Нурота туманига Мўғулистондан «Баят» зотли қўйлар олиб келинди

Қизилқумда аждодларимиз азал-азалдан чорва билан шуғулланишган. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳам чўлда тўрт миллион бошга яқин қўй-қўзи боқилиб, минг-минглаб қизилқумликларни иш ва ризқу насиба билан таъминлаган. Кейин муайян сабабларга кўра Қизилқумда чорва туёғи камайиб кетди.
Шу боис одамлар ҳудуддаги Нурота ва Конимех туманларида чорвага ўрнатилган ҳайкаллар қад ростлашини истеҳзо билан қабул қилди. Чорванинг чинакам қаддини ростлашига эса 2024 йил 1 ноябрь куни шиддат берилди.
Ўша куни мамлакатимиз Президенти “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятларни ишга солиш ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар”га бағишлаб ўтказилган йиғилишда мазкур масалани таҳлил этаркан, 2024-2026 йилларда Мўғулистон давлатидан гўшт ва жун йўналишидаги қўй-эчкиларни олиб келиш вазифасини белгилади.
— Ушбу топшириқлар ижроси доирасида ветеринар олимлар томонидан иқлим шароитимизга мос “Баят“ зотли қўйлар танлаб олинди, — дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Ойбек Низамов. — Ушбу қўйлар гўшт-жун йўналишида бўлиб, уларнинг тирик вазни 70-80 кг, қўчқорлари 100-120 килограммгача етади, гўшт чиқими тирик вазнига нисбатан 60 фоизни ташкил этади.
Хуллас, 2024 йил якуни билан Конимех туманига 50 минг бош ушбу зотдаги қўйлар келтирилди. Президентимизнинг жорий йил июнь ойидаги Мўғулистонга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувга мувофиқ эса ушбу давлатдан яна 100 минг бош қўй вилоятга олиб келиш белгиланган.
Шу асосда яқинда вилоятнинг Нурота тумани чорвадорлари Навоий халқаро аэропортида ушбу зотли қўйларнинг навбатдаги партиясини қабул қилиб олишди. Улар вилоятда яйловлардан самарали фойдаланишдан ташқари чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Жониворларнинг парваришини тўғри ташкил этиш мақсадида “Нурота Қоракўл наслчилик” МЧЖ томонидан омихта ем ва дағал озуқалар захираси яратилиб, тажрибали мутахассислар бириктирилган.
Келишув доирасида Нуротага йил якунига қадар 10 минг бош қўй келтирилади. Вилоят бўйича эса октябрь ойида тизимли равишда 60 та авиарейсда 50 минг бош, ноябрь-декабрь ойларида яна 50 минг бош, жами 2025 йил якунига қадар 100 минг бош қўйларни юртимизга олиб келиш режалаштирилган. 2026 йилда эса яна 100 минг бош қўй олиб келинади.
Темур ЭШБОЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг