Ўзбекистондек футболсевар мамлакатда ишлаш катта шараф ва бу ўз ўрнида катта масъулият — Фабио Каннаваро

20:15 06 Октябр 2025 Спорт
224 0

Фото: ЎФА

Олдинроқ хабар берганимиздек, Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бугун Ўзбекистон Миллий футбол маркази Конгресслар залида янги мураббий ва ОАВ ходимлари ўртасида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Равшан Эрматов, ЎФА матбуот котиби Даврон Файзиев, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе ва янги мураббий Фабио Каннаваро иштирок этди.

«Аввало билдирилган ишонч учун миннатдорчилик айтаман. Ўзбекистондек футболсевар мамлакатда ишлаш катта шараф ва бу ўз ўрнида катта масъулият. Фақатгина миллий терма жамоама эмас, балки ёшлар, ўсмирлар жамоалари ҳам мундиалда иштирок этаётгани — бу Ўзбекистонда футболга берилаётган катта эътибор натижаси эканлиги билиниб турибди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг муваффақияти йўлида бор имкониятимни ишга соламан.

Бир ой аввал бу ерга ташриф буюрдим. Ўшанда ҳазил тариқасида ишлашга тайёрлигимни айтгандим, бу эса амалга ошди. Албатта, футболчиларни ҳам кузатдим, лекин машғулотларда бу яққол намоён бўлади. Бугун футболчилар билан кўришдик, улар орасида итальянча гаплашадиганлари ҳам бор. Мураббий ва футболчилар коммуникацияси жуда муҳим. Тимур Кападзе билан ҳам йиғинга чақирилган футболчилар борасида гаплашдик. Маҳаллий мутахассислар штабда бўлиши тарафдориман, бу мен учун жуда катта ёрдам беради. Футболчилар менталитети, мамлакат маданиятини тез ўзлаштириш зарур, шу сабаб Равшан Эрматовдан бу ҳақда ўзим ҳам илтимос қилдим», деди Фабио Каннаваро.

Шунингдек, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Каннаваронинг маоши борасидаги миш-мишлар ҳақида гапирди:

«Президентимиз­нинг шахсан қўллаб-қувватлаши натижасида футболимиз босқичма-босқич, тизимли равишда ривожланиб бормоқда.

Тўғри йўлга қўйилган ишлар сабабли, азалий орзумиз — Жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилди.

Янги мураббий билан 2+3 кўринишида шартнома имзоланди.

Фабионинг маоши 4 миллион евро эмас. Унинг ярми ҳам эмас. Томонларнинг келишувига кўра, аниқ қанча эканини айта олмайман», дея таъкидлади у.

Бундан ташқари Даврон Файзиев олдинроқ терма жамоамизга мураббий бўлиши мумкинлиги айтилган мутахассислар ҳақида қуйидагиларни қайд этди:

«Лёв соғлиги туфайли терма жамоамиз бошқарувига келмади. Педро билан музокараларни федерация тўхтатди. Билич, Терим ва бошқа ОАВда номи тилга олинган мураббийлар билан музокара ўтказилмади».

Терма жамоанинг собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе эса йил якунига қадар миллий жамоага ёрдам бериши ҳақида айтди:

«Жамоага омад тилайман. Ўзбекистон терма жамоаларида 4 йилдан зиёд фаолият олиб бордим ва ўйлайманки, уни муносиб бажара олдим. Янги бош мураббийга муваффақият тилайман.

Ушбу ва кейинги ўқув-машғулот йиғинида жамоага ёрдам бераман. Қолганини вақт кўрсатади».

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг октябрь ойидаги йиғини бугундан старт олиши белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?