Ўзбекистоннинг хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлари халқаро форумда эътироф этилди

11:55 27 Август 2025 Жамият
118 0

25–26 август кунлари Улан-Батор шаҳрида Хотин-қизлар тадбиркорлигига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди. Унда 25 мамлакатдан 230 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Форумда гендерга йўналтирилган иқтисодий сиёсат, кадрлар бошқаруви, инвестиция жалб этиш ва рақобатбардошликни ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, шўъба йиғилишлари ва семинарларда замонавий бизнес дунёсида хотин-қизлар дуч келаётган муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Дастур доирасида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, молиявий манбаларга эга бўлиш имкониятларини кенгайтириш, рақамли трансформация жараёнларига уларни кенг жалб этиш ва барқарор иқтисодиётда хотин-қизларнинг ролини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистондан форумда Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова иштирок этди. У мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, минтақавий ҳамкорлик ва гендер тенглиги тамойилларини қўллаб-қувватлаш ҳақида маъруза қилди.

“Ўзбекистон хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш борасида халқаро ҳамкорлик ва конструктив мулоқот тарафдори. Биз тажриба ва ечимлар алмашишга, тинч ва фаровон келажак учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга доимо тайёрмиз”, – деди Махкамова.

Форум доирасида у Монголия Бош вазири ўринбосари С.Амарсайхан ҳамда Оила, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Т.Аубаки билан учрашди. Томонлар икки давлат ўртасида хотин-қизлар масалалари, оила институтини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш, улар учун қулай бизнес муҳитини яратиш ва тажриба алмашишнинг аҳамияти қайд этилди. Келгусида қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер