Навоийда «Тўсиқсиз санъат» халқаро фестивалига старт берилди

16:49 17 Апрель 2024 Жамият
215 0

Фото: "Халқ сўзи"

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Тасвирий санъат таълими ҳақида сўз кетса, кўпчилик борлиқни фотография янглиғ акс эттириш тушунишади. Боиси, ҳатто яқин-яқинларда ҳам бу санъатда рассом маҳоратига «аслига ўхшатиш»ига қараб баҳо бериларди. Умумтаълим (асосан қишлоқ) мактабларида эса тасвирий санъат устозлари қўнғир (кейинчалик яшил) доскага оқ бўр билан ниманингдир расмини чизар, уйга вазифа ҳам шунга ўхшаш бўларди. Ранглар характери, ифода қудрати ҳақида деярли сўз юритилмасди.

Бир сўз билан айтганда тасвирий санъатда узоқ йиллар шунга ўхшаш «ўхшатиш» тенденцияси ҳукм суриб, ушбу санъат дурдоналари оҳанрабоси орбитасидан олис бўлганлигимиз бор гап.

Бугуннинг эса йўриғи бошқача – санъатнинг ушбу йўналишидаги бой маданий меросимизга муносиб баҳо берилиб, умуминсоний қадриятлар ўрганилмоқда. Тасвирий санъат таълимида талаб ошиб, устознинг ўзи пухта назарий билим билан бирга аввало рассомчиликда ҳам муайян даражадаги иқтидорга эга бўлиши лозимлиги устувор тутилмоқда.

Шу жиҳатдан Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими, вилояти Маданият бошқармаси ҳамда Навоий давлат педагогика институти (НДПИ) ҳамкорлигида «Тўсиқсиз санъат» номли расмлар кўргазмасини ўзига хос синов майдонига қиёслаш мумкин.

— Беш кун давом этадиган ушбу фестивалда НДПИ Санъатшунослик факультети талаба ва ўқитувчилари, ихтисослашган санъат мактабларининг педагоглари ҳамда тасвирий санъат ҳаваскорларининг асарлари намойиш этилади, — дейди Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Суҳроб Қодиров. — Шунингдек, фестиваль доирасида маҳорат дарслари ва тренинглар ўтказилади. Мақсад санъатнинг тўсиқсизлигини, унинг чегара билмаслиги, ёш танламаслигини таъминлашдан иборатдир.

Фестивалнинг дастлабки кунида Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари Шерзод Чориев, Фурқат Аслонов, Обид Қодиров ҳамда дастгоҳли ранг-тасвир йўналишининг 3-босқич талабалари томонидан яратилган санъат асарлари намойиш этилди. Фестиваль доирасида либослар кўргазмаси ҳам намойиш этилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер