Ўзбекистон кўмагида Мозори-Шариф халқаро аэропорти қайта тикланди

17:46 01 Ноябрь 2022 Дунё
950 0

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, «Ўзавиация» агентлиги, «Ўзаэронавигация» маркази ДУК, “Uzbekistan Airports” АЖ, «Ўзгидромет» вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси Афғонистонда Мавлоно Жалолиддин Балхий номидаги Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш жараёни якунига бағишланган маросимда иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон қўшни Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, транспорт ва энергетика инфратузилмасини шакллантиришга улкан ҳисса қўшмоқда. Икки мамлакат ўзаро савдо-иқтисодий алоқани янада ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.

Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини қайта йўлга қўйишда кўрсатилган техник ёрдам шундай ташаббусларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан, ўтган йил Транспорт вазирлиги, «Ўзавиация» агентлиги, «Ўзаэронавигация» маркази ДУК, “Uzbekistan Airports” АЖ, «Ўзгидромет» вакилларидан иборат Идоралараро комиссия томонидан Мазори-Шариф халқаро аэропортининг техник ҳолати ўрганилган ва зарур амалий чора-тадбирлар белгиланган эди.

Афғонистоннинг Балх вилояти Мозори-Шариф шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда аэропорт фаолиятини тиклаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилгани, қисқа вақт ичида аэропорт ҳафтасига 4 та маҳаллий ва 1 та халқаро ҳаво қатновига хизмат кўрсата бошлади.

Эътироф этиш жоиз, бу ерда ўтган давр мобайнида республикамизнинг тегишли вазирлик, идоралари томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш, парвозни радиотехник жиҳатдан таъминлашга эришилди.

Техник таъминлаш йўналиши бўйича Мозори-Шариф аэродромининг учиш-қўниш йўлаги қопламаси, ҳаво кемалари учун бурилиш йўлаклари ва тўхтаб туриш жойларидаги белгилар бўёғи тўлиқ янгиланган. Қолаверса, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан ҳудуднинг электр ва ёруғлик-техник таъминоти замонавий талаб даражасига келтирилган.

Афғон томони вакиллари биродарлик риштасини мустаҳкамлашга асосланган мазкур ташаббусни Ўзбекистон томонидан қўшни мамлакатлар билан дўстона, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатнинг мантиқий давоми, дея қабул қилинишини таъкидладилар.

– Аввало, меҳмондўст, афғон заминининг жафокаш халқига ҳар доим елкадош бўла оладиган Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдираман, – деди Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Муҳаммад Аббос Станакзий. – Мамлакатингиз раҳбарининг Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш, хавфсизликни таъминлаш, тинчлик музокараларини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатини юқори баҳолайман. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тамомила фойдаланишдан чиққан Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолияти қайта тикланди. Учиш-қўниш йўлаклари мукаммал таъмирланди. Масофавий бошқариш тизими ишга туширилди. Аэропортининг ташқи электр таъминоти тубдан яхшиланди.

Шунингдек, тадбирда аэропортнинг қурилиши тугалланган объектларини фойдаланишга топшириш ва фаолиятни тиклаш учун зарур жиҳозларни қабул қилиб олиш ҳужжати имзоланди.

Ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистон аэропортларида фаолият юритаётган етук мутахассислар Афғонистоннинг мазкур аэропортига жалб қилинди. Уларнинг ёрдами билан аэропортнинг учиш-қўниш, бурилиш йўлаклари, ҳаво кемаси тураргоҳларидаги мавжуд нуқсонлар, камчиликлар бартараф этилди.

Учиш-қўниш йўлагининг ёритиш-сигнал мосламалари ҳам таъмирланди. Натижада аэропорт тунги пайтда ҳам, ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам парвозларни қабул қила олиш имконига эга бўлди. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, куз ва қиш мавсумига тўлиқ тайёргарлик кўриш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер