Нукусда дуал таълимни ташкил этиш бўйича форум ўтказилди

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Нукус шаҳрида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) билан ҳамкорликда «Дуал таълимни ташкил этишнинг афзалликлари» мавзусидаги республика форуми бўлиб ўтди.
Анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Б.Қайипбергенов, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти лойиҳа маслаҳатчиси Ҳирис Кристиан, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги профессионал таълим интеграцияси бошқармаси бошлиғи Ф.Машарипов, Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган таълим муассасалари, вазирлик ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Форум иштирокчилари дастлаб касбий таълим ташкилотларида дуал таълимни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижалари бўйича ташкил этилган кўргазма билан танишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларнинг касблар ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратиш, шу билан бирга, касбий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
— Дуал таълим иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга истиқболли йўналиш ҳисобланади, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Б.Қайипбергенов. Бу ўқувчи-ёшларга таълимни ўз йўналишига мос келадиган ташкилотда ишлаш билан биргаликда олиб бориш имконини берувчи тизимдир.
Бунда ёшлар 2-3 кун таълим муассасасида назарий билимларни эгалласа, 3-4 кун давомида корхона ва ташкилотларда ҳақиқий иш жараёнида амалий кўникмаларга эга бўлади. Аҳамиятлиси, дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчилар корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган вақтда уларга корхона томонидан устоз бириктирилади ва иш ҳақи тўланади.
Айни пайтда ушбу тизим Германия, Австрия, Швейцария ва Жанубий Корея каби давлатларда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Форумда маърузачилар республикамизда дуал таълимни ривожлантириш истиқболлари, бу борада Германия давлатининг тажрибаси, дуал таълимда ўқувчи, корхона, таълим муассасаси ва мамлакатнинг ҳамкорликдаги ишлари ҳақида маълумотлар берди.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда 31 та касбий таълим ташкилотида 745 та корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда дуал таълим йўлга қўйилган бўлиб, уларда 1716 нафар ўқувчи касб ва мутахассислик сирларини ўрганмоқда.
Бу борадаги самарадорликни ошириш мақсадида келгусида Амударё, Қораўзак, Қўнғирот туманлари ва Нукус шаҳридаги техникумларда 10 дан ортиқ касб ва мутахассислик турлари бўйича дуал таълимни йўлга қўйиш, шунингдек, бу орқали дуал таълимга қамров даражасини 3000 нафар ўқувчига, уларда ўргатиладиган касблар сонини 20 тага, ҳамкор корхона ва ташкилотлар сонини 1000 тага етказиш режалаштирилгани таъкидланди.
Форум доирасида касбий таълим ташкилотлари билан вазирлик ва корхоналар ўртасида дуал таълимни йўлга қўйиш борасида ҳамкорлик бўйича тегишли шартномалар имзоланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг