Қалин туман ҳайдовчилар масъулиятини синовдан ўтказувчи синовдир

14:23 12 Декабрь 2025 Жамият
112 0

Мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида туманли кунлар бошланди. Масалан, айни пайтда Андижон шаҳрида кўриш масофаси 100-150 метрни ташкил этмоқда. Асака, Бўстон, Шаҳрихон ва Улуғнор туманларида эса бу кўрсаткич янада паст. Ҳаттоки, 10-15 метрдан иборат ҳудудлар ҳам бор. Бу жараён табиийки, автомобиль ҳайдовчилари учун бир қанча ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

-Шаҳрихон туманидан Андижон шаҳригача бўлган масофада аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш билан шуғулланаман,-дейди “Дамас” автомашинаси ҳайдовчиси Ҳикматилло Раҳматуллаев. -Доимий йўловчиларимиз бор. Уларни ҳар қандай об-ҳаво шароитида манзилга етказиб қўйиш бурчимдир. Бироқ, туманли об-ҳаво шароитида бу борада бир мунча қийинчиликларга дуч келаман. Ана шундай пайтларда йўл чизиқлари мушкулимни осон қилади. Баъзан, ҳайдовчилар бир-биримизга кўмак берган ҳолда авария чироқларини ёқиб юрамиз. Бусиз илож йўқ...

Туманли ҳаво шароитида юзага келадиган асосий хавф вазиятни кеч англашдир. Кўринмас тўсиқлар, тўсатдан тормозланган автомашина ёки йўл бўйлаб ҳаракатланиб турган пиёдани кеч кўриш автоҳалокатлар хавфини оширади. Шунинг учун ҳайдовчи биринчи навбатда паст тезликда ҳаракатланиши ва ўз йўналишидан четга чиқмаслиги зарур. Туман вақтида тез юриш нафақат ҳайдовчи, балки атрофдаги барча иштирокчилар учун хавфлидир.

-Яқинни ёритиш фаралари ёқилган автомашина бошқаларга тезроқ кўринади, ҳаракат йўналиши равшан бўлади,-дейди вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта мутахассиси Абдумажид Раимжонов. — Айниқса, 10–15 метрдан ортиқни кўриш қийин бўлган ҳудудларда авария сигналларини ёқиб ҳаракатланиш тавсия этилади. Кўзгуларни мунтазам артиб туриш, олд ойнадаги йўлни тўсаётган парни тозалаш ҳам хавфсизликни оширади.

Андижон вилояти транспорт оқими кўплиги билан ажралиб туради. Маълумотларда қайд этилишича, вилоятда лицензияга эга бўлган моторли транспорт воситалари сони 9 мингтадан ортиқ бўлиб, уларнинг аксарияти шахсий ва йўловчи ташишда қўлланиладиган автомобиллардир. Андижон шаҳрининг ўзига бир кунда 120 мингдан зиёд автомашина кириб-чиқишини ҳисобга олсак мавзуга доир маслаҳатлар ва амаллар нечоғли муҳим эканлигини ҳис этиш мумкин. Зеро, бундай катта оқимда туманли кунларда автоҳалокатлар эҳтимоли янада ортиши мумкин.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фақат ҳайдовчининг ўзига боғлиқ эмас. Йўл инфратузилмасидаги белгиловчи чизиқларнинг равшан бўлиши, ёритиш қурилмаларининг ишончли ҳолати, йўл қоидаларини назорат қилувчи хизматларнинг жойлардаги ҳаракати ҳам аҳамиятга эга.

-Куз мавсуми туманли келишини инобатга олган ҳолда олдиндан тайёргарлик ишлари амалга оширилади,-дейди вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта мутахассиси Абдумажид Раимжонов суҳбатда давом этар экан. -Хусусан, йўл чизиқларини янгилаш, йўл белгиларини алмаштириш, постларда ходимлар томонидан назоратни кучайтириш йўлга қўйилди. Бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга ўтиш жойларида ҳайдовчиларга йўлдаги вазият юзасидан хабар қилинмоқда. Шунингдек, автомобилларнинг техник ҳолати назоратдан ўтказиляпти. Бу каби саъй-ҳаракатлар ҳайдовчилар сергаклигини ошириб, содир этилиши мумкин бўлган автоҳалокатларни 30 фоизгача қисқартириш имконини беради.

Қалин туман — табиий ҳолат. Аммо ҳар бир ҳайдовчи бундай кунларда масъулиятни икки баравар оширмаса, йўллардаги хавфни камайтириш қийин. Бир неча дақиқалик эҳтиёткорлик, маълум бир масофадаги тўхташ, ёритиш воситаларидан тўғри фойдаланиш инсон ҳаётини сақлаб қоладиган энг муҳим шартлардир. Унутманг, бундай вазиятда хавфсизлик, аввало, ҳайдовчининг ўзидан бошланади.

Саминжон ҲУСАНОВ, ”Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?