Қашқадарёдаги лаборатория халқаро аккредитацияни қўлга киритди

12:37 22 Май 2025 Жамият
216 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Дастлаб иштирокчилар Кўкдала тумани далаларида бўлишди. Бошқарма мутахассислари бу ерда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан лаборатория текширувлари учун намуналар олди. Шу ернинг ўзида ОАВ вакилларига полиз ва сабзавот маҳсулотларининг истеъмолга яроқли ёки яроқсизлигини аниқлаш учун ўтказиладиган лаборатория текширувлари, уларнинг аҳамияти, текширув учун намуналар олиш тартиблари ҳақида кенг тушунча берилди. Олинган намуналар Қарши шаҳридаги синов лабораториясига олиб келиниб, лаборатория текширувларидан ўтказилди.

— Бугунги кунда бошқармамиз тасарруфида санитария-гигиена, радиология, паразитология, бактериология ҳамда вирусология лабораториялари фаолият юритмоқда, — дейди Санепидқўмитанинг Қашқадарё вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Ботир Бобоев. – Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор натижасида ушбу лабораторияларимизнинг барчаси энг замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Натижада имкониятларимиз тубдан кенгайди.

Эътиборли томони, аввал мазкур лабораторияда ўтказилган таҳлиллар хулосаси фақат республикамиз миқёсида тан олинган бўлса, яқинда «ЎзДСт ИСО/ИЭC 17025:2019» талаблари бўйича халқаро аккредитация сертификатини ҳам қўлга киритди. Бу Санепидқўмитанинг Қашқадарё вилояти бошқармасининг 192 турдаги маҳсулотга халқаро мувофиқлик сертификатини бериш ваколатига эга бўлганини англатади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?