Ўзбекистонда самолётларга лазер нурини йўналтириш ҳолатлари кўпайган

10:28 10 Май 2024 Жамият
169 0

Қонунга кўра, ушбу ҳолатни содир этиш БҲМ 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда лазер нурларини ҳаво кемасига йўналтириш ҳолатлари тобора кўпайиб бораётгани маълум қилинди. «Uzbekistan Airports» шу сабабли фуқароларга мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, самолётларнинг учиш ва қўниш вақтида лазер нурларини ҳаво кемасига йўналтириш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

«Йўловчилар ва ҳаво кемаси экипажи аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиши ва хавф туғдириши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида барча фуқаролардан парвозлар хавфсизлигини таъминлаш талабларига риоя этишларини сўраймиз», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, фуқароларнинг бундай хатти-ҳаракатлари учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 116-1-моддасида (ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида лазер нурини йўналтириш орқали халақит бериш) жавобгарлик назарда тутилган.

Ушбу моддага асосан ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида ҳаво кемасига лазер нурини йўналтириш орқали халақит бериш учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгилаб берилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?