Ўзбекистон нейрохирургларининг IV анжумани

Хива шаҳрида Ўзбекистон нейрохирургларининг IV анжумани иш бошлади. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек, 15 та хорижий давлатлардан ташриф буюрган етакчи нейрохирург олимлар, амалиётчи шифокорлар, соҳага дахлдор мутахассислар иштирок этяпти. Конференция дастуридан ўрин олган долзарб мавзулардаги илмий маърузалар соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиш, билим ва тажриба алмашиш, энг муҳими, беморларга янада самарали, инновацион ёрдам кўрсатиш имконини беради.
— Ўзбекистонга тўртинчи бор келишим, — дейди анжуман иштирокчиси, Буюк британиялик нейрожарроҳ Оуазе Желани. — Мамлакатингизда тиббиётнинг нейрожарроҳлик йўналиши йилдан-йилга ривожланиб боряпти. Мен анжуман давомида ўзбекистонлик кўплаб нейрожарроҳлар билан мулоқотда бўлдим. Айниқса, ёш мутахассисларнинг фаоллиги, янгиликка ва илмга интилиши мени қувонтирди. Бундай конференцияларни доимий тарзда ўтказиб бориш керак деб ҳисоблайман. Чунки, бу ерда турли давлатлардан келган ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашяпмиз, соҳадаги янгиликларни ўрганяпмиз. Бу ҳамма учун фойдали, манфаатлидир.
Микрохирургия, эндоскопик жарроҳлик ва робототехника имкониятлари бугунги кунда соҳа ривожининг асосий йўналишларини белгилаб бермоқда. Натижада илгари фақат пойтахтда бажариладиган жарроҳлик ва даволаш амалиётларининг бир қисми бугун вилоятларнинг ўзида амалга ошириляпти.
— Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассисларининг ёрдами билан бош ва орқа миядаги мураккаб операциялар нейрожарроҳларимиз томонидан вилоятимизнинг ўзида муваффақиятли бажарилмоқда, — дейди Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Кўпалбой Тангрибердиев. — Умуман, Хоразмда йилига 500 нафардан ортиқ беморда нейрожарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Бу йил яна қўшимча 1,3 млрд сўмлик замонавий спинал нейрохирургия анжомлари сотиб олдик. Натижада 150 нафар бемор вилоятнинг ўзида операция қилинди. Илгари шундай ташхис қўйилган беморларни пойтахтга юбориб, ортиқча сарф-харажат қилишга тўғри келар эди.
Уч кун давом этадиган мазкур анжуман нейрожарроҳликдаги замонавий диагностика ва даволаш усуллари, кадрлар малакасини ошириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш борасида қизғин фикр алмашувлар, самарали мулоқотлар майдонига айланди.
Одилбек ОДАМБОЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг