«Қилса бўлар экан!». Президент Сайхунободдаги ислоҳотлар самараси ҳақида гапирди

16:49 04 Декабрь 2025 Сиёсат
53 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.

«Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя асосида амалга ошираётган ислоҳотларимиз натижаси барча вилоятлар қаторида Сирдарёдаги улкан ўзгаришларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Илгари асосан қишлоқ хўжалигига боғланиб қолган бу заминда саноат, сервис, туризм йўқдан бор бўлди, бизнес муҳити яхшиланиб, илғор тадбиркорлар синфи шаклланди», деди давлатимиз раҳбари.

Саккиз йилда Сирдарёга 4 миллиард доллар инвестиция киритилди. Бу даврда 187 та йирик қувватлар ишга тушди, 120 минг иш ўрни яратилди. 50 га яқин янги маҳсулот чиқариш йўлга қўйилиб, саноат 4 триллиондан 25 триллион сўмга етди.

Минглаб савдо-сервис объектлари ташкил қилингани натижасида хизматлар ҳажми 1,5 триллиондан 12 триллион сўмга ошди.

Олдин дотацияли бўлган Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Мирзаобод, Сайхунобод, Сирдарё ва Ховос туманлари харажатини ўзи қоплашга ўтди.

Сирдарё туманида келгуси йилда хитойлик ҳамкорлар билан автомобиль ишлаб чиқариш бўйича 122 миллион долларлик лойиҳа ишга тушади.

Яқинда Қозоғистон билан Сирдарё туманидаги Марказий Осиё халқаро саноат кооперацияси марказига старт берилди.

Ушбу марказ ҳудудида 300 миллион долларлик 14 та саноат корхонаси келаси йил 1-чорак якунида иш бошлайди, 2026 йилда яна 720 миллион долларлик 40 та янги лойиҳалар жойлаштирилади.

Ўтган йили томорқани ишга солиш, кичик саноат ва сервис орқали одамларнинг даромадини ошириш бўйича янгича ишлаш тизими Сайхунободдан бошланган эди.

Тумандаги 13 минг хонадонда томорқадан самарали фойдаланиш ҳисобига ойлик даромад бир неча баробарга кўпайди. Маҳаллалардаги 1,8 минг хонадонда 5-6 сотихли, яна 622 тасида 2-3 сотихли иссиқхоналар қурилди. Бир ярим йилда 700 та янги тадбиркор иш бошлади, 15 минг ишсиз доимий даромадга эга бўлди, 1,5 минг оила камбағалликдан чиқди.

«Қилса бўлар экан! Мана, энг «оғир» туманлардан бири бўлган Сайхунободда бугун ҳаёт, одамларнинг кайфияти қандай ўзгарганига гувоҳ бўляпсизлар», деди Президентимиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер