“Ўзбекистон – 2030”: Халқ фаровонлиги сари ишончли қадамлар

17:43 26 Январь 2026 Сиёсат
372 0

Жорий йилнинг январь ойи бошларидан бошлаб кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси доирасида ўтказилаётган матбуот анжуманлари мазмунан бойлиги ва аниқ мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Бу галги анжуман “Тараққиёт стратегияси” марказида бўлиб, у “Аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ёшлар сиёсати, спорт, маданият ҳамда моддий ва маънавий меросларни асраш: мақсад ва вазифалар” мавзусига бағишланди. Ушбу тадбирда такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида белгиланган устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда Стратегияни амалга оширишга қаратилган Давлат дастури лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Матбуот анжуманида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Маданий мерос агентлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков олиб борди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси эса барқарор иқтисодий ўсиш, сифатли таълим ва тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, экология, адолатли давлат бошқаруви каби устувор йўналишларни аниқ белгилаб берди.

Шу билан бирга, дунёдаги глобал ўзгаришлар, бозорлардаги беқарорлик, технологиялар ривожи мамлакатимиздан ҳам янгича ёндашув ва чуқур ўйланган қарорларни талаб этмоқда. Шу маънода, стратегияни такомиллаштириш ва жамоатчилик фикрини инобатга олиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Алишер Муратов мутлақ камбағалликни 0 фоизга тушириш, ишсизлик даражасини 4 фоизгача камайтириш, 700 минг нафар фуқарони касб ва хорижий тилларга ўқитиш, ёшлар ишсизлигини 11 фоизгача пасайтириш режалари ҳақида сўзлади. Бу вазифалар инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан эътиборли.

Лойиҳа доирасида ёшларни таълим олиши, хориж тилларини пухта ўзлаштиришига ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Шу маънода, Ёшлар ишлари агентлиги вакили эса 100 минг нафар ёшни хорижий тилларга жалб қилиш, 3 миллион ёшга онлайн таълим имконини яратиш, 400 минг ёшнинг бандлигини таъминлаш каби мақсадлар мамлакат келажаги учун нечоғли муҳим эканини таъкидлади.

Тадбир доирасида масъуллар томонидан аҳолини спортга жалб этиш, маҳаллаларда спорт майдончалари қуриш, халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиш борасидаги режалар баён қилинди. Маданият вазирлиги эса театр, кино, мусиқа ва миллий меросни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли вазифалар билан ўртоқлашди.

Шунингдек, маданий меросни асраш, музейлар ва археология объектларида илмий ишлар олиб бориш, маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни хорижда ўқитиш каби мақсадлар ҳам алоҳида қайд этилди.

Ушбу матбуот анжумани “Ўзбекистон – 2030” стратегияси халқ манфаатларига хизмат қилаётганини, ҳар бир соҳада аниқ режа ва мақсадлар борлигини яна бир бор кўрсатди. Энг муҳими, бу стратегия қоғозда эмас, амалда халқ ҳаётини яхшилашга қаратилган дастур эканини ҳис эттирмоқда. Ана шу ишонч ва умид эса ҳар бир юртдошимизни янги марралар сари руҳлантиради.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер