Озон туйнуги торайиб бормоқда, ҳадемай бутунлай ёпилади
Иллюстратив фото
Олимлар Антарктида тепасидаги озон туйнуги тобора кичрайиб бораётганини тасдиқлашди. Уларнинг фикрича, бу озон қатламини емирувчи моддалар ташланмаларини камайтириш бўйича дунё ҳамжамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли содир бўлмоқда.
Массачусетс технология институти мутахассисларининг янги тадқиқоти озон қатламининг тикланиш жараёни жадал давом этаётганини кўрсатди. Шунингдек, туйнук табиий об-ҳаво кескин ўзгаришлари ҳисобига эмас, балки айнан озон қатламини емирувчи моддалар ташланмаларининг камайиши ҳисобига торайиб боришини исботланган.
"95 фоиз ишонч билан айтиш мумкинки, қатлам тикланмоқда ва бу ҳайратланарли. Агар ушбу тенденция сақланиб қолса, Антарктида устидаги озон қатлами тахминан 10 йилдан кейин тўлиқ тикланиши мумкин", — дейди кимёгар Сюзан Соломон.
Озон қатлами — стратосферанинг Ер сиртидан 15 дан 30 километргача баландликдаги қисми ҳисобланиб, унда озон концентрацияси атмосферанинг бошқа қобиқларига қараганда юқори даражада бўлади. Бу қатлам сайёрамиздаги жамики тирик организмларни қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурлари таъсиридан асрайди.
Ўтган асрнинг 70-80-йилларида Антарктида устидаги озон қатламида улкан туйнук ҳосил бўлаётгани аниқланган. Озон қатламининг сийраклашиши хлорфторуглеродлар — синтетик бирикмалар билан боғлиқ бўлиб, улар бир вақтлар аэрозоль баллонлар, эритувчилар ва совитиш мосламаларида кенг қўлланилган. Ушбу бирикмалар стратосферага кириб бориб, озон молекулаларининг парчаланишини тезлаштирувчи хлор атомларини чиқаради. Озон қатлами асосан Жанубий қутб устида ўта паст ҳарорат, қутб стратосфера булутларининг мавжудлиги ва озонни емирувчи кимёвий моддаларни ушлаб қоладиган бошқа шароитлар туфайли емирилган.
1989 йилда 197 та давлат томонидан имзоланган Монреаль протоколи кучга кирди. У саноат ишлаб чиқаришида озон қатламини емирувчи моддалардан, шу жумладан, хлорфторуглеродлардан босқичма-босқич воз кечишни назарда тутади.
Сўнгги ўн йилликда озон туйнуги тобора кичрайиб бораётгани Монреаль протоколи бўйича мажбуриятлар самарали бажарилаётганидан далолат бермоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- ICCI 2026: Янги Ўзбекистоннинг қурилиш салоҳияти – ғоялардан кенг кўламли ечимларгача
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг