Олий суд: Йигирма йиллик низо ниҳоят ҳал этилди
Фуқаролар ўртасида келиб чиққан уй-жой билан боғлиқ низога нақ 20 йил давомида ечим топилмаса-я?! Бу ҳақда эшитган одам борки, ҳайрон қолиши, ёқасини ушлаши табиий.
Келинг, аввало, ўша низо қандай келиб чиққанини билдирсак. Гап шундаки, Бешариқ тумани, Рапқон қишлоғида яшаган Ҳукуматой ўаниева 1998 йил 17 сентябрда ўзи яшаб турган уйни Ш. Қодировга сотади. Аммо у ернинг 10 сотихи ўғли Одилжон ўаниевга ўтказилганда, уйни сотишга розилигини баён қилиб, тилхат ёзиб берган. Лекин бу тилхат суд жараёнида эътибордан четда қолиб келади.
Орадан 2 йил ўтиб-ўтмай, онахон вафот этади. Воқеалар ривожига кўра, 2013 йил мартида Ш. Қодиров номига кадастр ҳужжати тайёрланиб, давлат рўйхатидан ўтказилади ва низоли уй-жой унинг мулкига айланади. Одилжон ўаниев эса шу ерда уй ҳамда бошқа қўшимча иморатлар қуриб яшашда давом этади.
Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг 2017 йил 24 майдаги ҳал қилув қарори билан Ш. Қодиров даъвоси қаноатлантирилиб, ўаниевлар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган хоналарни буздириш ва уларнинг бу уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилиб, мажбурий тартибда кўчириш белгиланади. Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 26 сентябрдаги ажрими билан суднинг мазкур ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилади.
Низо эса тобора чигаллашиб бораверади. Яъни тарафлар ўзаро муроса йўлини танламайди. Булардан безган О. ўаниев Олий судга мурожаат этиб, 4 нафар фарзанди ҳамда келини билан уйсиз қолаётганини билдиради. Айни чоғда онасининг тилхати ва 7 нафар туғишганларининг уйда улуши борлигини баён қилади. Шунга мувофиқ, ушбу иш Олий судда ўрганилиб, суд қарорларининг ўаниевларни уйдан кўчириш ҳамда қурилган иморатларни буздириш ҳақидаги қисмини бекор қилиш ва шу қисмини янгидан кўриш ҳақида Олий суд раиси ўринбосари томонидан протест келтирилди.
— Низони адолатли ҳамда қонуний ҳал этиш мақсадида жорий йилнинг 23 февралида Рапқон қишлоғига бордик, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров. — Туман прокурори, ер ресурслари ва кадастр хизмати вакиллари иштирокида тарафлар билан суҳбатлашдик. Уйни кўздан кечириб, тарафлар ҳамда уларнинг оила аъзоларига ҳуқуқини тушунтириш баробарида, мазкур масалани келишув йўли билан ҳал қилишни таклиф этдик. Натижада даъвогар Одилжон ўаниевнинг ишончли вакили Гулчеҳрахон ўаниева ва Шарофиддин Қодиров ўртасида келишув битими тузилиб, тасдиқлаш учун тақдим қилинди. Унга биноан, ҳовли икки қисмга бўлиниб, ер майдонининг 10,23 сотих қисми ҳамда уй-жойлар О. ўаниев оиласига берилди, шунингдек, 12 сотихли ер майдони ва ундаги уй-жой Шарофиддин Қодиров оиласи эгалигига ўтиши белгиланди. Шундай қилиб, узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган можаро барҳам топди, икки оила вакиллари эса енгил тин олди. Бу билан демоқчимизки, агар масала ётиғи билан тушунтирилса, одамлар тушунади. Зеро, биз ер талашишдан ор қиладиган элнинг фарзандларимиз.
Умуман, судьялар ва давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида 2017 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 5 мингдан зиёд фуқаролик низолари тарафларни яраштириш орқали ижобий ечиб топди.
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг