Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарих, бугун ва келажак туташган улуғвор манзилга айланади
Тарих зарварақларига муҳрланган 2025 йилнинг сўнгги кунлари муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси ва унда кўтарилган долзарб масалалар билан ҳам ёдимизда қолди.
Мазкур мурожаатномада ўтган йилда босиб ўтилган йўл, қўлга киритилган ютуқлар, амалга оширилган вазифалар, шу билан бирга жорий йилдаги режаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Залворли қадимлар, улуғвор режалар...
Дарҳақиқат, ўтган 2025 йил барчамиз учун ниҳоятда баракали, маҳсулдор бўлди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ўтган йилни кутилмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган таҳликали бир вазиятда якунладик. Шунга қарамай, ўтган йил халқимиз, Ватанимиз учун эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Ўтган йилда тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошди. Жумладан, экспорт миқдори 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етди. Иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона кўтарилиб, дунёнинг топ-10 та мамлакати қаторидан жой олди. Ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди.
Булар шунчаки рақамлар эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда ҳар томонлама юксалиб бораётганининг яққол далилидир. Албатта, моддий фаровонлик, ҳар бир жамиятнинг маънавий ва маданий тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бугун пойтахтимизда муҳтарам Президентимиз ғоя ва ташаббуслари асосидаги мегалойиҳа — ўз услуби ва йўналишига кўра ягона бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилгани ҳам бевосита иқтисодий фаровонлик даражаси билан боғлиқ десак, хато бўлмайди.
Бундан, тўққиз-ўн йиллар илгари салкам ўн гектарлик ҳудудда, 50 минг квадрат-метрга яқин умумий фойдаланиш майдонига эга бўлган муҳташам мажмуани қуришни тасаввур ҳам қилолмасдик. Ўтган давр мобайнида ушбу бино қад ростлаши баробарида унинг контентини бойитиш, Марказга буюк аждодларимиздан қолган бебаҳо бойликларни қайтариш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Олимларимиз, тадқиқотчиларимиз томонидан Марказ фаолияти билан алоқадор юзлаб илмий лойиҳалар тўлиқ молиялаштирилди.
Бинобарин, ўтган йилдаги барча иқтисодий кўрсаткичлар (ЯИМ, экспортнинг ўсиши, инвестициялар) Ўзбекистоннинг нафақат иқтисодий кўламини, балки унинг сифатини ҳам оширганини исботлайди. Бундай барқарорлик ва ўсиш, Ватанимизнинг ўзига хос цивилизацион йўлини танлаганидан дарак беради. Моддий фаровонлик орқали яратилган имкониятлар эса, бизга Ислом цивилизацияси маркази каби муҳташам маънавий хазиналарни асраб-авайлаш, уни дунёга танитиш ва ёш авлодга илм-маърифат асосида тарбия бериш учун куч беради. Демак, иқтисодий юксалиш – маънавий юксалишнинг залворли ва мустаҳкам шартига айланган.

Ақл-тафаккур маркази
Маълумки, бундан тўққиз йил бурун Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан ташкил қилинган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўтган давр ичида халқаро миқёсда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик ва маърифатпарварлик моҳиятини кенг миқёсда намойиш эта оладиган йирик илмий-маърифий муассасага айланди.
Ўтган йили пойтахтимизда ушбу марказнинг муҳташам биноси қурилиши ўз якунига етди. Президентимизнинг топшириқлари асосида Марказ контентини бойитиш, унинг концепциясини мустаҳкамлаш, халқимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини намоён этиши учун хорижга чиқиб кетган бойликларимизни қайтариш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилди. Давлат раҳбарининг таъбири билан айланганда “бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур”.
Ислом цивилизацияси маркази нафақат исломий ва маданий мероснинг муносиб хазинабони, балки халқаро майдондаги йирик илмий ва маънавий марказга айланди.
Президентимиз ўтган йилнинг ўзида Марказга беш маротаба ташриф буюриб, қимматли маслаҳатлар, йўлиқ-йўриқлар ва тавсиялар бердилар, музей концепциясини яратишда фаол қатнашдилар. Ана шу тавсиялар асосида “Қуръони карим зали”, “Исломга аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс ва ўзбек хонликлари”, “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс” экспозициялари тўла шакллантирилди.
Дунёнинг юқори мартабали меҳмонлари – Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарлари, шунингдек, Сербия, Финляндия, Парагвай, Бошқирдистон Президентлари ташрифлари давомида Марказ нафақат миллий, балки халқаро майдонда ҳам бетакрор мегалойиҳа даражасига кўтарилгани эътироф этилди.
Ўтган йил ноябрда Ислом цивилизацияси марказига Усмон Мусҳафини олиб келишдек муқаддас аҳамиятга эга воқеа фақат расмий маросим эмас, балки маънавий меросга эҳтиромнинг чуқур рамзига айланди.
Рақамлар сўзлаганда...
Марказимизда йил давомида “Цивилизациялар – шахслар – кашфиётлар” ғояси доирасида 800 дан ортиқ илмий ва инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилди, уларнинг биринчи босқичида 325 та лойиҳа амалга оширилди. Бу лойиҳаларга 2 000 дан ортиқ маҳаллий ва 100 дан ортиқ хорижий олимлар жалб қилинди.
Ўтган йилнинг ўзида Марказ музейи экспозицияларида жами 1 530 та экспонат тақдим этилган бўлса, улар орасида факсимиле қўлёзмалар, тарихий хариталар, археологик топилмалар алоҳида ўрин тутади. Шунингдек 64 та макет, 215 та видеоролик, 153 та электрон панел, 25 та аватар, 11 та интерактив ўйин ва 6 та иммерсив шоу экспозициялардан ўрин олди. Бу экспонатлар музейнинг илмий тадқиқот фаолиятини ва Ўзбекистоннинг бой маданий меросини ўрганишга бўлган фаол интилишларни ўзида акс эттиради.
Музей экспозициясини шакллантириш ва бойитиш учун ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан яратилган имкониятлар сабаб, “Sothebyʼs”, “Christieʼs” ва “Bonhams” аукцион уйлари, йирик коллекционерлар ва арт-дилерлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Йил давомида аукционлардаги 154, коллекционерлардан 589 экспонат қабул қилинди.
Марказ музейига жами 100 дан ортиқ артефактлар мартабали меҳмонлар, халқаро ҳамкор ташкилотлар ва бошқа ташриф буюрувчилар томонидан ҳадя қилинди. Хусусан, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйимча Бутунжаҳон жамияти томонидан Марказ музей экспозицияси учун 494 та артефакт беғараз тақдим этилди.
Марказ кутубхонаси фондига 5000 га яқин адабиёт келтирилди. Шунингдек, хорижий давлатлардаги музей ва кутубхоналардан учун 16 номда даврий нашрлар обунаси йўлга қўйилди. Маҳаллий ва хорижий нашриётлардан имконияти чекланган шахслар учун 762 та янги махсус адабиётлар харид қилинди. Кутубхонамиз фондидаги “Шарқ ва Ғарб коллекцияси”дан 400 та нодир адабиётлар рақамлаштирилди, 30 000 та китобга электрон чиплар ўрнатилди. 2 000 дан ортиқ китобга илмий техник ишлов берилди ва IRBIS дастурига киритилди. Марказ кутубхонасига замонавий кутубхоначилик амалиёти талабларига мос 30 та махсус ускуналар ўрнатилди.
Марказнинг қуйи қаватида Британиянинг “1001 Discoveries” компанияси билан ҳамкорликда махсус болалар ҳудуди ташкил этилди.
Марказнинг кенгайтирилган илмий кенгаши ўтган йилда 33 та йиғилиш ўтказиб, музей фаолиятини такомиллаштириш, музей концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, коллекциялар тўплаш ва ҳисобга олиш, экспонатларни сақлаш ва реставрация қилиш, молиялаштириш ва ресурслар билан таъминлаш каби муҳим масалаларни муҳокама қилди.
Шунингдек, марказимиз ходимларининг илмий изланишлари маҳсули бўлган 70 дан ортиқ китоб нашрга тайёрланди. Руи Гонсалес де Клавихонинг “Амир Темур салтанатига саёҳат кундалиги”нинг ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги махсус безакли нашри, “Самарқандга олтин йўл”, “Шарқ миниатюрасида тарихий шахслар” сингари китоб-альбомлар шулар жумласидандир.

Дунё нигоҳида ва эътиборида...
2025 йил давомида Марказ халқаро мулоқот, маданий ҳамкорлик ва илмий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган платформa сифатида фаолият юритди.
Марказ ўтган йилда Франциянинг халқаро “Aвиценна” мукофотига сазовор бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўтган йил давомида Европа ва араб дунёсига қилган хорижий сафарларимиз ҳам кутилган самараларни бераётир. Шунингдек, ҳисобот даврида 40 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди, Малайзияда ўтган давра суҳбати, Буюк Британияда ўтказилган 2 та кўргазма, 5 та тақдимот ва 50 дан ортиқ онлайн мулоқотлар, Эрон Миллий кутубхонасида Марказимиз хонасининг очилиши шу жумласидан.
2025 йил 29 августда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Марказга навбатдаги ташриф чоғида қурилишнинг охирги босқичи, ички безак ишлари, заллар ва мавзувий экспозициялар билан танишиб, зарур кўрсатмалар бердилар.
26-27 сентябрь кунлари “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзусида халқаро экспертлар форуми бўлиб ўтди, унда 25 та мамлакатдан 100 га яқин экспертлар иштирок этди. 13-15 ноябрь кунлари “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусида халқаро конгресс ўтказилди, унда 170 та хорижий эксперт, жумладан, маданият вазирлари, фанлар академиялари президентлари, Бадиий академиялар, Ёзувчилар уюшмаси раислари, кутубхона ва музей директорлари қатнашди.
Мазкур анжуман кунлари Марказий Oсиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви доирасида Марказни Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан бирга Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Республикаси Президентлари Илҳом Алиев, Қосим-Жомарт Тоқаев, Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон ташриф буюришди. Давлат раҳбарлари “Қуръони карим зали” ва цивилизацияларга оид экспозициялар билан танишиб, Ўзбекистоннинг умумий маданий-тарихий меросни сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар. Ушбу давлат раҳбарлари иштирокида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан таъсис этилган “Келажак мероси” халқаро мукофоти Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг илм-фан, маданият ва санъат соҳасида юқори натижаларга эришган вакилларига тантанали топширилди.
БМТ Бош котибининг самимий эътирофи
2025 йил 14 – 16 декабрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Цивилизациялар альянси (UNAOC) нинг ХI Глобал форумида мамлакатимизда маданий меросни ўрганиш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар яна бир бор халқаро миқёсда эътироф этилди.
БМТ Цивилизациялар альянсининг 20 йиллигига бағишлаб ташкил этилган форум “Кўпқутбли дунёда инсоният бирдамлиги йўлида мулоқот орқали ўзаро ҳурмат ва англашувнинг янги даври” шиори остида ўтди.
Форум доирасида Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ISESCO), Жаҳон мусулмонлар лигаси раҳбарияти, шунингдек, Саудия Арабистонининг етакчи академик ва маданий муассасалари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Ушбу мулоқотлар чоғида Марказ очилиш маросимида мазкур ташкилотлар вакилларининг иштирокини таъминлаш, қўшма илмий-тадқиқот, таълимий ва нашриёт лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, халқаро ҳамкорларнинг Марказ ҳузурида институционал иштирокини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро гуманитар ва илмий-маданий платформа сифатидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаган эди. 2026 йилда БМТ билан ҳамкорликда мазкур Марказ ҳамда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказларининг кенг қамровли тақдимоти ўтказилиши режалаштирилгани ҳам ана шу изчил сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди.
Форум доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан бўлиб ўтган учрашув эса тадбирнинг сиёсий-дипломатик аҳамиятини янада оширди. БМТ раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юксак баҳо бериб, мамлакат раҳбарининг халқаро майдондаги ролини алоҳида таъкидлади.
“Сизнинг Президентингиз Шавкат Мирзиёев — буюк ва нуфузли раҳбар бўлиб, у БМТнинг олий минбаридан мулоқот, маърифат ва ўзаро ҳурмат ғояларини изчил илгари сурмоқда”.
Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан БМТ Цивилизациялар альянси ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланди.
Бу ҳужжат том маънода Ўзбекистоннинг цивилизациялар мулоқоти соҳасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро даражада эътироф этилаётганининг ёрқин далилидир.

Ҳамкорлик самаралари
2025 йилда марказимиз экспозицияларини бойитиш учун маҳаллий ва хорижий ширкатлар, хусусан, “Magister Art”, “Outdoor Factory”, “Sila Sveta”, “Планета 9”, “Inter Steller” компаниялари жалб қилинди. Музей экспозицияларини ва уларнинг шакллантирилишини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш учун Франциянинг Лувр музейи, Британия музейи, Доҳадаги Ислом санъати музейи каби жаҳон музейларидаги тажрибалардан фойдаланиш мақсадида Франциянинг “Avesta Group” компанияси мутахассислари жалб этилди. Илмий-инновацион лойиҳалар, музей экспозицияларида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари, халқаро ҳамкорлик ва хорижий меҳмонлар ташрифига доир 3000 дан ортиқ материаллар тайёрланиб, Марказнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларда ҳамда веб-сайтида, шунингдек, маҳаллий ОАВ ларида эълон қилинди.
Қадимий ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш лабораториясини яратиш ва унинг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Россия Давлат Эрмитажи музейидан махсус экспертлар жалб этилди. Ўтган вақт мобайнида 1 500 дан ортиқ қадимий артефактлар консервация ва реставрация қилинди.
Ўтган йилда Президентимиз топшириқларига биноан Марказ ходимлари Самарқандда Имом Бухорий инновацион музейини шакллантириш ишларида ҳам фаол иштирок этди. Давлат раҳбарининг бевосита раҳбарлиги остида ва Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Халқаро исломшунослик академияси ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда музей экспозициясини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилди.
Ниятлар мўл, мақсадлар улуғ...
Жорий йилда ҳам марказимиз томонидан бир қатор муҳим ишларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, Марказнинг минтақамиз ва дунёдаги йирик гуманитар муассасалардан бири сифатидаги позициясини мустаҳкамлаши белгиланган.
Яқин кунларда Марказининг барча ҳамюртларимиз учун очилишига тайёргарлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ҳамюртларимиз, хорижий меҳмонлар, олимлар ва тадқиқотчилар, сайёҳлар ва экспертлар учун хизмат кўрсата оладиган маданий, илмий-маърифий марказга айлантириш учун барча чоралар сафарбар этилмоқда.
Шунингдек, 2026 йилда Марказ янги авлод музейи муҳитини шакллантиришга эътибор қаратади. 50 минг сақлаш бирлигига мўлжалланган микроиқлим тизимига эга энг йирик фонд сақлов мажмуаси яратилади. Тез кунларда марказ фонди учун 1,5 миллион ҳужжатни рақамлаштириш, ички ҳужжат айланмасини электрон форматга ўтказиш ва ягона билимлар фондини яратишни таъминлайдиган АРК рақамли бошқарув тизими ташкил этилади. VR/AR экспозициялари ва 3D реконструкциялари ишлаб чиқилади, музей ташрифлари тўлиқ мультимедиа моделига ўтади, мобил иловалар орқали навигация, бир неча тилда аудиогидлар, кунлик 10 минг кишига мўлжалланган чиптали саёҳат тизими йўлга қўйилади.
Жорий йилда ҳам Марказ фондини нодир қўлёзмалар, тарихий экспонатлар, нашрлар ва ҳужжатлар, амалий санъат намуналари ҳисобига кенгайтириш борасидаги ишлар давом этади.. Артефактларни сотиб олиш манбалари кенгайтирилмоқда. Жумладан, “Sothebyʼs”, “Christieʼs” ва “Bonhams” каби халқаро аукцион уйлари, хусусий коллекционерлар, арт-дилерлар ва экспертлар орқали 2026 – 2027 йиллар давомида Марказ фондларини камида 2000 та нодир артефакт билан бойитиш режалаштирилган.
Марказ уникал рақамли ташаббуслар комплексини жорий этмоқда. Бундай лойиҳалар орасида 100 минг рақамлаштирилган саҳифани ўз ичига олган архив, рақамли платформа, артефактларни реконструкция қилиш, цивилизациялар интерактив хариталари, виртуал музей VR-лойиҳаси, тарихий шахсларнинг рақамли аватарларини кўрсатиб ўтиш мумкин.
2026 йилда Марказ замонавий мультимедиа экотизимини яратишни режалаштирмоқда, янги матбуот маркази ташкил этилади, “CIC FILM” кинокомпанияси ишга туширилади, 50 минг материалдан иборат медиабанк яратилади, “CNN”, “BBC”, “TRT”, “Euronews”, “Al Arabiya” каби халқаро медиа-компаниялар билан ҳамкорлик давом эттирилади. 2026 йилда кутилган умумий медиамайдон 1 миллиардгача томошабин ва ўқувчиларни қамраб олиши кутилмоқда. Шунингдек, машҳур Ҳолливуд актёри Бен Кингсли иштирокида “Маърифат садоси” номли 10-қисмдан иборат ҳужжатли фильм ишлаб чиқилмоқда.

“Ўзгаришларни ўзимиз яратамиз”
Халқаро ҳамкорлик ва ташқи алоқалар соҳасида Марказнинг глобал позицияси жорий йилда янада мустаҳкамланади. Янги 2026 йилда Марказ 30 дан ортиқ мамлакатнинг музейлари ва университетлари билан ҳамкорлик ўрнатади, БМТ, ЮНЕСКО, ICOM каби нуфузли халқаро ташкилотлардаги тақдимотларда иштирок этади. Марказ биносида 2000 иштирокчига эга бўлган халқаро конференцияларни ўтказиш режалаштирилмоқда. Жумладан, “Замонавий ислом санъати фестивали”, “Ўзбекистон олимларининг Иккинчи Миллий форуми” каби халқаро тадбирлар, шунингдек Нью-Йорк, Париж, Лондон, Доҳа, Ар-Риёд, Қоҳира сингари шаҳарларда Марказнинг тақдимотлари бўлиши кутилмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Марказнинг халқаро алоқаларини кенгайтириш бўйича 300 дан ортиқ қўшма лойиҳаларни ўз ичига олган “йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
Жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий боболаримизнинг қутлуғ таваллуд айёмлари муносабати билан турли конференциялар, тақдимотлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Шунингдек, Марказ томонидан Ислом мероси бўйича ИРСИКА, ISESCO, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон Ислом уюшмаси сингари халқаро ташкилотлар билан биргаликда 40 та илмий нашр ва 10 та ноёб факсимиле нашрларини чоп этиш кутилмоқда. Шунингдек, Марказда махсус босмахона очилиб, бу ерда замонавий матбаа хизматлари ҳам йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Миллий, илмий ва маданий меросни тарғиб қилиш мақсадида Марказ Франкфурт, Лондон, Доҳа ва бошқа йирик ярмаркаларда иштирок этишни режалаштирмоқда. Бу эса, Ўзбекистонга жаҳон китоб бозорида янги ва нуфузли иштирокчи сифатида ўз ўрнини топишда ёрдам беради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита кўмагида Марказ цивилизациялар ўртасидаги глобал мулоқот, маданий алмашинув ва интеллектуал ривожланиш тимсолига айланмоқда. Жаҳонда тенги йўқ илмий-маърифий марказнинг бунёд этилгани, халқимизнинг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, тарғиб этиш, хорижий фондлардан аждодларимизнинг бой маданий меросини қайтаришга қаратилаётган улкан эътибор, илмий изланишлар, тадқиқотларга кенг имкониятлар яратилгани учун Президентимизга юзлаб, минглаб олимларимиз, экспертларимиз, мутахассисларимиз номидан чексиз ташаккур айтамиз.
Мурожаатномада айтилганидек, биз – бугун 38 миллиондан зиёд катта халқмиз. Машаққатли ва шарафли меҳнатимиз билан дунёда ҳурмат топаётган, эртанги кунга ишонч билан дадил бораётган, матонатли ва ғурури баланд миллатмиз. Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз.
Фирдавс АБДУХОЛИҚОВ, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг