Орол инқирози инсоният эътиборсизлиги ҳақида даҳшатли эслатма

16:14 23 Январь 2024 Жамият
1063 0

Бугунги кунда кўплаб глобал муаммолар жамиятнинг барқарор ривожланишига жиддий таҳдид солмоқда. Жумладан, экологик мувозанатнинг бузилиши ва биосфера ҳолати, атроф-муҳит сифатининг ёмонлашиши инсон ҳаёти учун зарур бўлган табиий неъматларга жиддий хавф туғдирмоқда. Шу боис мамлакатимизда Оролбўйи аҳолиси турмуш даражасини юксалтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётгани барчамизни қувонтирмоқда.

Ушбу сиёсатнинг асосий мақсади минтақадаги глобал муаммолардан бири бўлган Оролбўйи аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳудуддаги биохилма-хилликни сақлаш ҳисобланиб, бу йўналишда денгиз инқирозидан сўнг юзага келган экологик вазиятни юмшатиш билан боғлиқ қонунлар, фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди.

2021 йилнинг 18 май куни БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг ялпи мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига кўра, Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан маъқулланди.

Айни пайтда мазкур йўналишда Орол минтақасида қурғоқчилик давом этишининг олдини олиш, яъни Орол сатҳидан заҳарли чангларнинг ҳавога кўтарилишини тўхтатиш учун денгизнинг қуриб қолган ҳудудларини ўрмонзорга айлантириш ҳаракатлари қизғин давом этмоқда.

2023 йилнинг 22-24 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида тузилманинг сув масалалари бўйича ўтказилган конференциясида мамлакатимиз делегацияси аъзоси Саида Мирзиёева нутқ сўзлаб, БМТ минбаридан Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мамлакатимизнинг етакчилиги хусусида сўз юритди.

Хусусан, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибрайим Юсуповнинг элегиясидан бир парча (қорақалпоқ тилида) ўқиб берди:

Таўлар шөгип, жерге кирмеген шығар,

Жулдызлар ҳәм бирден сөнбеген шығар.

Дүня ҳеш ўақтада көрмеген шығар:

Бир майданда теңиз қурып қалғанын.

Шеърда денгизнинг кўз очиб юмгунча саҳрога айланиши фожиаси тасвирланган. Қорақалпоғистонда одамлар ҳамон денгизни қўмсаб, қадрдонини ёд олиб йиғлаган каби фарёд чекадилар. Сувга мўл денгиз фақат Нукус музейидаги рассомларнинг ярқираб, жилваланиб, ҳаёт ва эркинлик бахш этувчи расмларида қолган. У қуриб битгандагина одамлар унинг қадрига етди. Орол денгизининг инқирози инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир. Бироқ ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда. Мамлакатимиз Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида изчил саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, дея таъкидлаган эди Саида Мирзиёева.

Аҳамиятлиси, Оролбўйи минтақаси тизимини муҳофаза қилиш Конституция даражасида мустаҳкамланганлиги халқимизни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, минтақанинг ривожланиши учун барча шароитлар яратилишини кафолатлайди.

Ўзбекистон Президентининг саъй-ҳаракати билан бугун Мўйноқнинг янги қиёфаси яратилди, ҳудудга янги руҳ, жон бағишланди. Мўйноқ ҳудуди, Орол денгизининг қуриган тубида ҳам илмий инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти жамоаси томонидан истиқболли илмий изланишлар олиб бориляпти.

Институтимизнинг бош мақсади, бу — атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, минтақанинг экологик муаммоларини бартараф этиш, республикамизнинг табиий, энергетика, минерал хомашё ва ўсимлик ресурсларидан мақсадга мувофиқ фойдаланиш бўйича истиқболли фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, илмий кадрларни тайёрлаш, фан-таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, минтақанинг ривожланиши учун аҳамиятли бўлган халқаро лойиҳаларда иштирок қилиш ҳисобланади. Бизнинг илмий фаолиятимиз ҳам атроф-муҳитни муҳофаза этиш, барқарор ривожланишни табиий илмий ёндашув негизида таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ.

Ҳозирги кунда институтимиз олимлари Оролбўйи атрофидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасида ва экологик муаммоларни ечиш бўйича тизимли ҳаракатларнинг иштирокчиси бўлиб, илмий-тадқиқот ишлари олиб бормоқда. Бу тадқиқотлар натижасида олимларимиз Орол денгизи ва Оролбўйи табиий ҳудудлари биологик режими ўзгаришларини кўрсатувчи жуда кўп ва турли-туман, ноёб материалларни тўплади.

Айтиш жоиз, институтимизда 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари анъанавий “Жанубий Оролбўйи биологик ресурсларини сақлаш ва самарали фойдаланиш муаммолари” номли IX халқаро илмий-амалий конференция ташкил қилинди. Конференциянинг мақсади мавжуд экологик муаммоларни ҳал қилишга тегишли мутахассисларни, олимларни ва аҳолининг кенг қатламини жалб қилишдир. Мазкур анжуманда мамлакатимиз ва чет давлатлар етакчи илмий муассасаларининг, олий ўқув юртлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳамда ёш олимлар, докторантлар, тадқиқотчи-изланувчилар қатнашди.

Олимлар жанубий Оролбўйи табиий муҳитининг ҳозирги ҳолатини ўз чиқишларида тасвирлаб берди. Ердан фойдаланишда табиат муҳофазасига эътибор қаратган ҳолда бошқариш муаммолари муҳокама қилинди ҳамда ҳудуднинг табиий муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар билдирилди.

2023 йил август ойида институтимиз олимлари Туркиянинг Эгей университетида бўлиб ўтган “Атроф-муҳитни узлуксиз мониторинг қилиш учун биологик тест моделлари” тренингида иштирок этди.

Унда дунёнинг турли мамлакатларидан келган нуфузли олимлар тупроқ қатламининг бугунги ҳолати, экологик ва экотоксикологик тадқиқотларни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида ўз фикр ва мулоҳазалари билан тажриба алмашди.

Айни чоғда, институтимизда Қорақалпоғистон Республикасини барқарор ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этиш мақсадида минтақада содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни математик моделлаштириш ва прогнозлаш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилаётир. Аниқроқ айтганда, “Экологик жараёнларни моделлаштириш” лабораторияси ходимлари томонидан Орол денгизининг қуриган тубидан тузларнинг тарқалиши, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши муаммоларини моделлаштириш натижаларига кўра, бу муаммоларни юмшатишнинг амалда ягона чораси Орол денгизининг қуриган тубини ва сувни фитомелиорация қилиш, деган хулосага келинди. Ушбу жараён чўл ҳудудлари, шу билан бирга, чорва молларини озуқа билан таъминлаш муаммосини ҳам ҳал қилади.

Институтимизнинг таянч докторанти С. Рустамова “Қорақалпоғистон шароитида оқова сувлардаги микроскопик ва юксак сув ўсимликларини кўпайтириш ва уларни қишлоқ хўжалигида қўллаш” тижоратлаштириш лойиҳаси бўйича тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Лойиҳа бўйича Тахиатош туманидаги “Найман” ОФЙда сув ўсимликларини сунъий кўпайтириш ва чиқинди сувлардан фойдаланиш йўллари кўрсатиб берилган.

ЎзР ФА Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти геология лабораториясида яратилган Нукус шаҳри ерости сувларининг ва ерости сувигача жойлашган грунтларнинг шўрланиш хариталари республикадаги қурилиш объектларини лойиҳалашда қўлланилаётир. Хариталар бино ва иншоотларни шўр грунтларда ишончли ва тез лойиҳалашга имконият яратади. Бундан ташқари, Нукус шаҳрининг коллектор дренаж тизимини реконструкциялашда ва янги дренаж тизимларини лойиҳалашда қўлланилаётган хариталар Нукус шаҳрининг кўкаламзорлаштириш тизимини яратишга ёрдам беради.

Институтнинг “Ҳайвонот экологияси” лабораторияси ходимлари томонидан жанубий Оролбўйи ботқоқли ҳудудларида 15 туркум, 37 оилага мансуб қушларнинг 138 тури аниқланди. Шундан 43 тури гидрофил, 58 тури кўчиб юрувчи ва уяли, 26 тури қишлаш, 21 тури ўтроқ, 33 тури кўчиб юрувчи турлар ҳисобланади. Жанубий Оролбўйи учун қайд этилган 65 турдаги сут эмизувчилардан 41 тури жанубий Устюртда, жумладан, кемирувчиларнинг 28 тури, йиртқичларнинг 12 тури ва туёқлиларнинг 3 тури бошқа ҳудудларда аниқланган. Тадқиқот натижалари бўйича, Междурече сув омборида 17 тур балиқ, Шарқий Қоратерен кўлида 11 тур балиқ, Сайкўлда 10, Ачикўлда 6 тур балиқлар яшаши аниқланди.

Шунингдек, таълим – фан – ишлаб чиқариш интеграцияси доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хулоса ўрнида айтганда, Орол денгизининг қуриши ва бошқа экологик инқирозлар инсоният олдида турган энг йирик глобал муаммодир. Бу инсониятдан табиатга ҳурмат билан муносабат бўлишни, табиатга меҳр кўрсатишни талаб қилади.

Муҳими, бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида Оролбўйи ҳудудидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда. Қилинаётган амалий ишлар Мўйноқ ва Оролбўйи ҳудудида яшовчи халқларнинг турмуш шароитининг яхшиланаётгани мисолида намоён бўлмоқда.

Светлана МАМБEТУЛЛАЕВА,

ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ

табиий фанлар илмий-тадқиқот институти директори,

биология фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер