Ўзбекистон ва Қирғизистон нотариал палаталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

13:57 08 Июнь 2022 Жамият
518 0

Фото: Ўзбекистон Нотариал палатаси матбуот хизмати

Шу кунларда юртимизда Қирғизистон Республикаси Нотариал палатаси делегацияси меҳмон бўлиб турибди.

Шу ўринда, Қирғизистон Нотариал палатаси ҳақида икки оғиз сўз. Қирғизистонда Нотариал палата жамоат ташкилоти сифатида ташкил қилинган, 2021 йил декабрдан мамлакатда фаолият кўрсатувчи хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг Палатага аъзолиги мажбурий қилиб белгилаб қўйилди. Қирғизистонда 322 нафар хусусий нотариуслар билан бир қаторда 55 нафар давлат нотариуслари ҳам фаолият кўрсатади.

Бугун Ўзбекистон Нотариал палатасида бўлиб ўтган тадбирда икки мамлакат Нотариал палаталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

— Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро ҳамкорлик борасида икки йилдан буён мулоқот олиб бормоқдамиз, уларнинг фаолиятини онлайн кузатиб келмоқдамиз. Улар билан бир неча бор халқаро майдонларда учрашганмиз, фикр алмашганмиз. Бу ерда нотариат соҳасига жорий этилган муҳим янгиликларни яқиндан ўрганиб, ўзимизда жорий қилишни мақсад қилганмиз. «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимини ўрганиш учун мутахассисимиз ҳам ташриф буюрган. Бугун куннинг ярмида Адлия вазирлигида бўлиб, бу борада ҳам тажриба ўрганилади, — дейди Қирғизистон нотариуслари делегацияси раҳбари Дамира Алсеитова.

— Қирғизистон Республикаси билан имзоланган меморандумдан мақсад – ўзаро тажриба алмашиш, Ўзбекистон нотариатининг илғор тажрибасини оммалаштиришдан иборат. Бундан аввалроқ Тожикистон Республикаси нотариуслари делегацияси ҳам фаолиятимизни яқиндан ўрганиб, ўзлари учун жуда кўплаб муҳим янгиликларни кашф этган эдилар. Қирғизистонлик ҳамкасбларимиз ҳам Ўзбекистон нотариатидаги ислоҳотларни ижобий эътироф этишди, — дейди Ўзбекистон Нотариал палатасининг нотариат бўлими маслаҳатчиси Саодат Бегимова.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимининг презентацияси, Юристлар малакасини ошириш марказида «Нотариат тизимида медиация институти» мавзусида учрашув ва тадбирлар ўтказилиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер