Ўзбекистон—Грузия ректорлар форуми ташкил этилади

Шу йилнинг 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев бошчилигидаги делегация Грузия Республикасининг таълим, фан ва ёшлар вазирининг биринчи ўринбосари Гиорги Модебадзе билан музокаралар ўтказди. Учрашувда, шунингдек, Грузия таълим, фан ва ёшлар вазирининг ўринбосарлари Бая Квициани ҳамда Тамар Гвамичава иштирок этди.
Учрашув давомида икки давлат ўртасидаги олий ва юқори даражада эришилган келишувларга асосан, олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида янги ташаббуслар илгари сурилди. Томонлар таълим ва фан йўналишидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини жорий этиш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ўзаро профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш бўйича фикр алмашдилар.
Учрашувда икки мамлакат университетлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Грузиядан уч нафар талаба Ўзбекистонда муваффақиятли таълим олаётгани қайд этилди. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети ва Грузиянинг Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва бу доирада коллекцион узумзор барпо этиш ҳамда «Узумчилик ва виночилик» йўналиши бўйича магистрантлар учун стажировкалар ташкил этиш режалаштирилгани таъкидланди.
Музокаралар натижасида Ўзбекистон ва Грузия ўртасида биринчи ректорлар форумини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу форум икки мамлакат академик ҳамжамиятлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш учун муҳим платформага айланишига ишонч билдирилди.
Шунингдек, Грузия абитуриентларининг Ўзбекистон олий таълим муассасаларига кириш жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди. Бу Ўзбекистон таълим соҳасининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ва таълим хизматларини экспорт қилиш йўналишида муҳим қадам бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг