Пойтахт туманларида «Қайтарув гуруҳлари» фаолияти ташкил қилинади

15:49 27 Январь 2026 Сиёсат
388 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентимиз раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида юртимизда эътиқод эркинлиги Конституция билан мустаҳкамлангани ва диний бағрикенглик сиёсатини давом эттирилиши таъкидланди.

Бироқ бугунги кунда турли радикал ва экстремистик ғоялар ахборот технологиялари орқали ёшларимиз онгини заҳарлашга уринаётгани, фақат жазо ва тақиқ билан бу муаммони ҳал қилиб бўлмаслиги қайд этилди.

Мақсад – адашганни тўғри йўлга қайтариш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш.

Қайд этилишича, бундан буён пойтахтнинг ҳар бир туманида «Қайтарув гуруҳлари» фаолияти доимий асосда ташкил қилинади.

Ушбу гуруҳларга Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Тошкент ислом институти, «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти, Ўзбекистон Миллий университетининг етук мутахассислари жалб қилинади. Гуруҳ аъзолари моддий рағбатлантирилади.

Кибержиноятлар кундан-кунга кўпайиб, унинг турлари 18 тадан 62 тага чиқди. Айниқса, шахсий маълумотларни ўғирлаш, сунъий интеллект орқали овоз ва юз қиёфасини ўхшатиш, зарарли файлларни тарқатиш авж оляпти.

Ўзлаштирилган маблағлар криптовалюта шаклида четга чиқарилмоқда.

Буларни тезкор фош этиш ва тўхтатиш учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари кибертехнологиялар ва сунъий интеллектни мукаммал эгаллаши лозимлиги қайд этилди.

Шу боис, Ички ишлар вазирлигида кибержиноятчилик бўйича алоҳида департамент ташкил қилинади ва унга вазирнинг ўзи масъул бўлади.

Адлия вазирлигида кибержиноятчилик ва рақамли ҳуқуқ бўйича алоҳида бошқарма очилади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер