Ўзбекистонда капитал бозори капиталлашуви мамлакат ЯИМга нисбатан 1 фоизни ташкил этади. Бу жуда кам

17:41 25 Декабрь 2020 Сиёсат
1899 0

Ушбу рақамлар бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда «Ўзбекистон иқтисодий тараққиётида капитал бозорининг ўрни» мавзусида ўтказилган семинарда маълум қилинди.

Семинарни очиб берган Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров ўз нутқида мамлакатимиз иқтисодий ривожланишининг янги босқичида иқтисодиёт тармоқларида туб ислоҳотлар ўтказиш, рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштириш, давлат активларини бошқаришда бозор тамойилларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди.

Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги «Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва иқтисодий сиёсат самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон билан 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида структур ислоҳотларнинг асосий йўналишлари бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Унда давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш ҳамда давлат иқтисодий фаолиятини оптималлаштириш мақсадида юридик шахслар профессионал бирлашмалари («ўзини ўзи назорат қилувчи»)ни шакллантириш ҳисобига давлат назоратини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган. Шу муносабат билан, ўзини ўзи бошқарадиган ташкилотларни ташкил этиш ҳамда ривожлантириш масалалари янада долзарблик касб этмоқда. Ўзини ўзи назорат қилувчи ташкилотларни тузиш ҳамда давлат ва бизнес ижтимоий шерикчилиги ролини ошириш иқтисодиёт соҳасидаги давлат бошқарувининг ўзига хос жиҳати ҳисобланади.

Семинарда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров асосий маъруза ва презентация билан иштирок этиб, капитал бозорининг моҳияти ва унинг мамлакат ривожидаги аҳамияти, истиқболдаги вазифалар ва режалаштирилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб берди.

– Капитал бозори мамлакатимиз иқтисодиётини молиялаштириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишнинг асосий манбаларидан бирига айланиш керак, – дейди О. Назиров. – Агарда рақамларни қиёслайдиган бўлсак, бизнинг капитал бозоримиз хорижий капитал бозорлар ҳажмига қараганда бир неча баравар кам. Капитал бозори капиталлашуви мамлакат ЯИМга нисбатан 1 фоизни ташкил этади. Ривожланаётган давлатларда эса бу кўрсаткич 30-60 фоиз атрофида бўлиб, ривожланган давлатларда 100 фоиз ва ундан ҳам ортиқни ташкил этади. Буларнинг бари бу соҳада изчил ислоҳотлар ўтказилишини тақозо этади.

Тадбирда қимматли қоғоз турлари, эмитентлар, қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал иштирокчиларнинг роли, фонд биржаси моҳияти, капитал бозори тартибга солувчисининг инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда молиявий саводхонликни ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Депутатлар капитал бозори ривожидаги муаммоларга эътибор қаратдилар. Хусусан, қудратли молиявий тизимни шакллантириш зарурати ҳақида гапириб, бундай тизим иқтисодиётга маблағ жалб қилишнинг асосий манбаи сифатида давлатга бўлган босимни камайтириш имконини беради. Иқтисодиётнинг ва биринчи навбатда хусусий секторнинг барқарор тараққиётини таъминлаш учун маҳаллий молия бозорининг яхлит тизимини шакллантириш лозимлиги таъкидланди. Иқтисодий ўсишни молиялаштириш учун капитални сафарбар қилиш ва уни самарали тақсимлашга бутун молиявий бозорни комплекс ислоҳ қилиш ва ўзаро мувофиқ тарзда ривожлантириш орқалигина эришиш мумкинлиги кўрсатилди.

Семинарда 2025 йилга қадар эркин муомаладаги қимматли қоғозлар ҳажмини мамлакат ЯИМга нисбатан 10 фоизга етказиш кўзда тутилган капитал бозорини ривожлантириш стратегияси, шунингдек, ислом молиялаштириш тамойиллари асосида сукук қимматли қоғозларини чиқариш бўйича режалаштирилаётган пилот лойиҳа ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида депутатлар капитал бозорини ривожлантиришнинг қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, қимматли қоғозлар бозори билан алоқадорликда молия бозорини ривожлантириш механизмларини жорий этиш, ушбу тизим учун кадрларни тайёрлаш ва уларни соҳага жалб этиш лозимлигига эътибор қаратдилар.

Семинар якунида билдирилган қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер