Ўзбекистондан дуранг, Қирғиз Республикасидан яна ғалаба

18:58 23 Ноябрь 2025 Спорт
364 0

«CAFA кубоги» мусобақасининг 2-тур ўйинлари ортда қолди.

Бугун, 23 ноябрь куни Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси томонидан ўтказилаётган 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги «CAFA кубоги» мусобақасининг 2-тур ўйинлари якунланди.

Тур доирасида Ўзбекистон — Тожикистон ва Қирғиз Республикаси — Туркманистон ўйинлари бўлиб ўтди.

Турни бошлаб берган учрашувда Виктория Сирота бошчилигидаги Ўзбекистон U18 терма жамоаси турнирдаги иштирокини бошлади. Дастлабки ўйин Шаҳноза Деканбоева сардорлигидаги жамоага Тожикистон термаси рақиблик қилди.

Учрашувда «оқ бўрилар» тўла устунликка эга бўлишди ва баҳсда ҳисоб очилмади. Ўйин якунлангач, Тожикистон терма жамоаси сардори Шаҳзода Очилдиева учрашув қаҳрамони деб топилди.

Ушбу футболчи ўйин якунида «Халқ сўзи» нашри мухбирига кичик интервью берди:

— Ассалому алайкум, Шаҳзода. Ўйин ҳақида фикрларингизни билдириб ўтсангиз?

— Ассалому алайкум. Иккинчи турдан кейин 4 очко билан гуруҳда етакчи бўлиб турибмиз. Бундан хурсандмиз. Тожикистон мамлакати бу вақтга қадар бундай мусобақаларда натижа қайд этиб юрган мамлакат эмас. Шу учун алоҳида хурсандмиз.

— Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида нима дея билсангиз?

— Терма жамоангиз жудаям кучли. Бугунги ўйин уларнинг устунлиги остида ўтганини тан олиш керак. Келгуси баҳсларда Ўзбекистон U18 терма жамоасига омад тилайман.

— Ўйин давомида Тожикистон терма жамоаси вакиллари кўп вақт чўзишгандек туюлди. Бу ҳақда нима деясиз?

— Йўқ, йўқ, йўқ. Биз вақт чўзиш учун ўйнамадик. Кўрган бўлсангиз, ҳар бир тўқнашувдан сўнг термамиз футболчилари жароҳат олишди. Бунга кўпроқ Ўзбекистон термасининг анча кескин ўйнагани сабаб бўлди, менимча. Лекин биз онгли равишда вақт чўзишга ўйнамаганмиз.

Тур доирасида ўтказилган иккинчи ўйинда эса Қирғиз Республикаси ўсмирлари терма жамоаси Туркманистон билан куч синашди. Баҳс 1:0 ҳисобида Қирғиз Республикасининг ғалабаси билан якунланди. Ўйинда киритилган ягона голга Сайкал Чунубоева муаллифлик қилди.

Шу тариқа 2 тур якунига кўра, 6 очко жамғарган Қирғиз Республикаси ўсмирлар терма жамоаси мусобақада етакчи бўлиб турибди. 4 очко жамғарган Тожикистон термаси иккинчи ўринда, 1 очкога эга Ўзбекистон U18 терма жамоаси учинчи ўринда бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U18 терма жамоаси кейинги ўйинини 25 ноябрь санасида ўтказади. Ушбу баҳсда Виктория Сирота бошчилигидаги жамоага Туркманистон ўсмирлари рақиб бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?