Президентнинг халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди

16:19 09 Июль 2025 Жамият
113 0

Иллюстратив фото

Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлатлараро шахсларни қидириш тўғрисидаги иккита халқаро шартномани тасдиқлаш қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарор 2010 йил 10 декабрдаги Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг Шахсларни давлатлараро қидириш тўғрисидаги шартномасига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги баённомасини тасдиқлади. Баённома 2024 йил 18 октябрда Москва шаҳрида имзоланган.

Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар этиб белгиланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари мазкур халқаро шартнома кучга киргандан кейин унинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Ҳукумати ва Франция Ҳукумати ўртасидаги реадмиссия тўғрисидаги битим тасдиқланди. Мазкур битим 2025 йил 12 мартда Париж шаҳрида имзоланган эди.

Таъкидлаш жоиз, реадмиссия бир давлат ҳудудида ноқонуний бўлиб турган ёки кирган шахсни ўз мамлакатига қайтариш бўйича икки ёки кўп томонлама келишув асосида амалга ошириладиган расмий жараёндир.

Бунда ҳам Ички ишлар вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди ва Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари мазкур халқаро шартнома кучга киргандан кейин унинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлаши белгилаб қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?