“Оғир кунда қўллаганларни унутмайсиз...”

15:29 10 Февраль 2026 Жамият
594 0

Кун бўйи ёлғиз уйда бир нуқтага термилиб ётишнинг азобини тасаввур қила оласизми? Буни ҳеч кимга раво кўрмаймиз, албатта. Аммо болаликдан тўшакка михланиб қолган инсон қалбига қулоқ тутсангиз, буни нақадар азоблигини тушунасиз.

Акбарали катта оилада беш ака-уканинг энг кичиги. Кенжатой қадрдон хонадонни шодон кулгиларига тўлдириб, чопқиллаб юролмади. Унинг оёқлари мажолсиз бўлиб, шифокорлар туғма ногиронлик ташхисини қўйишди. Шу тарзда Акбарали узоқ йиллар тузалмас дард билан курашди. Маҳалладошларининг ғамхўрлиги, яқинларининг меҳри, эътибори куч-қувват бахш этиб, яшашга бўлган иштиёқини сўндирмади.

Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Инсон қадри учун” тамойили асосида у истиқомат қиладиган “Оқтепа” маҳалласидаги саховатли инсонлар кўмагида ушбу оилага икки-уч хонали шинам уй қуриб берилди. Хонадоннинг ташқи қисми таъмирдан чиқарилди, ҳовли атрофи ободонлаштирилди. Ўғли Оллобердининг суннат тўйи ўтказилди. II гуруҳ ногирони бўлган Акбарали Мамасолиев билан бирга, икки нафар вояга етмаган фарзандига ҳам доимий нафақа тайинланди. Маҳалладошлар ҳар бир байрамда озиқ-овқат маҳсулотлари, турли совғалар билан йўқлаб туришади. Аммо халқимизда яхши бир гап бор: Қўлдан берганга қуш тўймайди...

Маҳалладаги ижтимоий ходим Гавҳарой Узоқова хонадондаги ҳолатни яхшилаб ўргангач, бу оилани барқарор даромад манбаи билан таъминлаш зарурлигини тушунди. Оила соҳибига компьютер жамланмаси олиб берилди. Катта йўл бўйида жойлашган уйининг ташқи томонидан дарча очилиб, пайнет хизмати ташкил этишга кўмаклашилди.

Қиш мавсуми учун кўмир захираси яратилиб, электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида нақд пул шаклида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.

—Қувонарлиси, бундай эътибор ва рағбат туфайли оила боқимандаликдан қутулди, — дейди Г. Узоқова. — Эндиликда кунига энг камида 50-60 минг сўм даромад бор. Муҳими, Акбарали уйида ўтириб ишлайди. Ҳозирда қисқа муддатли онлайн курсларда ўқитиш орқали Акбаралини қўшимча хизматлар кўрсатиш фаолияти бўйича билимини ошириш ҳаракатидамиз.

“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази Бувайда туман бўлими томонидан Акбаралига қўлтиқтаёқ совға қилингач, у мустақил равишда ҳаракатланмоқда. Аввал куннинг асосий вақтини ногиронлар аравачасида ўтказган инсон учун бу жуда қувонарли. Айни пайтда у ҳар куни эрталаб маҳалладаги 41-умумтаълим мактабининг ўқувчиси бўлган қизи Оишахонни ўқишга кузатиш учун кўчага чиқади. Бўш вақти бўлганида икки ёшли ўғлини ўйнатади.

— Мактабда аъло баҳоларда ўқиб, келажакда шифокор бўлмоқчиман, — дейди Оишахон.— Яхши одамлар борлиги учун дадам юриб кетди, уй вазифаларини тайёрлаш учун энди менинг ҳам дарсхонам бор. Яқинда укам маҳалладаги боғчага қатнай бошлайди.

Оила бекаси Раънохонни ҳам ушбу мактабга техник ходим сифатида ишга жойлаштиришга келишиб олинди. Ўғли боғча ёшига етгач, ишга чиқади. Бу ҳам оила учун яна бир қўшимча даромад.

Бувайда тумани марказидан 15 км олисда жойлашган мазкур маҳаллада аҳолининг асосий даромад манбаи – деҳқончилик. Оқтепаликлар ҳам бошқа маҳаллаларда яшовчилар сингари кўпроқ шоличилик билан шуғулланади. Кейинги йилларда ҳунармандчилик ҳам жадал ривожланмоқда. Ҳудудда бунёдкорлик ишлари кўплиги инобатга олиниб, ҳомийлар кўмагида Акбаралига қурилиш жиҳозларини кунлик ижарага бериш хизматини йўлга қўйишга ёрдам бериш кўзда тутилган.

Айни пайтда маҳалладаги 1046 та оилада 3,5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Маҳаллада 61 нафар ногиронлиги бор шахс бўлиб, “маҳалла еттилиги” ҳар бири билан алоҳида ишлаш орқали доимий даромад манбаига эга бўлмоқда. Мақсад яқин истиқболда Оқтепани камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган.

— Оиламиз чинакам қувонч, бахт нималигини ҳис этди, — дейди Акбарали.—Ҳаётимизда фароғатли кунлар бошланди. Оғир кунларда қўллаганларни ҳеч қачон унутмайсиз, албатта. Бу дунёда яхшилар бор яхшиям...

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?