Осиёда яна бир қарама-қаршилик. Якун қандай бўлади?

17:58 24 Июль 2025 Дунё
220 0

Фото: Global Look Press

Шу йилнинг 24 июлга ўтар кечаси Таиланд ва Камбоджа чегарасида баҳсли ҳудудда қуруқликдаги қўшинлар ўртасида тўқнашувлар бошланди. Таиланд ҳукумати Камбоджани можаро қўзғатганликда айблади, кейинроқ эса мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари қўшни давлат ҳудудидаги нишонларга зарба берган.

Бангкок ва Пномпен ўртасидаги кескинликнинг янги босқичига нима сабаб бўлди? Чегарадаги отишмалар янада кучайиши мумкинми? Қуйида шулар хусусида.

Таиланд Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Камбоджа қўшинлари Таиланд ҳарбий базасини ўққа тутган ва тинч аҳоли манзилларига зарба берган. Оқибатда тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлган. Мамлакатнинг Сурин провинцияси раҳбари Суттхирот Чаронтанасак чегара яқинидаги 86 қишлоқнинг 40 мингга яқин аҳолиси эвакуация қилинишини маълум қилди.

Бунга жавобан Таиланд ҳарбий-ҳаво кучлари Камбоджадаги нишонларга зарба берди ва ҳарбий қўмондонлик қўшни давлатга қарши операция бошланганини эълон қилди. Мамлакат қуролли кучлари қўмондонлиги Камбоджага қарши оғир қуроллардан (гранатомётлар, танклар, зирҳли транспорт воситалари ва артиллерия) фойдаланиш ниятини эълон қилди. Таъкидланишича, ўт очишлар тинч аҳолига зарар етказмайди. Жанговар ҳаракатлар «Чакрапхонг Пхуванат» ҳодисага қарши кураш режасига мувофиқ ўтказилиши режалаштирилган.

Ўз навбатида, Камбоджа расмийлари ҳужумларни қоралаб, Таиланд қўшинлари бостириб кирганини ва Камбоджа кучлари фақат ўзини ҳимоя қилаётганини айтди.

Олдинроқ Таиланд Камбоджани баҳсли ҳудудга мина қўйишда айблаб, уч аскарни жароҳатлаганди. Пномпен айбловни рад этди. Кейинроқ Бангкок Пномпендаги элчисини чақириб олди ва Камбоджа Таиланд элчисини мамлакатдан чиқариб юбораётганини билдирди.

Можаронинг илдизлари қаерда?

Ярим асрдан кўпроқ вақт давомида Таиланд ва Камбоджа ўзларининг 817 км қуруқликдаги чегаралари бўйлаб демаркация қилинмаган турли нуқталарда суверенитет ҳақида баҳслашиб келадди. Шу йилнинг 28 май куни Таиланд аскарлари Камбоджанинг Прэахвихеа провинцияси ва Таиланднинг Убонратчатхани провинцияси ўртасидаги баҳсли ҳудудда Камбоджа ҳарбий постига қарата ўт очгач, бир аскар ҳалок бўлган ва бир неча киши яраланганида кескинлик авж олди. Шундан сўнг Пномпен ва Бангкок баҳсли чегара ҳудудларида ҳарбий иштирокини кучайтирди.

Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги кескинликнинг ушбу алоҳида ҳолати Прэахвихеа ибодатхоналари мажмуаси ҳудудидан бошланган.

«Бу муҳим маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган ва бутунлай Хмер цивилизацияси доирасидаги маъбаддир. БМТ 1962 йилда у Камбоджага тегишли эканлигини аниқлади. Бироқ, маъбаднинг мансублиги бир нарса, ва аслида анча кенг бўлган маъбад мажмуасининг ҳудуди бошқа нарса. Шундай қилиб, аслида маъбад Камбоджаники деб ҳисобланади, аммо у жойлашган ҳудуд Таиланд бўлиб қолди. Маъбад атрофидаги ҳудудларни чегаралашдаги қийинчилик турли сабабларга кўра авж олган «яширин можаро»ни келтириб чиқаради. Чегарада шунга ўхшаш ҳолатлар 2008 ва 2011 йилларда ҳам содир бўлган», — дейди Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти Жануби-Шарқий Осиё тадқиқотлари маркази раҳбари Дмитрий Мосяков.

У қўшимча қилишича, чегаралардаги можаролар кўпинча Таиланд ёки Камбоджадаги ички тартибсизликлар билан боғлиқ. Ҳукмрон доиралар ҳудудий низоларни қўзғатмоқда ва шу тариқа аҳолини чуқур ички муаммолардан чалғитишга ҳаракат қилмоқда. Таиландда ҳозирда монархия, антимонархия, ҳарбий ва фуқаролик кучлари ўртасидаги қарама-қаршиликда анча мураккаб вазият юзага келган.

Кескинлик нимага олиб келиши мумкин?

Катта эҳтимол билан, можаро маҳаллийлаштирилади ва яқин келажакда бир неча ҳафтадан бир неча ойгача бўлган уфқ билан суст босқичга ўтади.

«Икки давлатнинг сиёсий маданияти ва олдинги можаролар тажрибаси ушбу сценарийни тасдиқлайди. Бироқ, у кун тартибидан бутунлай олиб ташланмайди, чунки бу Таиланддаги ҳарбийлар ва ҳокимиятдан вақтинча четлатилган Бош вазир Фетонгтан Шинаватра ўртасидаги ички сиёсий келишмовчиликлар туфайли юзага келди», — дейди шарқшунос Екатерина Колдунова.

Бу фикрга сиёсатшунос Дмитрий Мосяков ҳам қўшилади. Унинг фикрича, яқин келажакда Камбоджа ва Таиланд ўртасида йирик ҳарбий можаро кутилмаслиги керак.

«Ҳар икки давлат ҳам бундай қарама-қаршиликларни тугатиш тажрибасига эга. Ўйлайманки, мамлакатлар вақтинчалик келишувга эришиб, тарқалиб кетишади», — дейди Мосяков.

Сиёсатшунос Дмитрий Солонниковнинг айтишича, минтақада тартибсизликлар авж олаётгани, турли кучларнинг вазиятни беқарорлаштиришга уринишлари яққол сезилмоқда. Бироқ, шу пайтгача Камбоджа ва Таиланд ўртасидаги бундай тўқнашувлар жуда тез якунланган ва бу сафар ҳам худди шундай натижани кутишимиз керак. Булар ядровий кучлар эмас... Ҳозирча жаҳон ҳамжамияти ҳам бу жиддий можарога айланишини кутмаяпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?