Навоийда ўқитувчи ва мураббийлар шарафланди

17:31 16 Сентябр 2025 Жамият
99 0

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимизнинг фармонига кўра тақдирланган бир гуруҳ навоийлик ўқитувчиларга давлатимизнинг юксак мукофотларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Нормат Турсунов тақдирланганларни қутлаб, мамлакатимизда таълим тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати алоҳида эътироф этилаётгани ҳамда бир қатор имкониятлар яратиб берилаётгани янги-янги марралар сари қанот бўлаётганини таъкидлади. Хусусан, сўнгги 3 йилда вилоятдаги таълим муассасаларида ишлайдиган педагогларнинг тоифаси 68 фоиздан 71 фоиз ошиб, 1 870 нафар чет тили ўқитувчиларнинг 87 фоизи тил билиш сертификатига эга бўлди. Шу давр ичида битирувчиларнинг давлат ОТМга кириш кўрсаткичи 48,3 фоизга етказилди. Вилоятда янги баҳолаш тизимига ўтказилган мактаб ўқувчиларининг билим самарадорлиги 58,4 фоиздан 72,5 фоизга ошган бўлса, ушбу мактаб битирувчиларининг ОТМга кириши ўртача 81,0 фоизга етди.

— Бевосита таълим фидойиларининг меҳнати рағбатлантирилишга тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда вилоят бўйича 134 ўқитувчи 1000 ва ундан кўп доллар миқдорида ойлик маош олмоқда, — дейди Н. Турсунов. — Хусусан, Зарафшон шаҳридаги 8-мактабдан Ирода Содиқова (25 млн. сўм), 10-мактабдан Дилором Абдуллаева (20 млн. сўм), Хатирчи туманидаги 71-мактабдан Машҳура Тўхтаева (20 млн.сўм.) шулар жумласидандир. Шунингдек, вилоятимизнинг 68 нафар ўқитувчиси вазир жамғармасидан устама олади.

Тадбирда вилоят таълим тизими муассасаларининг моддий техник базаси мустаҳкамланиши ҳақида сўз бораркан, сўнгги уч йилда вилоятда 8 та умумтаълим мактаби янгидан барпо этилиб, 156 та мактабда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилгани, республика ва маҳаллий бюджетнинг 31,4 миллиард сўм маблағлари ҳисобидан 3000 дона компьютер, 450 дона электрон доска, мактабгача таълим ташкилотларига эса 1,9 миллиард сўм маблағ ҳисобига 550 дона планшетлар олиб берилганлиги таъкидланди.

— Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан ҳар бир ҳудудда таълим-тарбия сифатини оширишга қаратилган ягона ёндашувнинг жорий этилгани ҳамда “Янги авлод” боғчалари барпо қилиниши, мактаблар 12 йиллик таълим ўтилиши барча ота-оналар томонидан зўр қувонч билан қабул қилинди, — дейди “Дўстлик” ордени соҳибаси, Навбаҳор туманидаги 1-мактабгача таълим ташкилоти директорининг ўринбосари Сайёра Ҳафизова. — Шунингдек, янги ўқув йилидан боғчаларда ишлайдиган ўрта махсус маълумотли тарбиячилар учун бакалавр таълим шаклида “1+5” (1 кун ўқиш, 5 кун иш) жорий қилингани тизимдаги боғча тарбиячилари учун том маънода ажойиб совға бўлди.

Тадбирда давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилиб, фидойи, ўз соҳасининг етук билимдонлари, ташаббускор ва фаол ўқитувчи ҳамда мураббийларидан бир гуруҳи вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи, ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Темур ЭШБОЕВ

«Халқ сўзи».                                                                                                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?