Овқатдан заҳарланиб, шифохоналарга ётқизилган болаларнинг деярли барчаси уйига қайтди

18:00 30 Сентябр 2025 Жамият
358 0

Фото: ССВ

Тошкент вилоятидаги боғчаларда заҳарланган ҳамда шифохоналарга ётқизилган болаларнинг деярли барчаси оиласи бағрига қайтган. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилишича, 30 сентябрь соат 14:00 ҳолатига кўра уч нафар тарбияланувчи шифокорлар назорати остида қолмоқда.

Таъкидланишича, улар асосий ҳолатдан тўлиқ соғайган бўлиб, даволаш жараёнида уларда олдиндан мавжуд касалликлар аниқлангани сабабли, қўшимча тиббий кузатув остида қолдирилган. Болаларнинг аҳволи барқарор ва яқин кунларда уйларига жавоб берилади.

«Шундай қилиб, тиббий тадбирлар тўлиқ якунланди. Шифохоналар эса ўзининг одатий иш фаолиятига қайтди. Энг муҳими, давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли вазият барқарор ушлаб турилди», дейди Отабеков.

Қўшимча қилинишича, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мамлакат бўйлаб барча таълим муассасаларида овқатланиш хизматлари устидан назорат ва профилактик тадбирларни янада кучайтиради.

«Мазкур ишлар келгусида шундай ҳолатларнинг такрорланишини олдини олишга қаратилади. Шу ўринда юксак масъулият ва фидойилик билан ўз бурчини адо этган барча тиббиёт ходимларига самимий миннатдорчилик билдирамиз», дейди у.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш учун тизимли чоралар кўрилишини маълум қилди. Бу чоралар нафақат мавжуд ҳолатни бартараф этишга, балки келгусида бу каби ҳолатларнинг такрорланишини олдини олишга ҳам қаратилган.

Қай этилишича, вазирлик Прокуратура идоралари, Иқтисодиёт ва молия ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликда барча зарур чораларни амалга оширади.

«Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, айрим боғчаларимизда умумий овқатланиш хизматлари хусусий корхоналар томонидан аутсорсинг тизими орқали йўлга қўйилган. Шартномаларда санитария талаблари ва меъёрларига қатъий риоя қилиш белгиланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда воқеа тафсилотлари ҳар томонлама ўрганилмоқда. Камчиликлар аниқланса, тегишли шартномалар қайта кўриб чиқилади ёки бекор қилинади.

Вазирлик ўз масъулиятини чуқур ҳис қилади ва назорат механизмларини янада кучайтиради», дейилган хабарда.

Шунингдек, ММТВ боғчаларга овқатланиш хизмати кўрсатаётган барча ташкилотларга мурожаат қилиб, санитария талабларига беписандлик ёки озиқ-овқат сифати ҳисобига харажатларни қисқартиришга мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.

Билдирилишича, жорий йилнинг 2 октябридан вилоятдаги барча боғчалар ўз фаолиятини одатий иш режимида давом эттира бошлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?