ушбу лойиҳа ФАОнинг Марказий Осиёда гендер тенглигини ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиясининг бир қисмидир. ФАО келгусида ҳам қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлашни давом эттиради ва уларнинг иқтисодий фаоллиги ва, ўз навбатида, моддий фаровонлигини оширишга ёрдам беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Буюк шоирнинг Самарқанддаги табаррук излари
- Уруш, жасорат ва спорт: ҳафта давомида дунё эътиборини тортган 10 та сурат
- «Humans» Ўзбекистондан юзлаб миллион доллар зарарни қоплашни талаб қилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг