Қатар Европага табиий газ етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда
Қатар Европа Иттифоқининг компанияларнинг барча етказиб бериш занжирларини барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқлигини текшириш бўйича директиваси талабларига рози бўлмагани учун Европага суюлтирилган газ етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди.
Бу ҳақда “Welt” нашри Қатар давлат энергетика вазири Саад ал-Каабининг Бельгия ҳукуматига йўллаган мактубига таяниб ёзмоқда.
“Европа Иттифоқи етказиб бериш занжири директивасига қўшимча ўзгартиришлар киритиши керак, акс ҳолда Қатар давлати ва QatarEnergy бизнинг суюлтирилган газ ва бошқа маҳсулотларимиз учун янада барқарор ҳамда ишбилармонлик муҳитини таъминловчи Европа Иттифоқидан ташқаридаги муқобил бозорларни жиддий кўриб чиқишига тўғри келади”, — дейилади Бельгия раҳбариятига 21 май куни юборилган хатда.
Қатар энергетика вазирлиги раҳбарининг фикрича, Европа Иттифоқи директиваси Қатарда амалдаги қонунлар ва стандартларга аниқ номувофиқликлар ва зиддиятларни ўз ичига олади. У ҳар бир давлатнинг иқлим ўзгариши бўйича Париж келишувида мустаҳкамланган ушбу соҳадаги ҳуқуқига ишора қилади.
“Ишончим комилки, компаниялар ўз давлатларининг иқлим сиёсати ва Европа Иттифоқи қоидалари ўртасида танлов қилишга мажбурланмасликлари керак”, — деди Саад ал-Кааби ўз мактубида.
Мақолада айтилишича, Еврокомиссия ҳам тегишли мактуб олинганини тасдиқлаган ва Европа Иттифоқи доирасида вазиятни сиёсий йўл билан тартибга солиш устида иш олиб бормоқда.
Европа статистика идораси — Евростат маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида Қатар Европа Иттифоқига суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича 10,8 фоиз билан АҚШ (50,7 фоиз) ва Россиядан (17 фоиз) кейин учинчи бўлган.
Нашрнинг ёзишича, Россиядан ҳам, Қатардан ҳам импорт тўхтатилса, Европа Иттифоқи етказиб беришнинг чорак қисмидан кўпроғини қоплашга мажбур бўлади ва Европанинг бу соҳада АҚШга қарамлиги ҳам кучаяди.
2022 йил баҳорида эълон қилинган REPowerEU режасида Европа Иттифоқи давлатлари 2027-2028 йилларда Россия газ қувурларини босқичма-босқич тўхтатишни мақсад қилиб қўйган. Ўшандан бери Россия газ импорти таркибида кичик ўзгаришлар рўй берди: суюлтирилган газнинг улуши тахминан 40 фоизгача кўтарилди ва қувур газининг улуши тахминан 70 фоиздан 60 фоизгача камайди.
2023 йил май ойида Россия Ғарб Россиядан углеводородларни сотиб олишдан бош тортиб, жиддий хатога йўл қўйганини, нархларнинг ошиши туфайли у янги, кучлироқ қарамликка тушиб қолишини билдирганди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг