Ўзбекистонга мигрантлар 6 ойда 8,2 миллиард АҚШ доллари жўнатди

2025 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистонга хорижда меҳнат қилаётган мигрантлар томонидан юборилган пул жўнатмалари ҳажми 8,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 миллиард долларга камайган бўлсада, баъзи мамлакатлардан келаётган пул ўтказмалари кескин ошгани қайд этилди.
Пул жўнатмаларининг асосий қисми — 78 фоизи, яъни 6,4 миллиард доллари Россиядан юборилган. Шунингдек, Жанубий Корея, АҚШ, Туркия, Буюк Британия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Литва каби давлатлардан ҳам сезиларли ҳажмдаги ўтказмалар амалга оширилган. Айниқса, ривожланган давлатлар улуши ортиб бормоқда — масалан, Буюк Британиядан келган пул жўнатмалари икки баробар, Европа Иттифоқи мамлакатларидан эса 41 фоизга ошган.
Мигрантларнинг жўнатмалари асосан банклар орқали амалга оширилган бўлиб, умумий ҳажмнинг 53 фоизи — 4,3 миллиард доллари шу йўл билан юборилган. Пул ўтказмалари тизимлари орқали 2,3 миллиард доллар ва SWIFT тизими орқали эса 1,8 миллиард долларлик жўнатмалар қайд этилган.
Шунингдек, валюта айирбошлаш бозорида ҳам жонланиш кузатилди. 2025 йилнинг биринчи ярмида жисмоний шахслар томонидан 7,4 миллиард АҚШ долларлик хорижий валюта харид қилинган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоиз кўп. Чет эл валютаси сотиш ҳажми эса 5,4 миллиард долларга етиб, 18 фоиз ўсди.
Замонавий банк хизматларидан фойдаланиш даражаси ҳам ортмоқда. Жисмоний шахсларнинг 58 фоизи валюта айирбошлаш операцияларини мобил иловалар орқали амалга оширган. Кунлик ўртача 247 мингта валюта операцияси қайд этилган бўлиб, бу рақамлар аҳолининг молиявий хизматларга ишончи ва қулайлигининг ошиб бораётганидан далолат беради.
Шу тариқа, Ўзбекистон иқтисодиётига четдан юборилаётган маблағлар аҳолининг даромад манбаларини диверсификациялабгина қолмай, банк тизими ва молиявий хизматлар тармоғининг фаол ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг