Ўқувчи-ёшлар учун бепул театр томошалари

12:50 16 Май 2023 Маданият
740 0

Фото: «Халқ сўзи»

Санъатлар ичида театр инсон кечинмаларининг шаклланиши, ҳаётий муаммоларни ҳал этиш йўлларини излаш, асосийси асар қаҳрамонларининг томошабин билан юзлашиши орқали аҳамиятлидир. Айниқса, ёшлар дунёқарашининг мустаҳкамланиши, миллий қадрият ва урф-одатларимизни яқиндан ўрганишларида унинг ўрни беқиёс.

Келажак авлод тарбиясида айни омилдан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини театр санъатидан кенгроқ бахраманд этиш, ўқувчи ва талабаларни театрларга жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мажлиси баёнига асосан юртимиз бўйлаб ўқувчи - ёшлар учун спектакллар намойишлари ўтказилмоқда.

Жумладан, Наманганда ҳам вилоят мусиқали драма театри томонидан театр томошалари бошланди. Ижодий жамоа мактаб ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларига “Ибрат”, “Азиз” ва “Усмон Носир” спектаклларини тақдим этмоқда. Эътиборлиси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди эзгу ишга қўшилиб, мактаб ўқувчиларининг спектаклларга бепул киришлари учун имконият яратиб, зарур маблағни ажратди.

Дастлабки босқичда театр биносида намойиш қилинган томошалар 15 майдан бошлаб сайёр усулга кўчирилди. Театр труппаси спектаклларни ҳар куни икки сеансда жойларда намойиш қилмоқда. Тасдиқланган жадвалга кўра, юқорида таъкидланган спектакллар туман маданият марказларида қўйилиб, унга мактабларнинг 10248 нафар ўқувчилари жалб этилади.

Кеча театр томошалари Наманган тумани марказидаги Маданият марказида ташкил этилиб, унда минг нафарга яқин ўқувчи ўқитувчилари билан биргаликда “Ибрат” спектаклини томоша қилди.

- Театрга аввал тушмаган эдим, актёрлар билан юзма-юз учрашувнинг гашти бошқача экан, - дейди тумандаги 25-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ойнур Исмоилова. – Спектаклни томоша қилиб, тарбия, тарих, одоб, муомала маданияти бўйича ўзимга хулосалар олдим. Тўрақўрғонлик маърифатпарвар инсон Исҳоқхон Ибратнинг юртимизда матбаачиликни йўлга қўйишдаги машаққатлари бизни бугунги кунда барча шароитлар яратиб берилаётган юртда улкан ишларни амалга оширишга руҳлантиради.

Ўқув йили якунланиши арафасидаги бу сингари сайёр спектакль томошалари вилоятнинг барча туманларида ўтказилиб, ўқувчиларни маънавият ва маърифат омилларидан бахраманд этади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер