Ўттиз еттинчи йил турналари

11:40 29 Август 2025 Жамият
112 0

Ҳар йили 31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланиши, аждодларимиз хотирланиши, Қуръон тиловат этилиб, улар ҳақига дуо қилинишида чуқур маъно бор. Мустабид тузум даврида юртимизда минг-минглаб одамлар қатағонга учраган. Оилалари хонавайрон бўлиб, болалари етим қолган.

Мустақиллик даврида 1920 — 1930 йилларда НКВД жазо органининг қатлгоҳи бўлган — Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Бўзсув бўйида қаровсиз, файзсиз бўлиб ётган жойлар “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси, деб аталган муқаддас бир зиёратгоҳга айланди. Бу маскан ўзининг алоҳида, мудҳиш воқеалардан дарак берувчи тарихига эга. 1937-1938 йиллардаги “катта қирғин”да айнан шу жойларда 6 мингдан зиёд миллатимиз ойдинлари “халқ душмани” тамғаси билан отиб ташланган.

Аксилинқилобий фаолиятга қарши тарғиботда айбланган тинч аҳолини отиш бўйича махфий операциялар Тошкентдаги учта махсус объект ҳудудида амалга оширилган. Биринчиси Юнусобод туманида, ҳозирги “Тошкент” телеминорасига яқин жойда бўлган. Иккинчи объект — ҳозирги Абразив заводи ўрнида. Учинчи махсус объект халқ ичида “Алвасти кўприк” деб аталган кўприк атрофидаги пастқам жойларда бўлган. Шу ерда кейинчалик “Шаҳидлар хотираси” мемориал мажмуаси қурилган.

1950-йиллар бошларида Тошкентнинг Юнусобод тумани ҳудудида қурилиш ишлари бошланган. Ўшанда отиб ташланган кишиларнинг жасадлари топилган. Улар атрофдаги маҳаллаларнинг бир неча фаоллари томонидан юк машинасига ортилиб, тун қоронғисида яширинча яқиндаги Оқилота қабристонига дафн қилинган. Қабристон гўркови Аҳмад Юсупов оиласи хавфсизлигини ўйлаб ҳаётлигида қўрққанидан бу воқеани ҳеч кимга айтиб бермаган. Айнан шунинг учун жасадлар кўмилган аниқ жой номаълумлигича қолган. Қабристонга кираверишда улар учун рамзий қабр тоши ўрнатилган. Ўзбекистондаги “катта қирғин”нинг энг даҳшатли санаси бўлган 4 октябрда музейимиз жамоаси қабристондаги мазкур рамзий қабр зиёратида бўлиб, хотира тадбирини ўтказиш анъанага айланган.

1938 йилнинг машъум кузида миллатимизнинг Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирийдек энг сара зиёлилари, Ғози Олим Юнусов, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Зиё Саидов каби адабиётшунос олимлар, биринчи ўзбек кинорежиссёри ва фотографи Худойберган Девонов, Саттор Жаббор, Султон Матқул, Баҳовуддин Амин каби Германия олий мактабларини битириб Ватанга Европанинг илм-фан, техника ютуқларини жорий этишга бел боғлаган йигитлар, Турғунпўлот Қирғизов, Миркомил Миршарапов каби ўзбек миллий армиясининг илк зобитлари, умуман, фан, адабиёт, санъат дарғалари, ҳукумат ва жамоат арбоблари бўлган минглаб қаҳрамонларимиз маҳв этилган. Улар 1938 йилнинг 4 октябрида шошилинч қатл қилинган. Воқеанинг энг даҳшатли жиҳати, бу жабрдийдаларга ҳукм 5 октябрь санаси билан чиқарилган.

Истиқлол туфайли қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш, Ватан, эл-юрт, авлодлари олдида уларни оқлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида Республика комиссияси тузилди. “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди ташкил этилди. Кўплаб нодир ҳужжатлар, тарихий манбалар тўпланиб, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи яратилди. Дастлаб комиссия аъзоларига архивлар устида ишлаш осон бўлмади. Бир кун ишлаб, иккинчи кун тергов матнларида улар аъзоси бўлмаган аксилинқилобий ташкилотларга аъзо бўлгансан, деб сиқувга олганлари, хунрезлик билан қўл қўйдирганда кўз ёшларининг доғлари қолиб кетган ҳужжатлар устида кўнгли бўшаб, ишлолмасдан узр сўраб кетган зиёлилар ҳам кўп. Музей ва “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди илмий ходимлари учунгина республика архивларида, хусусан, ДХХ архивида изланишлар олиб бориш ваколати сақланиб қолди. Давлат музейи Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказилгач, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 13 та олий таълим муассасаси тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил этилди.

Давлат раҳбарининг 2024 йил 19 июлдаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарорига биноан ҳудудларда тегишли мутахассислардан иборат илмий-ишчи гуруҳлар тузилди. Уларга махсус архивларда ишлаш учун рухсатномалар берилди. Республика бўйича яна 11230 нафар қатағон қурбонининг номи аниқланди. Бу инсонлар орасида сургун қилинган ўзбек зиёлиларининг аёллари ҳам бўлиб, улар ҳеч қандай далил-исботсиз қамоққа олиниб, Қарағандадаги (Шимолий Қозоғистон) “АЛЖИР” (Акмолинский лагерь жён изменников родины) лагерига юборилган. Масалан, қатағон қурбони Ғани Исҳоқовнинг рафиқаси Мақсуда Исҳоқова, иқтисодчи Насритдин Шераҳмедовнинг аёли Маҳфуза Шераҳмедова, Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатли вакили Муҳиддин Турсунхўжаевнинг турмуш ўртоғи Зуҳра Турсунхўжаева каби миллатимиз аёллари ана шундай азоб-уқубатларга гирифтор қилинган. Уларнинг гуноҳи қатағон қурбони бўлган турмуш ўртоқлари “айбини тегишли ташкилотлардан яширганлиги” эди.

У даврда ўзбек қизлари бошқа давлат тугул, қўшни маҳаллаларга ҳам деярли бормаган. Шундай даврда Германияга ўқишга юборилган 70 нафар талаба орасида икки нафар ўзбек қизи: Марям Султонмуродова ва Хайринисо Мажидхонова ҳам илм олиб, Ватанида ўзгаришлар қилиш ниятида Европага ўқишга йўл олади. Хайринисо Тошкентда зиёлилар кўчасида яшаган. Унинг отаси зиёли бўлгани сабаб Мунаввар қори Абдурашидхонов очган жадид мактабида саводи чиқади. У Германияда дастлаб техникумда, ке­йин университетда тиббиёт ва болалар педагогикаси йўналишларида таҳсил олади. Унинг отаси: “Эзилган миллатлар, қоронғиликда қолган юртини келгусида чин билим билан ёритмоқ учун бу йил хорижга кетган талабалар орасида қизим Хайринисо ҳам бор эди. Билим учун узоқ элларга биринчи ўзбек қизини юбориш шарафи, шукрлар бўлсунким, менга насиб бўлмиш”, деб хурсанд бўлган эди. Эндигина Европада ўқиб қайтган Хайринисо Мажидхонова 1937 йил 13 сентябрда НКВД томонидан қамоққа олинади. Германиядан олиб келган ҳамма материаллари ёқиб юборилади. Ёндирилган китоблар орасида тиббиётга оид қўлёзмалар билан бирга Гёте, Шиллернинг немис тилидаги китоблари ҳам бўлган. Тергов бир йилдан ортиқ давом этиб, 1938 йил 9 октябрда Хайринисо Мажидхонова олий жазо — отувга ҳукм қилинган.

Хоразмлик Марям Султонмуродова олий маълумотли ўқитувчи бўлган. Маърифатпарвар Мулла Жуманиёз оиласида дунёга келган. НКВД ходимлари томонидан 1937 йил 15 сентябрда ҳибсга олинган. Ўзи буни шундай изоҳлаган: “1937 йилги терговдаги кўрсатмаларни тасдиқламайман. Шахсан ўзим бундай кўрсатма бермаганман. Мени тергов қилган чоғларида қайдномага имзо чекишга мажбур қилдилар. Лекин унда нима ёзилганлигини ўқимаганман, ўқишга беришмаган ҳам. Бу ҳужжатларнинг мазмуни билан танишишга ихтиёр билдирганимда, “болангни олиб қўямиз”, деб қўрқитишди...”

1939 йилда Марям Султонмуродовага ўн йиллик қамоқ жазоси тайинланади. Жазони аввалига Тошкент, кейин Қозон ва Москва яқинидаги Суздаль турмаларида ўтаган. Ундан сўнг Узоқ Шарққа юборилиб, қурилишда ишлатилган. Марям Султонмуродова қамоқни тугатиб чиққач ҳам 1949 йилда яна қамоққа олинади. Бу сафар у Берлиндалиги вақтида у ердаги қандайдир гуруҳлар билан алоқада бўлгани, дугонаси Хайринисо Мажидхонова билан Парижга борганида Мустафо Чўқаев билан учрашгани, Тошкентда ишлаганида матбуотда миллатчилик Қояларини тарғиб қилгани, германиялик профессор Энглянд билан жосуслик мақсадида алоқа ўрнатгани каби “айблар” юзасидан сўроқ қилинади.

Марям Султонмуродова шубҳа ва гумонлардан тамомила қутула олмагани ҳақида шикоят ёзган: “1937 йилда НКВД томонидан ҳибсга олиндим. Ватан хоини сифатида айбдор деб топилдим. 10 йилгача озодликдан маҳрум этилдим. 5 йил муддатга ҳуқуқлардан маҳрум қилиндим. 1947 йилда жазо муддатини ўтаб, уйга қайтдим. 1949 йилда яна шу иш бўйича ҳибсга олиндим. Красноярск ўлкасига сургун қилиндим. Мен виждонимда аксилинқилобий ҳаракатга эга бўлмаганим учун ўзимни яратилган шароитларнинг қурбони деб биламан...”

Ниҳоят 1957 йил 2 августда бўлиб ўтган судда унинг ҳаракатида жиноят йўқлиги исботланади. Марям бу ажрим билан икки ойдан кейингина, 1957 йил 14 октябрда таништирилади.

Ўша даврдаги қатағончилик сиёсатидан халқимизнинг бирор қатлами омон қолмаган. Қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва номини оқлаш мақсадида турли вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Ўтган йилда Бош прокуратура билан имзоланган меморандум доирасида қатағонга учраган прокуратура ходимларига бағишланган “Тарихий хотира беқиёс” номли китобнинг 1 ва 2-жилдлари, “Муҳаммаджон Мўминов — ўзбек замонавий ҳуқуқшунослигининг асосчиси” номли китоб тайёрланди ва нашр этилди. Ички ишлар вазирлиги билан бирга қатағонга учраган соҳа ходимларига бағишланган “Тарих: хотира, хулоса ва сабоқлар” китоби, Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда “Ҳарбий жадидлар хотираси барҳаёт” китоби, шунингдек, республика Олий суди таклифига биноан “Ўзбекистон Олий суди” номли китоблар нашр этилди. Шу орқали мазкур идораларда ҳам виждонли, ватанпарвар, ҳақиқат йўлини тутган, ҳалол ва жасур ходимлар бўлгани, охир-оқибат улар ҳам қатағон қурбонига айланганликлари жамоатчиликка исботлаб берилди.

Музей мутасаддилари томонидан Бош прокуратура ва Олий судга ёзилган аризалар натижасида Олий суд томонидан 2021 йилдан буён 1220 нафар қатағон қурбонининг номи оқланди. Улар орасида ўзбеклардан ташқари тожик, қирғиз, татар, форс, туркман, қорақалпоқ, қозоқ, рус ва бошқа миллат вакиллари бор. Оқланганларнинг аксарияти жадидчилик ҳаракати намояндалари экани бежиз эмас. Ўша даврда айнан маърифатпарвар, тараққийпарвар, зиёли инсонлар қатағон қилинган. Уларнинг авлодлари топилишида давлат музейи ҳамда ҳудудий Қатағон қурбонлари хотираси музейлари томонидан ўтказилаётган маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот тадбирлари, илмий анжуманлар, хотира кечалари, илмий жамоатчилигимиз томонидан эълон қилинаётган мақолалар, нашр этилаётган китоблар алоҳида аҳамиятга эга.

Тарихий хотираси бўлмаган, тарихни унутган, ўз аждодларининг қадрига етмайдиган миллатнинг истиқболи йўқ. Музей ҳамда ҳудудий музейларнинг асосий вазифаси ташрифчиларни тарих билан таништириш, қатағон қурбонларини ёд олиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, мустақиллик Қояларига садоқат руҳида тарбиялашдир. Юртимизда тинчлик ва осо­йишталик баробарида халқимизнинг асрий орзуси рўёбга чиқиб, инсон хотираси ва қадрининг шундай юксак даражада улуғланаётгани фарзандларимиз учун тенгсиз сабоқдир.

Албатта, қирғин-қатағонлар, алдов-бўҳтонлар, қамоқ ва зулмларга гирифтор бўлган 1937 йил турналари ўзининг катта талафоти, қурбонлари билан ёдимизда қолди. Ўз юртидан эрта кетган турналар қайтмайди, аммо уларнинг жасорати қалбимизда абадий яшайди. Уларга ўрнатилган рамзий ёдгорликлар тинч, осуда ҳаёт қадрига етишга, Ватанни севишга, тинчлигини асрашга чорлаб туради.

Бахтиёр ҲАСАНОВ,

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер