Навоийни англаш — миллий ўзликни англаш
Мумтоз адабиётимиз тарихида бетакрор ўринга эга бўлган Низомиддин Мир Алишер Навоий ижоди жаҳон адабиётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Улуғ шоирнинг бебаҳо ижодий мероси аллақачон умуминсоният маънавий мулки сифатида эътироф этилган. Бироқ мустабид тузум мафкураси ҳукмрон бўлган йилларда Навоий меросидан маънавий жиҳатдан узоқлашилди. Кўплаб тадқиқотларда унинг шеъриятига, давлат арбоби сифатидаги фаолиятига юзаки ёндашув устувор бўлди. Натижада ҳатто зиёлилар қатлами орасида ҳам «ҳар бир байти бир олам маънога эга», «Навоийни англаш жуда мураккаб» каби қолип иборалар шаклланиб, миллат улуғ шоир шеъриятининг руҳий қудратидан бебаҳра қолди.
Бугун эса мамлакатимиз навоийшунослик тадқиқотларининг йирик марказига айланиб бормоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2025 йилнинг улуғ аллома номи билан аталадиган вилоятда «Навоий йили» деб эълон қилиниши шоир адабий меросини ўрганиш ишларини мутлақо янги босқичга кўтарди. Маҳаллий ва хорижий олимлар, ижодкор зиёлилар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида анъанавий халқаро симпозиумнинг ўтказилиши эса бутун туркий олам адабий муҳитини ягона маънавий манба атрофида бирлаштирди.

Ҳазрат Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан вилоятда кенг қамровли маърифий тадбирлар ўтказилди. Таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий кечалар, мушоиралар ташкил этилди, янги илмий тадқиқотлар тақдим этилди. Хусусан, Навоий давлат кончилик ва технологиялари университетида ўтказилган «Навоийни англаш — ўзликни англаш» мавзусидаги адабий-маърифий анжуман мазмунан салмоқли бўлди. Унда «Алишер Навоий ҳаётига доир манбаларни ўрганишнинг янги босқичи», «Алишер Навоий ҳаёти йўли» китобининг яратилиш тарихи, Навоий ижодини ўрганишнинг ёш авлод камолотидаги аҳамияти каби масалалар муҳокама қилинди. Анжуманда университет жамоаси, «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ходимлари билан бирга мамлакатимизнинг таниқли навоийшунос олимлари ҳам иштирок этди.
Анжуманни «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ бош директори, сенатор Қувондиқ Санақулов кириш сўзи билан очар экан, сўнгги йилларда Ўзбекистон навоийшунослик тадқиқотларининг марказига айланганини, шоир ҳаёти ва ижодини ўрганишда янги давр бошланганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов «Алишер Навоий ҳаёти йўли» китобининг адабий-маърифий аҳамияти, шоир асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни хусусида маъруза қилди. Профессор Нурбой Жабборов эса Алишер Навоийнинг шоир ва давлат арбоби сифатидаги фаолиятининг янги қирраларига атрофлича тўхталди.
— Навоий юксак адабий қийматга эга асарларини она тилида яратиш орқали турк-ўзбек тилининг беқиёс қудратини, унинг бой тасвирий воситаларга ва кенг имкониятларга эга эканини амалий жиҳатдан исботлаб берди, — дейди профессор Нурбой Жабборов. — У ўз ижодий ва давлат арбоби сифатидаги фаолиятида икки муҳим ва мураккаб вазифани ўз олдига қўйган. Биринчиси — ўзбек адабий тилини юксак даражада ривожлантириш ва том маънодаги миллий адабиётни яратиш бўлса, иккинчиси — она тилини ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ҳимоя қилиш, уни давлат тили даражасига кўтариш йўлида курашишдан иборат эди.
Анжуман шоир ғазалларига басталанган куй-қўшиқлардан иборат бадиий дастур билан якунланди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг