Навоий вилояти: тарихий эврилишлар остонасида

Навоий вилояти ва шоир номини олган шаҳарни кўпинча воҳага кончилик саноатининг кириб келиши билан боғлашади. Бироқ ўлканинг қадим тарихи — Учтутдаги ер ости Чақмоқтош кони, Сармиш ва Сентобсойдаги қоятошга ўйилган суратлар, Кармана, Нурота ва Хатирчидаги осориатиқалар ушбу воҳа ҳудудида яшаган аждодларимиз ўз турмуш тарзи, эътиқоди, маданият ва маънавияти билан кишилик жамияти тамал тошининг қўйилишига ҳам муносиб ҳисса қўшганлигидан далолат беради.
Мозийнинг бугунга тутган кўзгуси
Тўғри, ўтган асрнинг иккинчи ярмида Қизилқум табиий бойликларининг аниқланиши ва ўзлаштирилиши Кармана ҳамда ундан Жануб томонга бир тош олисда жойлашган темир йўл бекати оралиғида мўъжазгина қўрғон яратилишига замин бўлди. Сал илгарироқ қадим шаҳардан уч юз километр йироқда — Шимолий Қизилқумда ҳозирги Учқудуқ, кейинроқ эса Зарафшон шаҳри ва Зафаробод қўрғонлари қад ростлаб, асос солинганига ҳали кўп бўлмаган Навоий кон-металлургия комбинатининг шаҳарсоз корхона сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлади. Бугунги кунда мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида етакчи улушга эга «Навоийазот», «Қизилқумсемент», «Навоий иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамиятлари каби корхоналарнинг пайдо бўлиш тарихи ҳам бевосита кончилик равнақи билан боғлиқ. Чунки шўро ҳукуматининг ўлка табиий қазилма бойликларини имкон қадар тезроқ қазиб, олиб чиқиб кетишдек талончилик сиёсати ҳудудга саноат кириб келишини тақозо этарди. Бироқ таъкидлаш жоизки, ҳудуднинг кончилик тарихи айни шу даврда яратилган дейиш, хато бўлади.
— Навбаҳор туманидаги Сармиш дараси ҳамда унга туташ Учтут қишлоғи аждодларимиз томонидан бундан беш-олти минг йил муқаддам макон тутилиб, бугунга қадар сақланиб қолган чақмоқтош конининг шахта харобалари ҳудуд кончилик тарихининг ибтидосидан далолат беради, — дейди ўлкашунос олим Рамазон Эгамов. — Ушбу конда аждодларимиз ер юзасида қуриб, мўрт бўлиб қоладиган чақмоқтошга ер остида ишлов бериб, меҳнат ва ов қуролларини ясашган. Бу жой ибтидоий даврда тош кон хомашёси олинган ноёб манзил бўлиб, у Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Шунингдек, қадимги кончилик тарихи бўйича тадқиқотлар Кармана ҳарбий сўғд иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлганлигини кўрсатади. Масалан, Қарнабда милоддан аввалги икки мингинчи йилликнинг биринчи ярмида қалай, милоддан аввалги III асрда Нурота тоғларидан олтин, кумуш, мис, қўрғошин каби металлар қазиб олиниб, Бухорода кумуш тангалар зарб қилинган.
Кончилик — халқимизнинг меҳнат тарихи
«Тарих ёзилмайди, кечилади», дейишади. Халқимиз ўзининг минг-минг йиллик кечмишида инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшгани, ҳар икки Ренессанс Европада Уйғониш даврига туртки берганлиги бугун кундай равшан. Айниқса, кончилик ва маъданшуносликдаги ноёб тадқиқот — улуғ аллома Абу Райҳон Берунийнинг «Минералогия» асари яратилиши Ғарбни ғафлат уйқусидан уйғотибгина қолмай, бир қатор мамлакатларда ер ости бойликларини ўзлаштириш, кончилик саноатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутган. Қисқача айтганда, аждодларимиз ер ости ва усти қазилма бойликларини қидириш, қазиб олиш, ишлов бериш ва фойдаланишнинг назарий қўлланмаларини яратибгина қолмай, амалиётга ҳам татбиқ этишган.
Шу хусусда сўз бораркан, илмий конференциялардан бирида «НКМК» АЖ бош директори Қувондиқ Санақулов ҳар бир халқнинг тарихи фақат урушларгина эмас, унинг меҳнат ва яратувчанлик тарихи билан бевосита боғлиқлигига эътибор қаратган эди.
— Яқинда Лотин Америкасининг икки йирик мамлакатида хизмат сафарида бўлдим, — деган эди ўшанда Қ. Санақулов. — Табиийки, ушбу мамлакатларнинг кончилик саноати тарихи билан ҳам қизиқдик. Бизга тақдим этилган маълумотлар беш юз йиллик ўтмиш билан чегараланганини кўриб ҳайрон қолдик. Ваҳоланки, археологик топилмалар ҳиндулар ҳам бу соҳада бой тарихий тажрибага эга бўлишганидан гувоҳлик беради.
Қиссадан ҳисса шуки, бизнинг кончилик соҳасидаги минг йиллик тажрибамиз ҳам мустақилликка қадар ҳиндуларники каби тарихнинг сарғайган варақлари орасига яширилган эди. Биргина мисол: Беруний бобомизнинг «Минералогия» асари ўн тўртинчи асрдаёқ Европа мамлакатлари халқлари тилига ўгирилган бўлсада, орадан қанча асрлар ўтиб — 2019 йилда уни халқимиз ўз она тилида ўқиш имконига эга бўлди.
Бундай мисолларни эса кўплаб келтириш мумкин.
Оққан дарё оқаверади...
Маълумотларда айтилишича, Қизилқум бағрида Менделеев даврий жадвалидаги барча элементлар жамланган. Бироқ мазкур бой хомашё ресурсларидан яқин-яқинларгача фақат олтин ва урангина қазиб олинган. Оддий қум, тош ва тупроқдан ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлиги эса қизилқумликларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. Хусусан, ҳудуднинг ойна ишлаб чиқаришдаги асосий хомашё — кварц қуми, оҳактош ва доломитга бойлиги Зарафшон шаҳрида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга йўл очди.
— Давлатимиз раҳбари вилоятимизга 2018 йилги ташрифи чоғида ойна ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бунда корхонани замонавий ускуналар билан жиҳозлаш вазифаларини қўйган эди, — дейди «Зарафшон ойна» МЧЖ таъсисчиси Баҳодир Юсупов. — Шу асосда 250 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиб, Германия, Франция ва Италия давлатларидан энг сўнгги авлод ускуналар келтирилди. Натижада хомашё қазиб олишдан тортиб тайёр маҳсулот ҳолига келтиришгача бўлган цикл ўзлаштирилиб, «М0», «М1» русумдаги ойналар ишлаб чиқарилмоқда. Айтиш жоизки, ушбу русумдаги маҳсулотни ҳамма завод ҳам ишлаб чиқара олмайди. Улар саноқли ва бу сафда борлигимиз бизга фахр бағишлайди. Маҳсулотимиз сифатига яна бир далил шуки, қувват йилига 12 миллион метр квадрат бўлгани ҳолда Европа мамлакатларидан 18 миллион метр квадратга талабгор бор. Лекин биз ички бозор талабидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарган маҳсулотимизнинг 50 фоизини импорт ўрнини босишга йўналтирмоқчимиз.
Корхонада шиша ишлаб чиқариш жараёни — эритиш, қолиплаш, совитиш технологик линияларига ўрнатилган назорат ҳамда бошқарув тизими тўлиқ автоматлаштирилган. Шунга қарамасдан унинг кон ва цехларидан 700 нафар зарафшонлик ўз иш ўринларига эга бўлишди.
Иқтисодиётдаги шу каби дифференциал ёндашувлар туфайли вилоятдаги йирик корхоналар билан кичик бизнес субъектлари ўртасидаги кооперация алоқалари мустаҳкамланиб, тадбиркорлик субъектлари сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Натижада кичик бизнес субъектлари сони 2017 йилдагига нисбатан 3 баробар ошиб, бугунги кунда 27047 тани ташкил этмоқда.
«Яшил» иқтисодиётга кенг йўл
Бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳажмида навоийликлар 16,4 фоизлик улушга эга. Цементнинг 15,3 фоизи, кимё саноати маҳсулотларининг 20 фоизи, электр энергиясининг 13,3 фоизи айнан Навоий вилоятидаги йирик саноат қувватларидан хориж ва маҳаллий истеъмолчиларга тарқатилади.
Сўнгги беш йилда «Навоий кон-металлургия комбинати», «Навоийазот», «Қизилқумцемент», «Навоий иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамиятлари, «Навоийуран» ДК, «Akfa Extrusions» МЧЖ каби йирик саноат қувватлари ёнига «Навпромлитмаш», «Гидро станко сервис», «Зарафшон ойна», Карманада фотоэлектр, Томдида шамол электр станциялари каби ўнлаб йирик корхоналар қўшилиб, олис-яқин ҳудудларда ноанъанавий ишлаб чиқаришлар йўлга қўйилди. Уларда йилига умумий қиймати 124,3 триллион сўмдан зиёд саноат маҳсулотлари тайёрланмоқда.
Шулардан бири — Томди туманида ўтган йил охирида ишга туширилган шамол электр станциясининг иккинчи навбати вилоятда «йил қурилиши» дея эътироф этилди. Ушбу станция 2023 йилнинг декабрь ойида ишга туширилган дастлабки 100 МВтлик қуввати ёрдамида ўтган йили 32 миллион кВт-соатга яқин электр энергияси ишлаб чиқарди. Бу қарийб 156 минг хонадоннинг бир ойлик электр энергияси истеъмолига тенг демакдир. Самарадорлигига келсак, 9,4 миллион кубометр газ тежалишига эришилиб, атмосферага 13 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинди.
Станциянинг иккинчи босқичини бунёд этиш ишлари мисли кўрилмаган қисқа муддатда амалга оширилди. Хитойнинг «Goldwind» компаниясида ишлаб чиқарилган ҳар бири 4,7 МВт қувват, 97 метр баландликка эга турбиналар, 77 метрлик шамол парракларини ташиб келтиришнинг ўзи анчагина мураккаб жараёнлигини инобатга олсак, унинг алоҳида эътироф этилишида муболаға йўқ. Натижада ўтган йилнинг 13 декабрида ҳар бирининг қуввати 4,7 МВтдан (умумий қуввати 500 МВт) бўлган 111 та шамол турбинаси оҳиста айланиб, мамлакат энергия тармоғи яна қўшимча 400 МВт қувватни ола бошлади.
— Лойиҳани тўлиқ ишга тушириш натижасида 1752 миллион кВт-соат ёки қарийб 730 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг «яшил» энергия ишлаб чиқарилмоқда, — дейди Томди тумани ҳокимининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Сардор Эшназаров. — Бу мамлакатимиз иқтисодиётига 531 миллион кубометр табиий газни тежаш, 736 минг тонна зарарли моддалар атмосферага чиқарилишининг олдини олиш имкониятини тақдим этди.
Инсон капиталига сармоя
Аёнки, тараққиёт тарихи унинг уч омилга боғлиқлигини кўрсатади. Яъни ҳар қандай мамлакатда ишчи кучи ва табиий ресурслар ривожланишнинг 40 фоизга яқинини таъминласа, қолган олтмиш фоизи бевосита интеллектуал салоҳиятга боғлиқ. Шубҳасиз, иқтисодий ўсишдаги барқарорлик аҳоли фаровонлигининг ошиши ва ҳудудларда ижтимоий инфратузилма равнақига имкон яратади.
Бугун вилоятнинг қайси ҳудудига йўл олманг, албатта, катта-кичик бунёдкорлик ва қурилиш жараёнларининг устидан чиқасиз. Хусусан, сўнгги йилларда ҳудудда 327 та умумтаълим мактаби, 154 та мактабгача таълим ташкилоти, 173 та соғлиқни сақлаш объекти, 27 та спорт комплекси янгидан қурилиб ва капитал реконструкциядан чиқарилганлиги, 293 та кўп қаватли уй-жой қад ростлаб, 17 904 та оила ўз яшаш шароитини яхшилаганлиги фикримизнинг яққол тасдиғи. Натижада вилоят бўйича мактабгача таълим муассасалари сони 11 баробарга ортиб, уларнинг қамраб олиш кўрсаткичи 34 фоиздан 85 фоизга етказилди. Умумий ўрта таълимда 2023/2024 ўқув йилида вилоятдаги 365 та мактабни тугаллаган 11 минг 662 йигит-қизнинг 8 минг 223 нафари (70,6 фоиз) олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди. Бу республикадаги энг юқори кўрсаткич.
— Таълим соҳасига юксак эътибор бу ютуқларнинг муҳим омили ҳисобланади, — дейди вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова, — Хусусан, вилоятимизда Қоракўл халқаро математика мактаб-интернати филиали ҳамда Беруний номидаги давлат-хусусий шериклик мактабининг ташкил этилиши, педагоглар меҳнатининг муносиб рағбатлантирилиши соҳада соғлом рақобат муҳитини яратди. Бу нафақат марказ, балки олис ҳудудларда ҳам ўз самарасини бермоқда. Чунончи, Хатирчи туманининг Тамабахрин маҳалласидаги мактаб ўзининг олий таълимга ўқувчиларни тайёрлаш тажрибаси билан машҳур бўлиб, бу ерда битирувчиларнинг 90 — 95 фоизи олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинмоқда. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2019 йилдаги ташрифи чоғидаги топшириғига асосан Томди туманида чет тилларини бепул ўргатишга ихтисослаштирилган Томди тил марказининг йўлга қўйилиши туфайли олис ҳудуд ёшлари хорижий тилларни бепул ўрганиш имконига эга бўлди.
Президентимизнинг 2024 йил 12 декабрдаги «Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан ҳудудда мустаҳкам кадрлар захирасини яратиш борасида белгиланган вазифалар таълим соҳасида мутлақо янги саҳифа очди. Қарорга кўра Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Навоий давлат университетида вилоятда эҳтиёж юқори бўлган иқтисодиёт, бизнес ва туризм, инвестицияларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, логистика каби йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилишини инобатга олиб, дарс машғулотларига хориждан малакали мутахассисларни жалб этиш, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Хитойнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етакчи университетлари билан Навоий давлат университетида қўшма таълим дастурларини ташкил қилиш белгиланган.
— Шунингдек, қарорда вилоят марказидан олисда жойлашган Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларидаги қарийб 150 минг аҳолининг ўзига яқин ҳудудда олий таълим олиши учун шароит яратиш, ўқитиш ва ишлаб чиқариш жараёнларининг узвийлигини таъминлаш мақсадида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Зарафшон факультетларини, шунингдек, Навоий шаҳрида 10 та йўналишда таълим берувчи замонавий Шарқ университети нодавлат олий таълим ташкилотини очиш бўйича таклифларни ўрнатилган тартибда кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилиш вазифалари белгиланган, — дейди Фанлар академияси Навоий вилояти бўлими раиси Абдураззоқ Мирзаев. — Ушбу вазифалар ижроси кончилик ишлари илмий асосда тараққий этишига, соҳада рақамлаштиришнинг ривожланишига кучли туртки бериши, шубҳасиз.
Ҳаётбахш лойиҳалар — ҳар биримизнинг ҳаётимизда
Биз бугун мамлакатимиз саноатининг драйвери — Навоий вилояти мисолида кончилик тарихи ҳамда унинг бугунги энергетик инфратизимини замон талаби призмасидан ўтказдик. Ҳақиқатан ҳам, бугунги глобаллашув шиддати ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали ташқи бозор географиясини кенгайтиришни талаб этмоқда. Мамлакатимиз раҳбари Навоий вилоятига ўтган йили амалга оширган ташрифида бу борада ҳудуднинг имкониятларини баҳолаб, улардан фойдаланиш бугунги кун талабига жавоб бермаслигини таъкидлади. Ҳар бир имкониятдан самарали фойдаланишнинг устувор вазифаларини белгилаб берди. Улар юқорида айтиб ўтилган Президент қарорида ўз ифодасини топган.
— Ўттиз олти банддан иборат ушбу қарорда Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш, тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш, инвестицияларни жалб қилиш, ҳар бир туман ва шаҳарни ихтисослаштирилганлигидан келиб чиқиб ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ва турмуш даражасини янада яхшилашнинг устувор вазифалари белгилаб берилган, — дейди халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Нормурод Исоқов. — Ҳар бир банддаги вазифаларнинг ижроси бўйича масъуллар, манба ва кутилаётган самаралар аниқ ифодасини топган.
Қарорда ҳудуднинг бой қадимий мероси ва табиий иқлим шароитидан самарали фойдаланган ҳолда қўшимча қиймат ва иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Туризм қўмитаси ва Навоий вилояти ҳокимлиги Айдаркўл сув ҳавзаси атрофидаги 150 гектар ҳудудда «Ўзмиллийбанк» АЖ билан биргаликда нуфузли лойиҳа компаниялари иштирокида мастер-режа ишлаб чиққан ҳолда 2025-2026 йилларда ойига 10 минг нафаргача хорижий ва маҳаллий сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган меҳмонхона, дам олиш ва кўнгилочар масканлар барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. 200 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, Нурота туманининг Центоб ва Чуя, Хатирчи туманининг Лангар ва Ангидон қишлоқларини туризм қишлоқлари сифатида ривожлантириб, бу ерларда 2025 йилда 50 та янги оилавий меҳмон уйи ташкил этиш кўзда тутилган. 500 минг нафар маҳаллий, 80 минг нафар хорижий сайёҳларни жалб қилиш чораларини кўриш, Зарафшон шаҳридаги Марварид кўли атрофида «Асакабанк» АТБ билан биргаликда хорижий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган мастер-режа асосида дор йўли, сузиш ҳавзаси, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этиб, тадбиркорларга тайёр ҳолатда лотларга бўлган ҳолда лизингга бериш ва 1000 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш вазифалари белгиланган. Бу билан Қизилқум ва тоғолди ҳудудларига ҳам янги хизмат кўрсатиш соҳасининг кириб боришига йўл очилади.
Айни чоғда туризм йўналишида анъанавий сайёҳлик масканларининг мамлакатимиз туризм йўналишларига интеграция қилинишининг қарорда ўз аксини топганлиги ҳудудда туризм оқимининг ошишига чинакам шиддат беради. Хусусан, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари билан бирга шу йил 1 июлга қадар Нурота туманидаги «Чашма» зиёратгоҳини Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Бухоро вилоятидаги «Етти пир» зиёратгоҳлари билан боғлаган ҳолда «Туризм ҳалқаси» дастурини ишлаб чиқиш тадбирлари ҳамда Мурунтов кони атрофида ва шамол электр станциялари жойлаштирилган ҳудудда саноат туризми йўналишидаги лойиҳаларни ишга тушириш тўғрисидаги таклифларга розилик берилганлиги ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириб, бу йўналишда хориж тажрибаси оммалашишига замин яратади.
Ўзига қайтаётган Навоий
Мамлакатимиз раҳбари ўз ташрифида Навоий вилоятида 2025 йилни «Алишер Навоий йили» деб аташ, улуғ мутафаккир шоир асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний Қояларнинг ижроси ҳудудда таъминланишига эришиш, шу йўлда кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш таклифини илгари сурди.
Шу муносабат билан «Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодий меросини юртимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Навоий вилоятида «Алишер Навоий йили»ни юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Унга асосан 8-9 февраль кунлари мутафаккир шоир таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» анъанавий ИВ халқаро симпозиуми ва навоийхонлик тадбирлари юқори савияда ўтказилиб, Ҳазратнинг муаззам ҳайкали пойи чет эллик ҳамда юртимизнинг таниқли навоийшунос олимлари, ёзувчи ва шоирлар, жамоат арбоблари томонидан гулларга бурканди.
Чинданда, вилоятимизнинг Навоий номи билан аталиши юксак шараф эканлиги билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидаёқ ҳазрат Навоий ижоди ва фаолиятини ўрганишда бошқаларга навоийликлар ўрнак бўлиши зарурлигини уқтирган мамлакатимиз раҳбари ўз қарорида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Навоий вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ ҳолда сўлим боғ ва хиёбонлар, яшил ҳудудлар ташкил қилиш, Навоий шаҳрида барпо этилаётган «Янги Ўзбекистон» боғида улуғ шоир ҳайкали ва «Хамса» достонлари мавзуидаги рамзий дарвозаларни ўрнатиш ҳамда мемориал музей очиш чораларини кўриш вазифаси қўйилган. Ҳар йили алоҳида режа асосида ижодий кечалар, танловлар, китоблар нашри ва тақдимоти, илмий-адабий анжуманлар ўтказиш, бу тадбирларга талабалар, ёш ижодкорлар ва иқтидорли ўқувчиларни жалб қилиш, уларни муносиб рағбатлантириш орқали Навоий вилояти тажрибасини оммалаштириш айтилган. Булар ижроси барчамизга улкан масъулият юклаб, Ҳазрат ўз ижодида тараннум этган «Халқ ғами»ни ўз фаолиятида устувор тутмоқ ғояларига ҳамоҳангдир.
Таъкидланганидек, ушбу мақолада ҳудуд тараққиётига туртки берган ҳодиса — кончилик саноатининг ўтмиш ва бугунги кун воқелигидаги бир қисми ва унинг атрофидаги эврилишларгагина тўхталдик. Ҳатто, кончиликнинг «НКМК», «Навоий уран», кимё саноатининг «Навоиязот», қурилиш материаллари тармоғининг «Қизиқумцемент», энергетиканинг «Навоий иссиқлик электр станцияси» каби корхоналарида амалга оширилган миллиард-миллиард долларлик инвестициявий лойиҳаларга тўхталмадик. Нафақат вилоят, балки мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутаётган «Навоий» эркин иқтисодий зонаси, Навоий логистика маркази, йўл қурилиши, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги ислоҳотлар, аҳолининг бугунги кундан розилиги ва эртанги кунга мустаҳкам ишончи алоҳида мавзу. Асосийси, бу ишонч улкан марралар сари қанот бўлмоқда.
Темур ЭШБОЕВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг