Қирғизистонда адабиётга бағишланган илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди
Яқинда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жойлашган Қирғиз-Ўзбек халқаро университетида «Комил инсон тарбиясида мумтоз адабиётнинг ўрни» мавзусида ташкиллаштирилган илмий-маърифий анжуман икки халқ маърифатпарварларининг эзгу мақсад йўлидаги чинакам юзлашиши бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директор ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов бошчилигидаги бир гуруҳ адабиётшунослар, илм-фан фидойилари иштирок этишди. Қирғизистон Республикаси миллий-маданий марказининг жанубий ҳудуди ташаббуси билан ўтказилган ушбу конференция иштирокчилари, асосан, икки халқ орасидаги қадимдан мавжуд илмий-ижодий муносабатлар, маданий-адабий алоқалар, келажакдаги истиқболли илмий-ижодий ҳамкорликлар хусусида ўзаро фикр алмашишди. Анжуманда дастлаб мазкур университет ректори иқтисодиёт фанлари доктори, академик Муҳаммаджон Мамасаидов сўзга чиқиб, келажакда Ўзбекистондаги кўпгина олий ўқув юртлари қатори Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан ҳам илмий-ижодий ҳамкорликни кучайтириш, ўзбек-қирғиз тилида янги дарсликлар яратишни давом эттириш, адабиётшунослик соҳасида илмий тадқиқотлар узлуксизлигини таъминлаш, муҳими, бу соҳада етук кадрлар тайёрлаш борасида ўзаро амалий ҳамкорлик қилиш масалаларига атрофлича тўхталди. Шундан сўнг икки давлатнинг кўзга кўринган олимларига сўз берилди. Айтиш жоизки, меҳмон ва мезбонлар томонидан билдирилган фикрлар ректорнинг мулоҳазаларига муштараклик касб этди.
— Қирғиз-ўзбек адабиёти ҳақида гап кетганда, аввало, кўз ўнгимизда биродарлик руҳи, бирликка ташналик туйғулари жўш уради, бир-бирига уйғун тил, қалбда кечган аллақандай ажиб ҳислар, томирларда оқаётган қоннинг гупуриб урушидан оға-инилик, дўстлик, қавмдошлик, фикрдошлик каби самимий муносабатлар орқали икки халқ бир-бирига кўзга кўринмас илоҳий ришталар билан нечоғлик мустаҳкам боғланганини ҳис қиламиз, — деди профессор Мақсуд Асадов мазкур анжумандаги нутқида. — ЮНEСКО эълон қилган инсониятнинг номоддий маданият мероси рўйхати таркибига киритилган «Манас»дай улкан достон қирғиз адабиётининг қадимийлигини бизга бир қадар исботлайди. Икки халқ адабиёти орасидаги муштараклик, ҳамоҳанглик ва ўзига хосликни биз ўзбек халқининг «Манас»дек қадимий бўлган «Алпомиш», «Гўрўғли», «Равшанбек» достонлари мисолида кўришимиз мумкин. Қирғиз ёшларида ўзбек мумтоз адабиётининг буюк намояндалари Навоий, Бобур, Машраб, Увайсию Нодира, Фурқату Огаҳий сингари ўнлаб сўз санъати вакиллари ижодига қизиқишни кўриб қувонамиз. Ўз ўрнида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, бизда ҳам Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодини ҳар томонлама чуқур ўрганиш масаласи адабиётшунос олимларнинг диққат марказида. Ўтган давр мобайнида бу борада жиддий илмий изланишларнинг олиб борилгани, йирик монография ва тадқиқотлар эълон қилингани Ўзбекистонда ўзига хос «айтматовшунослик мактаби» шаклланганидан далолат беради.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги Бош консуллиги масъул ходими Аъзамжон Абдурашидов ҳам иштирок этди. У келажак авлод тарбиясида адабиётнинг аҳамияти ниҳоятда беқиёс эканлигини таъкидлаб, икки халқ адабиётидаги кўзга кўринган мутафаккир шоиру ёзувчилар ижоди, илм-фан оламидаги янги изланишлар нафақат туркий халқлар маданий ҳаётида, балки жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, турли сиёсий-ижтимоий ва маданий ўзгаришлару жараёнларни англашда ёшларга ёрдам бериши борасида тўхталди.
Анжуманда ўзбек адабиётшунослигидаги ютуқлар, жумладан, Навоий, Бобур, Увайсий сингари мумтоз адабиётимиз дарғалари ижоди бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг ютуқ ва камчиликлари борасида баҳс юритилди. Мумтоз адабиётнинг энг сара асарлари таҳлилию талқини асносида комил инсонни тарбиялашдек муҳим масалада адабиётнинг ўрни ва вазифаси хусусида фикрлар билдирилди.
Қўшни Қирғиз Республикасида кечган сафар ва жойлардаги кичик адабий учрашувлар ўнлаб зиёлилар билан яқиндан танишиш имконини тақдим этди. Хусусан, педагогика фанлари номзодлари, доцентлар Равшанбек Турсунов ва Саидакбар Махсумхонов, Ўш шаҳридаги ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг услубий бирлашмаси раисаси Илтифот Отахонова, Муҳайёхон Холмирзаева, Малоҳат Пўлатхонова, Қосимжон Раҳмиев сингари бир қанча адабиёт муаллимларию ихлосмандлари ҳамда «Илҳом» ижодий клуби ижодкорлари ва талаба-ёшлари билан қизғин адабий, илмий баҳс-мунозаралар билан кечди. Тадбир давомида биз университет ҳузуридаги «Билим Ордо» дарсликлар яратиш маркази томонидан нашрга тайёрланган ўзбек тилидаги дарсликлар ва бу борада қилинаётган ишлар билан ҳам танишишди. Икки давлат олимларининг дарсликлар ишлаб чиқишга доир суҳбатлари ҳам асосан келажакдаги ҳамкорлик масалалари муҳокамасига бағишланди.
Буратоғда жойлашган қадимий музейга саёҳат, у ердаги бир қанча тарихий экпонатлар ҳам қизиқишларга сабаб бўлганини айтиш жоиз. Кўҳна маданият ўчоқлари бизга бу заминда ўтмишда мавжуд бўлган эътиқодлару турли илоҳий қарашлардан сўйлади. Айтиш жоизки, Сулаймон тоғ тепасидаги Бобур мирзо ҳужраси зиёрати мазкур сафарга ўзига хос мазмун бағишлади.
Шаҳноза РАҲМОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори
институти кичик илмий ходими.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг