Номлар натижани ҳал қилган баҳс. «Насаф»нинг кечаги ўйини ҳақида

10:47 30 Сентябр 2025 Спорт
225 0

Кеча, 29 сентябрь куни Қаршининг «Насаф» клуби ОФК Элит чемпионлар лигаси мусобақаси доирасида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клубини қабул қилди.

Сўнгги 3 йилда Саудия клубларининг футболга сарфлаётган маблағлари шунчалик ортиб кетдики, на фақат Ўзбекистон, балки бошқа араб мамлакатлари ҳам улар билан рақобат қилишни истамай қўйди. «Саудлар»нинг трансфер сиёсатларига жавобан Қатар ва БАА клублари ҳам катта номлар билан шартнома имзолаши кутилган эди, аммо бу амалга ошмади.

Ўтган йили «Пахтакор» клубига ОФК Элит чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида Саудия клублари тўғри келмади. Бу эса «шерлар»ни эҳтимолий 9 очкодан айрилишдан асраб қолди. Лекин бу йил қуръа «Насаф»га Саудия клубларини «ҳадя этди». Натижада қаршиликлар ушбу мамлакат жамоаларига қарши ўтказиши керак бўлган 3 та ўйиндан 2 тасида мағлубиятга учради.

Жамоа дастлаб Жидда шаҳридаги баҳсда мусобақанинг амалдаги чемпиони — «Ал-Аҳли» клубини яхши қийнаган эди. Бу сафар ҳам ўхшаш манзара кузатилди, натижа эса яна шу бўлди.

«Ал-Ҳилол» жамоаси ушбу учрашувга мағлубиятсиз сериясини давом эттираётган ҳолда етди. Жамоа шу пайтга қадар Элит чемпионлар лигаси, Саудия Профессионал лигаси ва Қирол кубогида жами 6 та ўйин ўтказиб, 4 ғалаба ва 2 дуранг қайд этган эди. Бу гал ҳам ғалаба қўлга киритилди.

«Насаф» ҳам ўйинга яхши кайфиятда етди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари Жиддадаги мағлубиятдан сўнг, Суперлигада «Қизилқум»ни Навоийда ва «Хоразм»ни Қаршида мағлуб этган эди.

Ўйин олдидан «Ал-Ҳилол» таркибида йирик йўқотишлар бор эди: Жоау Канселу, Малком, Дарвин Нуньес ва Салим Ал-Давсарий жароҳат сабаб иштирок этмади.

Саудияликлар 3-5-2 тактикасига яқин услубда ўйин бошлади. Дарвоза Яссин Бонуга ишониб топширилди. Ҳимояда Калиду Кулибали, Ҳасан Ал-Тамбаκти ва Али Ал-Булайҳи ҳаракат қилди. Ярим ҳимояда Муҳаммад Канно ва Рубен Невеш, боғловчи сифатида эса Сергей Милинкович-Савич ўйнади. Қанотларда Ҳамад Ал-Ямий ва Тео Эрнандес, ҳужумда эса Маркос Леонардо ҳамда Абдуллоҳ Ал-Ҳамдам чиқди.

«Насаф»да эса Жиддада қизил карточка олган Алибек Давронов дисквалификация сабаб иштирок этмади.

«Аждарлар» 4-5-1га яқин тактикага суянди: Абдувоҳид Неъматов, Игор Голбан, Ғолиб Ғайбуллаев, Шерзод Насруллаев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Ойбек Бозоров, Шароф Муҳиддинов, Зафармурод Абдураҳматов, Сардор Баҳромов, Умар Эшмуродов ва Ҳусайн Норчаев асосий таркибда майдонга тушишди. Драган Черaн, Стефан Чолович ва Жавоҳир Сиддиқов захирада қолдирилди.

21-дақиқада ҳисоб очилди: Сергей Милинкович-Савич тўп учун курашда Абдувоҳид Неъматовнинг хатосидан фойдаланиб, «Ал-Ҳилол»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

25-дақиқада «Насаф» ҳисобни тенглаштирди. Сардор Баҳромов 25 метр масофадан аъло зарба билан Яссин Бону дарвозасини ишғол этди.

Биринчи таймга қўшиб берилган дақиқаларда «Ал-Ҳилол» яна олдинга чиқди. Тео Эрнандес «Насаф»нинг 5 нафар ҳимоячисини алдаб ўтди ва жамоаси учун иккинчи голни урди.

60-дақиқада Умар Эшмуродовнинг узун пасидан кейин захирадан тушган Жавоҳир Сиддиқов ҳисобни 2:2 қилди.

Бироқ 79-дақиқада «Ал-Ҳилол» тезкор ҳужум уюштирди ва Милинкович-Савичнинг узатмасини Маркос Леонардо голга айлантирди.

Учрашув аниқ 3:2 ҳисобида «Ал-Ҳилол»нинг ғалабаси билан якунланди.

Ўйиндан сўнг «Sofascore» портали Сергей Милинкович-Савични ўйин қаҳрамони деб топди. Сербиялик футболчининг ҳаракатлари 8,5 баллга баҳоланди.

«Насаф» футболчиларининг ҳаракатлари эса қуйидагича баҳоланди:

Абдувоҳид Неъматов — 7,5

Ғолиб Ғайбуллаев — 6,1

Игор Голбан — 6,3

Шерзод Насруллаев — 5,7

Шуҳрат Муҳаммадиев — 5,8

Ойбек Бозоров — 6,1

Шароф Муҳиддинов — 6,4

Зафармурод Абдураҳматов — 6,5

Сардор Баҳромов — 7,1

Умар Эшмуродов — 7,9

Ҳусайн Норчаев — 6,4

Жавоҳир Сиддиқов — 7,9

Драган Черан — 6,6

Суҳроб Нуриллоев — 6,4

Жавоҳир Убайдуллаев — 6,3

Стефан Чолович — 6,4

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида «Ал-Ҳилол» бош мураббийи Симоне Инзаги «Насаф» дарвозабони жуда яхши ўйин кўрсатганини ва Жиддада бўлиб ўтган биринчи тур баҳсида Мурод Раҳматов унинг эътиборини тортганини айтиб ўтди.

2-турдан сўнг «Насаф» ғарбий минтақада сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Бироқ бу ҳали якуний хулоса эмас. Кейинги турларда қаршиликларни «Трактор», «Ал-Шорта», «Шабаб Ал-Аҳли», «Ал-Ваҳда» каби Бердиев жамоасидан бир бош устун бўлмаган рақибларга қарши баҳслар кутиб турибди. Демак, «Насаф» мухлислари кейинги босқичдан умид қилишга ҳақли.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?