Она тилимиз — халқимизнинг бебаҳо бойлиги. Уни асраб-авайлашга барчамиз масъулмиз

09:34 22 Февраль 2019 Жамият
2674 0

“Халқ сўзи” газетасида жорий йил 14 февраль куни чоп этилган “Ёт андозалар, мавҳум ғоялар, қурама тиллар” сарлавҳали мақолани ўқиб, айрим фикр-мулоҳазаларимни билдиришга жазм этдим.

Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди: ўтган асрнинг етмишинчи йиллари ўрталарида Самарқанд давлат университетида таҳсил олардик. Бир гуруҳ талабалар Москвага бордик. Кўчаларни сайр қилиб юрганимизда немис миллатига мансуб икки нафар зиёлинамо киши билан суҳбатлашиб қолдик. Албатта, таржимон орқали. Биз Германияни, унинг шаҳарларини, улуғ шоир ва ёзувчиларини яхши билишимизни айтдик. Улар эса бизнинг қаердан эканлигимизни билишга қизиқишди.

— Ўзбекистонданмиз, — дедик.

Улар “билмаймиз”, дегандек бош чайқашди.

Гапдан-гап чиқиб, “Самарқандда ўқиймиз” деганимиз заҳотиёқ:

— О-оо, Самарканд, Самарканд, — дея хитоб қилиб қолишди. — Тамерлан, Тамерлан!

Ўша вақтларда Амир Темур шахсияти қораланган даврлар бўлгани боис буюк бобомизнинг қадрини ўзимиз ҳам яхши билмас эдик. Чет эллик ҳамсуҳбатларимиз соҳибқирон бобомизни биздан ҳам кўра яхшироқ билишгани учун самарқандлик талабаларга ҳурмат билан қарашган экан.

Буюк аждодларимизнинг номлари бизга ҳам ғурур, ҳам масъулият юклаши зарур. Ёшларимиз шу нарсани аниқ билишлари лозимки, четдан кириб келаётган ҳар қандай “удум”ни қабул қилавериш — бизни тарихимиздан, миллийлигимиздан узоқлаштиради, ўзлигимиздан кечишга даъват этади. Охир-оқибатда минг йиллик тарихимизни, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни йўққа чиқаради! Ўзини шу Ватаннинг ҳақиқий фарзанди деб ҳисоблагувчи ҳар бир инсон анъаналаримизни тарғиб этиши ва ундан фахр-ифтихор ҳиссини туйиши даркор. Телеэкранларда ҳадеб хориж сериалларининг берилишини ёқламайман. Сериаллар ҳам маълум маънода бизнинг шарқона одоб-ахлоқимизга путур етказишга хизмат қилмасмикан, деб ўйлаб қоламан.

Кўчалар, савдо дўконларидаги рекламалар ва пешлавҳаларни ўқиб, пешонангиз тиришиши турган гап. Ана шундай ола-қуроқ рекламаларни биргина пойтахтимизда эмас, бошқа жойларда ҳам учратиш мумкин. Биз қайси мамлакатда яшаётганимизни ҳар қадамда ҳис этишимиз лозим. Бизга тушунарсиз ҳамда тутуруқсиз хорижий реклама ва эълонларнинг нима кераги бор? Ахир давлат тили мақоми берилган гўзал ҳамда жозибадор она тилимиз бор-ку!

Тенгсиз қаҳрамонликлари эвазига Темур бобомизга “Амир” рутбаси берилган. Бу исм эмас, унвон. Бобомизга ҳурмат нуқтаи назаридан “Амир” сўзини қўшиб Амир Темур деймиз. Баъзан “А. Темур кўчаси”, “А. Темур шундай деган эди” қабилидаги ҳолатларга дуч келгудек бўлсак, бу борада тарихчиларимиз, тилшуносларимиз миқ этмай туришларига ҳайрон қоласан киши.

“Давлат тили ҳақида”ги Қонунга зид, ғашга тегадиган ҳолатларга жимгина қараб тураверсак, она тилимизнинг аҳволи нима бўлади? Мамлакатимизда Қонунни бузганлик учун жавобгарлик бор. Шундай экан, айнан “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг амал қилиши бўйича махсус комиссия тузилиши, у жойларда, хоҳ давлат идораларида бўлсин, хоҳ жамоат ташкилотлари ёки таълим муассасаларида ё хусусий корхоналарда бўлсин, қонунбузилиш ҳолларига барҳам бериши, тилимизнинг софлигини сақлаш учун курашиши мақсадга мувофиқ. Албатта, бу жараёнда кенг жамоатчилик ва ҳар бир юртдошимиз фаол иштирок этиши лозим. Негаки, она тилимиз — халқимизнинг бебаҳо бойлигидир. Уни асраб-авайлашга барчамиз масъулмиз.

Абдуқаюм БЕККАМОВ, Деҳқонобод тумани.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер