Қадриятлари боқий қишлоқ

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи. Нурота туманининг Сентоб қишлоғи сой ёқалаб қарийб ўн километрга чўзилган. Қишлоқнинг узоқ йиллик тарихига гувоҳ тепаликлардан кўтарилар экансиз, икки тарафдан босиб келаётган қоялар дара кўринишини ҳосил қилади. Улардан бири — «Баланди Умар» ҳудудида қоя тошларга ўйилган V-VI асрларга оид битик ва петроглифлар, янада юқорироқда кўҳна қўрғон қолдиқлари қишлоқ аҳлининг боқий қадриятларидан гувоҳ. Энг баланд нуқтада Фозилмон кўли жойлашган, бу ердан қишлоқ кафтдагидек кўзга ташланади.
Сентобда натурал рўзғор тутуми сақланиб қолган. Чорва ва чорбоғга эга бўлмаган оилани учратиш мушкул. Кундалик эҳтиёж учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларининг деярли ҳаммасини ўзлари етиштириб, ўзлари қайта ишлашади. Қишлоқ аҳли тоғ ва адирликлардан зиравор гиёҳлар ҳамда мумиё каби дориворларни териб, бозорга олиб чиқишади.
— Меҳмонхонамизга кўпроқ Франция, Бельгия, Германия каби мамлакатлардан меҳмон келади, — дейди «Сентоб-Шахи-Мустафо» хусусий корхонаси иш юритувчиси Мўътабар Бобоева. —Хорижлик меҳмонларнинг кўпчилиги қайта-қайта келаётганлигидан айримлари билан қадрдон бўлиб қолганмиз. Маъқул тушса керак, кетгиси келмай, икки-уч кун қолиб ҳам меҳмон бўлишади. Пиёда тоғ кезиб, қишлоғимиз тарихи, бугуни билан танишишади. Эрталаб сигир соғишни кузатадилар, ўзимизнинг ширчойни жудаям хуш кўришади. Пишиқчилик пайти тут шинниси тайёрлаш, ўрик қуритиш каби рўзғор юмушларида беихтиёр бизга қўшилиб кетишади.
Табиийки, бундай турмуш тарзи қишлоқнинг туризм жозибадорлигини таъминлаб, бугун Сентобда 20 та оилавий меҳмон уйи, 3 хостел фаолият кўрсатмоқда. Уларда 15дан ортиқ турдаги туристик хизмат йўлга қўйилган. Самарқанд шаҳрида UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида «Best Tourism Villages 2023 Awards» — 2023 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи номинацияси бўйича Сентоб қишлоғи ғолиб деб топилганининг боиси ҳам шунда.
Кафтдеккина қишлоққа Европанинг деярли барча мамлакатларидан сайёҳларнинг келиб-кетиши, энг аввало, Ўзбекистоннинг дунёга очиқлик сиёсати ва Республикада туризм индустриясига катта эътиборнинг самарасидир.
Нуротанинг атрофида айланган сайёҳнинг эътиборини унинг номи билан аталувчи тоғ тизмалари тортиши шубҳасиз. Айниқса, салобатли Оқтов ва унинг офтобрўй этакларидаги қишлоқларда «куйловчи» тошлар, «увилловчи» тепаликлар, «мусиқали» қоялар, «рангли» адирлар, «тебранувчи» харсанглар борлигини билса борми, ушбу ҳудудларга сайёҳ ёғилиб кетади. Айтайлик, Хатирчи туманидаги Сангижумон қишлоғида тебраниб турувчи улкан тош тебраниб, мувозанатини йўқотмаслиги билан ҳайратга солади.
— Бундай тошларни ер юзида Сангижумондан ташқари Буэнос-Айрес ва Қуддус шаҳарларида учратиш мумкин, — дейди ўлкашунос олим Рамазон Эгамов. — Уларнинг ҳар иккиси ҳам на ҳажм, на тебраниш амплитудаси жиҳатидан Сангижумон тошлари билан рақобатлаша олмайди. Яъни, тош вазни 280 тоннадан зиёд бўлиб, уни 12-14 ёшли ўспирин ҳам бемалол қимирлата олади.
Сангижумон 280 миллион йил аввал ер қаъридан кўтарилган суюқ ва қайноқ магматик жинслардан пайдо бўлган. Денгиз сатҳидан 800-900 метр баландликда жойлашган бу ҳарсанг дарани қоплаб ётган гранит тошларнинг йирик бир бўлаги холос. Масалан, сал нарида яна бир харсанг – Тешиктош бор. Пастки қисмидаги тешикдан бир одам зўрға ўтади. Унинг «Тешик тош» деб аталиши, гуноҳи кўп кишилар бу тешикдан ўтолмайди, дейилишининг сабаблари ҳам шунда.
Ушбу харсангдан 300-400 метр ғарбда баландлиги 2 метрдан зиёд замбуруғсимон ва кобрага ўхшаш тошлар ҳам мавжуд. Сангижумон қишлоғида юздан зиёд табиатнинг ноёб ёдгорлиги бўлган тошлар – «Чилдирматош», «Кабутартош», «Қизил эгартош», «Элчибайдукан», «Тегирмонтош»лар бағрига ўйиб ёзилган 6-7 минг йиллик тарихга эга петроглифлар қавмдошларимиз ибтидоий санъатининг нодир ёдгорликларидир.
Нуротадан шимолга тўғри тортилган йўл ўркач-ўркач барханлар орасидаги Дўнгалак овулига элтади. Кафтдеккина қишлоқ Конимех туманига қарашли бўлсада Нуротага анча яқин. Қишлоқда овул ва яқин атрофдаги чўпонларнинг болалари ўқийдиган 90 ўқувчи ўринли 27- мактаб фаолият юритади. Уни Японияда ҳам билишарди. Сабаби Қизилқум бўсағасида истиқомат қилаётган дўнгалакликларнинг турмуш тутуми, иродаси ва меҳмондўстлиги бироз илгари Айдаркўл соҳилидаги «Қизилқум сафари» туристик фирмасида дам олган япон сайёҳларига манзур бўлган. Борди-келди ҳамда урф-одат ва қадриятлар муштараклиги туфайли халқчил дипломатия кўприги ўрнатилди. Ҳамкорлик шу даражага етадики, япониялик волонтёр сайёҳлар Дўнгалакка саксовул экиш мақсадида қайта келишган. Улар дўнгалаклик мактаб ўқувчиларига япониялик тенгқурлари йўллаган совға-салом ва мактубни топшириб, Ўзбекистон – Япония экин майдонига асос солишади. Мазкур майдон Дўнгалак атрофидан танланиб, 4000 дона саксовул кўчати ўтқазилади. Сайёҳлар гуруҳининг раҳбари дўнгалаклик мактаб ўқувчиларига совғани япониялик тенгдошлари шоли экиб, унинг ҳосилидан олинган даромадлари ҳисобидан шакллантиришганлигини айтадилар.
Таъкидлаш жоиз, япониялик волонтёрларнинг саҳрода яшил водий барпо этиш лойиҳаси 2000 йил Хитойда бошланиб, 2011 йил Индонезия ва 2015 йил Маямида давом эттирилган. Ўзбекистон, айнан Конимех туманидаги Дўнгалак овулида лойиҳанинг амалга оширилишида 74 ёшгача бўлган волонтёрлар, шунингдек «Mitsubishi Cорпоратион»нинг Тошкентдаги ваколатхонаси вакиллари иштирок этишиб, бу тадбирдан «Қизилқум сафари» туристик фирмаси раҳбари ҳам четда туролмади.
— Ниҳоллар тўлиқ тутиб кетиши учун 100 метр чуқурликда қудуқ қазиб сув чиқардик, — дейди фирма раҳбари Воҳид Пирматов. — Саксовул уруғи сепилган майдон атрофини ўраб, туя, қўй-қўзилар пайҳон қилишидан иҳота қилдик. Япониялик дўстларимизнинг бу хайрли ишини асрашни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб ҳисоблаймиз.
— «Ўзбекистон-Япония дўстлик экин майдони» дея ёзилиб, ёнида икки давлат байроқлари чўл шамолида ҳилпираб турган ушбу манзил эзгуликнинг кўзгусидир. Халқимизнинг азалий қадриятларига ҳурмат бажо келтириб, Қизилқумнинг олис бир манзилида эзгуликнинг бир парчасини кўнгилларга муҳрлаб кетган япониялик дўстларимиз Дўнгалак кенгликларини, Айдаркўл соҳилларини, қалби саҳросидек кенг чўл одамларини яна соғинишлари шубҳасиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг