Ўрта мактабларда маслаҳатчи лавозими жорий қилинади

15:46 09 Сентябр 2025 Жамият
288 0

Иллюстратив фото

Кеча, 8 сентябрь куни Президентимиз мактабдан ташқари таълимни янги босқичга олиб чиқиш, ўқувчиларни бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича қарорни имзолади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жойлардаги 219 та «Баркамол авлод» мактаби, «Ёшлик» спорт жамияти, Ўқувчи ёшлар маркази ва Ўзбекистон болалар ташкилоти негизида республика, ҳудуд ва туманларда «Келажак» марказлари ташкил этилади.

«Келажак» марказлари мактаблар билан узвий ва мақсадли тадбирларни жонлантириб, муҳандислик, илм-фан, маданият, санъат, китобхонлик, спорт ва экология йўналишлари бўйича ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилади.

Ушбу тизим билан барча мактаблар қамраб олиниши таъкидланди. Ҳар бир ўрта мактабда маслаҳатчи лавозими жорий қилинади. Маслаҳатчилар ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишига қараб, тил, касб, муҳандислик, ижод, санъат ва спорт тўгаракларини ташкил қилади.

Маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари синф раҳбари, мактаб психологи билан хулқ-атворида салбий ўзгариш бўлган ўқувчиларни таълим ва оиладаги муаммоларини ўрганиб, уларни енгиб ўтишга ҳамроҳлик қилади.

Маҳалладаги ёшлар етакчилари эса ўқувчиларни мактабдан ташқари вақтини мазмунли ўтказиши учун масъул бўлади.

Энг асосийси, энди мактабларда ўқувчиларнинг тўгараклар, спорт, волонтёрлик ва олимпиадаларда эришган натижалари бўйича «рақамли портфолио»си шаклланиб, электрон шаҳодатномада кўрсатилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?