Ўзбекистонда кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ваколатли орган қайси?
Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 30 апрелдаги ПҚ-153-сонли қарорига мувофиқ, ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Ушбу қарор билан мамлакатда кибержиноятчиликка қарши тизимли ва қатъий ёндашув жорий этилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги масъулиятли органлар ва молия муассасалари учун янги вазифалар белгилаб берилди.
Қарорга асосан, Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Бу билан киберхавфсизлик соҳасидаги ишлар марказлаштирилади ва тизимли назорат механизмлари шакллантирилади. Шу билан бирга, банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари ўз кундалик фаолиятида мижозларнинг манфаати ва молиявий хавфсизлигини таъминлашни устувор вазифа сифатида амалга оширишлари лозимлиги қайд этилди.
Янги қарорда кибержиноятларга ундаштирувчи ёки уларни осонлаштирувчи ҳаракатларга нисбатан жавобгарлик чоралари ҳам кучайтирилди. Хусусан, ўз номидаги банк картаси, СИМ-карта, банк ҳисобрақами ёки электрон ҳамёнидан кибержиноятда фойдаланишга йўл қўйган шахслар маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилади. Бу орқали номига расмийлаштирилган қурилмаларни бошқаларга бериш билан боғлиқ хатарларни камайтириш кўзда тутилган.
Қарорда яна бир муҳим янгилик сифатида, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя қилмаган банклар, тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотлари томонидан келтирилган моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартиби жорий этилди. Бу, ўз навбатида, молия муассасаларининг ахборот тизимларини янада мустаҳкамлашга рағбатлантиради.
Жиноят қонунчилигидаги яна бир ўзгариш, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятлар жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланишидир. Бу дегани, интернет ёки рақамли воситалар орқали амалга оширилган жиноий ҳаракатлар учун муқаррар жазо янада қаттиқроқ бўлади. Қарор, шунингдек, мол-мулк ва пул маблағларини ноқонуний жалб этишга доир фаолиятлар учун белгиланган жазо чораларини ҳам кучайтиришни назарда тутади.
Умуман, мазкур қарор кибер муҳитдаги жиноятларнинг олдини олиш, фуқаролар ва ташкилотларнинг рақамли хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнининг ҳуқуқий пойдеворини янада мустаҳкамлайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- ICCI 2026: Янги Ўзбекистоннинг қурилиш салоҳияти – ғоялардан кенг кўламли ечимларгача
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг