«Ўзбекистон – Туркманистон» эркин савдо зонаси очилди

10:28 18 Ноябрь 2025 Жамият
194 0

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда маданий муносабатлар янги мазмун касб этиб, юқори босқичга кўтарилди. Давлат раҳбарларининг мунтазам ўтказилаётган олий даражадаги учрашувлари икки мамлакат ўртасидаги яқин қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг Хоразм ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятлари чегарасида барпо этилган янги савдо зонасининг ишга туширилиши ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда яна бир муҳим амалий қадам бўлди.

Эркин савдо зонаси «Шовот – Тошҳовуз» ўтказиш пункти ёнида, 3,1 гектар майдонда барпо этилди. Бу ерда ёпиқ павильонлар, савдо расталари, дўконлар, маҳсулотларни қабул қилиш ва сақлашга мўлжалланган омборхоналар, меҳмонхона, ошхона, автотураргоҳ, тиббиёт пункти, банк филиали ва валюта айирбошлаш шохобчаларидан иборат замонавий инфратузилма яратилди. Шунингдек, «ягона дарча» тамойили асосида фитосанитария ва ветеринария хизматлари ҳам ташкил этилди. Ушбу ҳудудда визасиз тартибнинг жорий этилиши эса икки давлат фуқаролари учун янада қулай шароит яратмоқда.

Маълумки, Хоразм вилоятининг қўшни Тошҳовуз вилояти билан ўзаро савдо айланмаси йил сайин ўсиб бормоқда. Хоразмдан Туркманистонга базальт плиталари, гулқоғоз, лак-бўёқ маҳсулотлари, қуруқ ва ҳўл мевалар экспорт қилинса, Туркманистондан нефть ва нефть маҳсулотлари, битум, керамика, алюминий ва шиша буюмлари импорт қилинмоқда.

— Халқимизда «узоқдаги қариндошдан, яқиндаги қўшни яхши» деган нақл бор, — дейди Туркманистон Мажлиси депутати Жейрен Қиличмурадова. — Дарҳақиқат, ўзбек ва туркман халқлари муштарак маданият, ўхшаш қадриятлар, урф-одатлар ва теран тарихий илдизлар билан боғланган. Асрлар давомида икки қардош эл бир дарёдан сув ичиб, савдо-сотиқ қилиб, маданиятини бойитиб келган. Тили, дили ва дини бир бўлган бу халқлар қуда-анда бўлиб, ёнма-ён ҳаёт кечирган. Янги савдо зонасининг иш бошлаши ўзаро савдо ҳажмини ошириш билан бирга, халқларимиз ўртасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни ҳам мустаҳкамлайди.

Дарҳақиқат, тадбиркорларнинг мазкур эркин савдо зонасига бўлган қизиқиши катта. Чунки бу ҳудудда Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни чакана савдога қўйиш учун «Эркин божхона зонаси» режими амал қилади. Бу эса ўзаро савдони кенгайтиришга кучли рағбат беради.

— Буюк Ипак йўлида жойлашган икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар азалдан ривожланган, — дейди Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Раҳимбой Шержонов. — Бугунги кунда ҳам давлатлараро учрашувлар, ишбилармон доиралар мулоқотлари ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг қувонарлиси, икки халқнинг яқин қўшничилик муносабатларида янги давр бошланмоқда. Чегара ҳудудида иш бошлаган янги савдо зонаси икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириб, халқларимиз ўртасидаги ўзаро тушуниш ва оғизбирчиликни таъминлашга масъул бўлади. Натижада ҳудудлараро савдо айланмаси янада ортиб, иқтисодий ҳамкорлик чуқурлашади ва минтақа барқарорлиги ҳамда тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратилади.

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер