Ногиронларга аравача ва ортопедия воситалари топширилди

12:08 01 Декабрь 2021 Жамият
1086 0

Фото: «Халқ сўзи»

Наманганда 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни олдидан аҳолининг ушбу қатлами вакиллари хонадонига йўқловлар янада қизғин паллага кирди. Вилоят Нуронийлар кенгаши  ташаббуси  билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлими ҳамда  тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси ҳамкорлигида ногиронлиги бор фуқароларга махсус  аравача, эшитиш мосламалари, озиқ-овқатлар ва бошқа мурувват совғалари топширилмоқда.

Улардан бири – Наманган шаҳри Обод маҳалласида яшовчи Маъмурахон ая Каримова  нафақага чиққунига қадар халқ таълими тизимида ишлаган, инсульт касаллигидан сўнг ҳаракатланишида жиддий муаммо пайдо бўлган эди. 64 ёшли бу онахон ҳам махсус аравачаси билан таъминланди. Унинг маҳалладоши  Боқия Эгамова ҳамда уйчилик Бахтиёр Деҳқонов, Ҳамрохон Халиловаларнинг ҳам энди шундай аравачаси бор.

Вилоятда ушбу ҳафта давомида  200 нафардан ортиқ ногиронлар хонадонига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олиш, қатор саховат тадбирларини ўтказиш кўзда тутилган.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.         

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?