Оналар хиёнат қилмайдилар

Фото: Иллюстратив фото
Бу воқеага қарийб ярим аср бўлди. Маҳаллага маҳалла, элга эл, ерга ер қўшилди. Шовуллаб оқаётган дарёдек умрлар, авлодлар ўтиб бормоқда.
Беихтиёр ўйга толаман: ўшанда онани шундай машаққатга ундаган, тоғдек сабр берган куч нима эди?
Бу дунёдаги барча оналарга хос руҳий қувват, меҳр эди, албатта. Шундан келиб чиқиб, бу момони ҳақиқий ўзбек онасининг тимсоли эди, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.
Қишлоққа йўлим тушиб, шу кўчадан ўтарканман, ўзидан-ўзи ўша таниш ҳовлига қарайман. Муниса аёл гўёки қадоқ қўлларини манглайига тираганча, уйи олдидаги эски харсангтош устида ўтиргандек туюлади. Назаримда кўзлари ёшланган...
Маҳалла этагида жойлашган ҳовуз рўпарасидаги ҳовлида кекса кампир турмушидан куйган ёлғиз ўғли билан умргузаронлик қилади. Ёз бўйи ҳовузда чўмилишга одатланган маҳалла болаларига шу шўрпешона кампирнинг нураб ётган уйи томидаги чумчуқ болалайдиган кекса тут дарахти ҳам эрмак бўлади.
Чўмилишдан зериккан болалар уй томига чиқишса, эски том беланчакдек тебранади. Тут қўйнида чумчуқ болалари безовта чирқиллайди. Ҳарсиллаб нафас олганича шу томонга югурадиган кампир ёлғондан болаларга пўписа қилади. Буни билсаларда, шумтакалар ура солиб қочиш асносида кампирнинг кун бўйи ғийқиллаб очиладиган кўча эшиги олдидаги харсангтошда ўтирадиган эллик ёшли ўғлини тошбўрон қилиб қочишади.
Болаларнинг ортидан югурган кампир нафаси қайтиб, ерга ўтириб олади. Уларнинг ортидан мўлтираб қараганича, ғудраниб йиғлаётган ўғлининг бош-кўзини силайди, энтикиб-энтикиб йиғлайди.
Кампирнинг ўғли уйланганидан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай, сулувгина келинчак бошқа бир эркак билан қочиб кетгач, қишлоқнинг олд йигити бўлган янги куёв бола бир кечада телбага айланди. Бир кечада сочлари оппоқ бўлиб оқариб кетди... Ёстиқдоши урушдан қайтмай, бир ўғли билан бева қолган маъсума аёл қолган умрини шу ўғлига бағишлади.
Тили ғудраниб, гапира олмай қолган ўғлини ювиб-тарайди, гўдакдек беғубор бахтсизининг бошида тунлари ғамгин қўшиқлар айтади, эрта тонгда суюклисини эркалаб уйғотгач, она-бола мўъжазгина супачада нонушта қилишади.
Маҳалла-кўй барака топсин. Онахонни ёлғизлатиб қўйишмайди. Кимдир иккита иссиқ нон, бир коса обиёвғон, ширинлик дегандек, она-боланинг кунлик ризқига етадиганини чиқариб туришади.
Бола бола эканда. Деярли ҳар куни кечки овқат устида ота-оналаридан дакки эшитадиган жужуқлар эртасига яна ўз билганларидан қолишмайди. Ҳовузда чўмилиш, чумчуқ боласи, кекса кампирнинг ёлғон пўписа билан орқаларидан югуриши... уларнинг кўнгил майлига айланиб қолгандек эди.
— Шўрлик кампирнинг боласига кўзи қиймайди! — ҳар оқшомда қўни-қўшнилар суҳбати ўз-ўзидан она-бола мавзусига тақалаверади. — Кампиршонинг жони темирдан чоғи, сочлари оқариб қорайди, тишлари янгитдан чиқди...
Баъзан ёш-яланглар маҳалла оқсоқолларидан бева кампирнинг ёшини сўра қолишади.
— Бу онахон асрни қаритган,-жавоб ҳам ғарибгина оиланинг руҳияти каби вазмин, мужмал бўлади.
Кўримсизгина кулба томини одатдагидек биринчи бўлиб лолақизғалдоқлар қоплаган эрта кўклам тонгида бир умр азоб-уқубатлар гирдобида яшаган она «вой боламлаб...» йиғи чиқарди. Орадан бир ҳафта ўтиб эса, муниса она ҳам омонатини топширди. Маҳалладошлар етти кун ичида бир ҳовлидан иккинчи тобутни елкаладилар.
Кекса кампир ва унинг бахтиқаро ўғли бу тириклик дунёсида анчадан буён йўқ.
Аммо маҳалладошлар уларнинг ҳовлисини, дарахтларини авайлаб-асрашди, парваришлашди. Шу боис эндиликда бу гўшада бошқа бир оила умргузаронлик қилаётган бўлса ҳам, ушбу ҳовлини «она-боланинг уйи» деб атайдилар.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг