Ўзбекистонда устав капитали камида 50 миллиард сўм бўлган микромолия банклари ташкил этилади

13:42 20 Август 2024 Сиёсат
337 0

Микромолия бозори учун йўл очиб берилди. Масалан, ўтган етти ойда 91 та микромолия ташкилоти 6,6 триллион сўмлик молиявий хизматлар кўрсатди ва йил якунигача бу рақам 12 триллион сўмга етказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Нукус шаҳрида бўлиб ўтаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.

Микромолия хизматларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давом эттирилади. Уларга жорий йилдаги 1,6 триллион сўмга қўшимча 1 триллион сўм ресурс ажратилади.

Шу билан бирга, устав капитали камида 50 миллиард сўм бўлган микромолия банкларини ташкил этишга рухсат берилади.

Ушбу банклар кредит портфелининг камида 70 фоизи кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришга йўналтирилади.

Микромолия ташкилотлари томонидан тадбиркорларга хорижий валютада хизмат кўрсатиш ва лицензия асосида тўлов ташкилоти сифатида фаолият юритишга рухсат берилади.

Ҳозир кўп экспортчилар йирик хорижий савдо тармоқларига 3-4 ой кечиктириб тўлаш шарти билан маҳсулот етказиб бермоқда.

Узлуксиз ишлаб чиқариш учун корхоналарда айланмага эҳтиёж ошаяпти. Лекин, ҳамма тадбиркорда ҳам янги кредит олиш, унга гаров топиш имконияти йўқ.

Тадбиркордан гаров талаб қилмайдиган энг қулай инструмент бу – факторинг. Халқаро молия корпорациясига кўра, бизда 10 миллиард долларлик факторинг хизматига талаб бор. Ҳозир бу хизматни фақат банклар, микромолия ташкилотлари кўрсатаяпти.

Бундан буён банк бўлмаган янги институт – факторинг ташкилоти учун йўл очилади. Улар хорижий валютада ҳам хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Бу жараёнда қатнашадиган банк, микромолия, факторинг ташкилоти ва тадбиркорлар фойдаланадиган алоҳида электрон платформа ишга тушади. Яъни, тадбиркор ундан ўзига қулай молиявий маҳсулотни танлаш имкониятига эга бўлади.

Умуман, факторингни оммалаштириш ҳисобидан тадбиркорларга айланма учун 20 триллион сўм, экспортчи корхоналарга 1 миллиард доллар қўшимча молиявий ресурслар пайдо бўлади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер