Оқилона бошқарув ва ёшларга юксак эътибор намунаси

Маълумки, сентябрь ойи якунида давлатимиз раҳбари АҚШга ташриф буюриб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этди ҳамда қатор хорижий мамлакатлар етакчилари, халқаро ташкилотлар ва молиявий тузилмалар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Аҳамиятли жиҳати, Президентимиз БМТнинг юксак минбарига сўзга чиқиб, бир қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурар экан, ёшлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини айнан Ўзбекистонда жойлаштириш таклифи йиғилганлар ҳамда дунё ҳамжамияти томонидан қизғин кутиб олинди.
Қувонарлиси, мазкур ташаббус хорижий ўлкаларнинг ёшлар ташкилот ва идоралари мутасаддилари қалбида кенг акс садо берди.
Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиздир.
Таҳа АЙҲАН,
Ислом Ҳамкорлиги Ёшлар Форуми президенти:
— Навқирон авлод вакиллари билан ишлайдиган катта ташкилотнинг раҳбари сифатида улкан қувонч билан айтишим жоизки, жаҳон аҳли эътибори бир жойга қаратилган минбардан таклиф этилган, эртаси умидли бўлган “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”нинг тузилишида иштирок этиш мен учун улкан шарафдир.
Аввало ушбу ташаббусни қатъият билан илгари сургани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлигимни билдираман. Ушбу таклиф муҳим мақсадларни ўзида жамлаган, шунингдек, ёшлар фақат дунёнинг келажакдаги тинчлигини эмас, балки бугунги тотувлигининг ҳам ҳимоячилари эканининг ёрқин ифодасидир.
Ишончимиз комил, мазкур ҳаракат ёшларнинг Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) доирасида маданий алоқаларини мустаҳкамловчи кўприк ва самарали амалий алоқалар йўлида зарурий платформа ўлароқ хизмат қилади.
Биз елкама-елка туриб уни ҳаётга татбиқ этишда тайёрмиз. Ёшларнинг овози баралла янграши, ғоялари сиёсий кун тартибини шакллантириши ва уларнинг қуввати чинакам тараққиётни ҳаракатга келтириши учун астойдил киришамиз. Бизнинг муваффақият мезонимиз оддий, бунинг учун қарор қабул қилиш жараёнида ёшларимиз фаолроқ бўлиши зарур, пировардида жаҳонда можаролар камроқ, халқлар ўртасида эса бирдамлик мустаҳкам бўлади.
Юксак фахр билан айтаманки, Ислом Ҳамкорлиги Ёшлар Форуми “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни қўллаб-қувватлайди ва бутун дунё мамлакатларини уни биргаликда рўёбга чиқаришга чорлайди.
Энес ИМИНЎҒЛИ,
Туркия Республикасининг Спорт ва ёшлар масалалари вазири ўринбосари:
— Ҳозирги замон ёшлари фақатгина келажак бунёдкори эмас, балки бугуннинг ҳам кўзгусидир. Улар зулм ва адолатсизлик қаршисида сукут сақламайди. Фаластиндаги босқинчилик, Африкадаги эксплуатация, Осиёдаги ирқий, диний камситишларга қарши чиққан ёшлар ўз виждони чақириғига қулоқ тутмоқда, десак, муболаға эмас.
Марказий Осиёнинг юрагида қад ростлаган Тошкент асрлар давомида туркийлар учун қут-барака, биродарлик шаҳри сифатида тараққий этиб келмоқда. Бош кент кўп йиллик тарих давомида адолат, бағрикенглик ва тинчлик маркази ўлароқ турли маданиятларни бирлаштирди. Минг йилларки, Марказий Осиёдан Онадўлигача чўзилган туркийлар доимо ёвузликка қарши, осойишталик ва инсонпарварлик тарафдори бўлиб келган.
Тошкент бугун ҳам ёшларни тинчлик ва адолат сари илҳомлантирувчи макон. Бу айни кунларда, дунёнинг турли минтақаларида бўлиб ўт аётган катта тадбирларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Туркийлар бутун тарихи давомида фақат жанг майдонларида эмас, инсоният тамаддунида ҳам пешқадам бўлган. Эндиликда ушбу бой тарихий илдиз ва XXI аср ёшлари салоҳияти уйғунлашган ҳолда жаҳонда янги бир овозга айланади. Яъни, Марказий Осиё кенгликларидан бугунги қадар етиб келган тинчлик ғояси ёшларнинг куч-қудрати, иродаси ва ишончи орқали бутун дунёга ёйилади. Ахир биз келажак авлодларга қолдирадиган энг қимматли мерос урушсиз, адолатли ва тинч дунё бўлиши даркор.
Шу маънода, муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни тузиш ва унинг қароргоҳини Тошкент шаҳрида жойлаштириш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Саида Амна БАТУЛ,
Покистон Миллий ассамблеяси аъзоси, мамлакат бош вазирининг Ёшлар дастури координатори:
— Бугун сайёрамизда ёшлар улуши тарихдаги энг йирик рақамни ташкил этар экан, уларнинг овози ва қуввати тинчлик, бағрикенглик ҳамда барқарор тараққиётга асосланган келажакни қуришда муҳим аҳамиятга эгалигини ҳам урғулаш лозим. Шу ўринда, юртбошингизнинг узоқни ўйлаб, дунё аҳли тинчлиги ва бахтли эртаси йўлида билдирган таклифини қўллаб-қувватлаш мен учун катта ифтихор бағишлайди.
Маълумки, Покистон ва Ўзбекистон мамлакатлари ўртасида таълим, кўникмаларни ривожлантириш, маданият, спорт, тадбиркорлик соҳаларида ёшлар ҳамкорлиги бўйича англашув меморандумлари имзоланди. Бу бизнинг ёшларга ўқиш, инновациялар жорий этиш ҳамда минтақавий тараққиёт йўлида биргаликда ишлаш имкониятларини яратиши билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Президенти томонидан билдирилган мазкур ташаббус юртингизнинг маданиятлар ўртасидаги кўприк ва ҳамкорлик тарафдори сифатидаги ролини ҳам акс эттиради. Мен ёшларимизнинг ижодий салоҳияти, қатъияти ва дунёни умумий орзу қилинган ҳақиқатга айлантиришдаги тасаввурига қатъий ишонаман.
Ишончим комилки, ёш лидерлар мавқейини мустаҳкамлаш ва бирдамликни ривожлантириш йўлида “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни тузиш катта инсонпарвар кучга айланади.
Асқар ШАЙКИДИНОВ,
Қирғизистон Ёшлар ҳаракатининг Бош котиби, ёшлар сиёсати бўйича миллий эксперт:
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида минбарга чиқиб, бир қатор долзарб масалалар, қилинишни керак бўлган ишлар борасида атрофлича сўз юритди.
Айниқса, давлат раҳбарининг нутқдаги “Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиздир”, деган сўзлари барчамиз учун катта даъват, десак, адашмаймиз.
Сўз исботи билан деганидек, юртбоши қуруқ сўз билан чегараланмади. Унинг “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифи сўзимизни далиллайди.
Бугун дунё янги чақириқлар билан юзлашаётган бир пайтда айни форматдаги ёшларнинг мулоқоти ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш, маданий бирдамлик ва тинчлик ғояларини тарғиб этишда муҳим рол ўйнайди. Албатта, бундай ҳаракат дунё ёшлари учун муҳим платформага айланиши, уларнинг саъй-ҳаракатлари, эзгу ғоялари ва салоҳиятини бирлаштирувчи майдонга айланишига ишонаман.
Ушбу платформа янгидан янги ғоя, чақириқ ҳамда лойиҳаларни муҳокама қилиш, шунингдек, дунёда осойишталик ва дўстликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдонга айланиши учун ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ
(“Халқ сўзи”) ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг