Қатортолдаги маданият маркази кўркам қиёфа касб этди

12:55 28 Март 2025 Жамият
126 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ёзёвондаги «Қатортол» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган маданият маркази кейинги йилларда таъмирталаб аҳволда эди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 350 миллион сўм сарфланиб, ушбу маскан замонавий мезонлар асосида тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

Шу тариқа тўгараклар хоналари, концерт зали бутунлай янгича қиёфага эга бўлди. Ҳозирда 5 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилиб, унга 45 нафар йигит-қизлар жалб этилди. Шунингдек, 400 ўринли концерт зали муҳташам кўринишга келтирилди.

— Айни пайтда туманда 2 та маданият маркази бўлиб, иккинчиси вақтинча ижарада фаолият кўрсатмоқда, — дейди Ёзёвон тумани маданият бўлими бош мутахассиси Азизхон Қодиржонов. — Мурожаатларимиз асосида туманда янги қад ростлаётган «Янги Ўзбекистон» массивида замонавий лойиҳа асосида маданият маркази қурилиши режалаштирилмоқда. Ишонамизки, яқин вақт ичида яна бир орзумиз амалга ошади ва мукаммал шароитда ишлаш имконига эга бўламиз.

Қатортолдаги марказда мунтазам равишда таниқли санъаткорлар иштирокида концертлар, театр томошалари, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар ўтказиб бориш кўзда тутиляпти. Бу туман аҳлига маданий ҳордиқ чиқариш учун айни муддао бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер